Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Жосус ови

2114

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм)

3-боб

Мамадали Белостокдан йўлга чиққанда аста томчилаётган ёмғир бирдан кучайиб жалага айланди. Шаҳардан чиқиб кенг буғдой далаларини иккига бўлган йўлга етганида юриш оғирлашди. Мотори гуриллаб, зўриққан полуторка лойга ботиб, ғилдираги бир жойда айланаверди. Ёмғир тиниши ёки бирор машина ўтиб қолишини кутишга қарор қилинди. 

Жала кабина томини аёвсиз савалар, тик ойнасидан қуйига ирмоқ бўлиб шошарди. Рул чамбарагини қўшқўллаб тутганича унга иягини тираган Мамадали ирмоқларни кузатиб беғубор жилмайди. У бу ерларнинг ёмғирли кунларини ёқтирарди. Улкан мамлакатнинг энг ғарбий шаҳарлари бўлмиш Ломжа ва Белостокнинг ёмғирли кунлари ўзгача эди. Булут сувларига ювинган дарахтлару барра ўтли ям-яшил ўтлоқзорлар, яна тўлиб-тошган Нарев бир юмалаб бошқача бўлиб қолгандек кўринарди кўзларига. Атроф-жавониб қандайдир пардага ўрангандек, осмон ҳам пасайиб қолгандек туюлади. Айниқса, Ломжани олисдан, Наревнинг солланиб оқаётган қуйи оқимидан қаралганда шаҳар булутларга етиб қолдимикин, деган ўйга борганди. Ҳазиллашиб қўл кўтарса, чиндан булутларга етадигандек. 

Жала қандай бошланган бўлса, шундай бирдан тўхтади. Булутлар тарқаб қуёшнинг юзи кўринди – кўк тиниқ тортди. Қаёққадир ғойиб бўлган қушларнинг шўх чуғур-чуғурлари эшитилди. Мамадали кабинадан тушиб ботиб қолган ғилдиракни кўздан кечирди. Бўш тупроқ яхшигина бўтана лой бўлган, ғилдирак ярмигача ботганди. Мамадали яна уриниб кўрмоқчи бўлиб кабинага чиқди. Ўт олдирди. Машинани юргизмоқчи бўлди. Мотор гуриллади, ғилдирак лой ирғитиб айланди-ю, чиқиб кета олмади. Газ педалини боса-боса Мамадалининг ҳафсаласи пир бўлди. Кабинадан тушди, эшикни қарсиллатиб ёпди кузовнинг остию ёғоч девори лой бўлиб кетганди. Мамадали қўлларини белига тираб ён-атрофига қаради. На бир одам, на бирор машина кўринарди. У лой йўлдан у ёқ-бу ёққа бориб келди. Вақт имиллаб ўтаётгандек туюларди энди. Тақдирга тан бериб яна кабинага чиқди. Рул чамбарагини қучоқлаб унга пешонасини қўйди. Шу алпозда қанча ўтирганини билмади. Қаердадир олисда одамларнинг қисқа-қисқа гаплашаётганлари қулоғига чалинди. У сергак тортиб бошини кўтарди, овоз келган томонни чамалаб қаради. Кабинадан узоқ-узоқларга ясланган ва шамолда бир текис мавжланаётган буғдойзор кафтдек кўринарди. Шунда у дала ўртасида икки кишининг шоша-пиша кетаётганларини пайқади. Яхшилаб разм солди, улар ҳарбийлар бўлиб, бироқ кийимлари бошқача эди. Кутилмаганда Мамадалининг миясига яшиндек ўй урилди: “душманлар!”. У эшикни аста очиб ерга сакради. Ўзини буғдойзорга урди. Унинг кўнглидан турфа ўй-хаёллар ўтарди. “Немисларга ўхшайди... Нима қилишяпти улар?! Ломжа ёки Белосток атрофларида оёқлари ....... ИДҚА тасарруфига ўтганига бир йилдан ошган бўлса...”

Ломжа ва Белостокда мана бир йилдирки НКВД немис жосусларини қўлга туширади. Ҳар икки шаҳар чегара усти бўлганидан жосусларнинг кети узилмайди, чекистлар “жосус ови”дан чарчамайди. 

Мамадали уларга анча яқинлашди. Немисларнинг ортида бўлганидан уни сезишмади. Улар яшил ниқобли кийимда бўлиб, елкаларида юк халта осганларича шоша-пиша кетишарди. Энди энкайиб улардан кўз узмай тез-тез қадам ташларкан, Мамадалининг мияси равон ишларди. “Эҳтимол, яқин атрофдаги ўрмонга десант ташлангандир булар! – ўй ўтди кўнглидан. – Парашютларни яширишгану жўнашган. Бу кийимда узоқ юришмайди, бу аниқ! Қаердадир кийим алмаштиришади. Ўшанда жосуслигига ишониш мумкин...”

Буғдойзор тугаб, қалин буталар, яккам-дуккам қарағайлар ўсган сайхонлик бошланди. Немислар шу ерда оёқ илишиб, юк халталарини бирин-кетин ташлашди. Устларидаги ниқоб-кийимни, ҳарбий кийимларини чаққонлик билан еча бошлашди. Буғдойзор ичида яширинганича уларни кузатаркан, Мамадали бу йигитларни махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар эканига шубҳаси қолмади. Улар тез ва аниқ, ўзига хос ишонч билан ҳаракат қилишарди. 

– Қуролларни шу ерда қолдирамиз! – деди бўйи баландроғи. 

– Хўп! – деди иккинчиси.

Уларнинг немис жосуслари эканига қатъий ишонди. Қолаверса, махсус хизмат – Абвернинг ҳарбийлари! Бу ҳақда қисмда политрук бир-икки маъруза ҳам ўқиганди. Ўшанда жосусларга дуч келасан, дейишганида Мамадали ишонмаган бўларди. Мана, уларнинг ортидан тушиб турибди... Баланд бўйли, бақувват немис ҳарбийлари билан олишиш жуда қийин. Аксига олиб қуроли ҳам йўқ. Нима қилса бўлади? Режа тузиш, ҳийла қўллаш керак. Мамадалининг мияси янада тез ишларди. Хаёлида турфа режалар тузиларди. 

Немислар дарҳол кийим-бошларини алмаштириб бўлишди. Бошда кепка, итёқа кўйлак устидан пиджак, қўнжи тиззага етган этиклар... Олифта рус, поляк ёки белорус йигитлари, деб ўйлайди кўрганлар.

– Кетдик! – деди яна ўша баланд бўйли немис.

Мамадали ўша немиснинг зобит ёки икки кишилик гуруҳнинг бошлиғи эканини фаҳмлади. Немислар кийимларини халталарга яшириб йўлда давом этишди. Мамадали аста буғдойзордан чиқиб, уларнинг ортидан эргашди.

Кеч кириб борар, қуёш ботса Мамадали немисларни кўздан қочириши мумкин. Энди тезроқ чора кўриши – ишни ҳал қилиши керак. Буёғига таваккал қилишни лозим топди. 

Немислар катта йўлга чиққанларида Мамадали югурганича уларга етиб олди. Улар сезмай қолишди. Мамадали ёшроғининг елкасига аста нуқиб қўйди. Немис ортига ўгирилганда Мамадали зарба берди. Унинг мушти оғир эди – немис қулади. Энди Мамадалининг қаршисида баланд бўйли немис, аслида Абвер зобити турарди. Унинг кўзлари қонга тўлди. Ишни тез ҳал қилиш ва ортиқча шовқин солмаслик учун этиги қўнжига тиқилган ҳарбийча пичоғини олди. Қўлини энди кўратганда Мамадали чаққонлик қилди – олдинга бирдан сапчиб мушт қўйди. Немис буни кутмаганди, мувозанатини йўқотиб чайқалди. Мамадали яна мушт туширди. Немиснинг кўз олди қоронғилашди, ўзига келиб улгурмай Мамадали унинг бўйнидан қисиб олди. Хуши тўлиқ қайтмаган немис тўлғонар, бироқ рақибининг чайир ва кучли қўлидан қутулолмасди. Исканжага солинганидан хириллади. Мамадали қўлини бўшатишни хаёлига келтирмасди...

***

Яна ёмғир шиваларди. Тун қуюқ.

Қўллари боғланган немис баланд қарағайга суянганича ўтирар, қаршисида эса Мамадали ўйга берилганди. Қаёққа борсин? Ломжагами ёки Белостокками? Бундай об-ҳавода йўлини йўқотиб қўйса нима қилади? Йўл ўртасида қолган полуторка-чи?.. Кимдир русчада қўшиқ хиргойи қила бошлади-ю, уни ўйларидан юлқиб олди. Ажабланиб ён-верига қаради. Қоронғида ҳеч ким кўринмасди. Бундай овлоқ ерларда, бунинг устига ёмғирда ким қўшиқ куйлаши мумкин?!.. Ён-атрофига аланглаётганида кўзлари немисга тушди-ю, таажжубланди. Немис русча қўшиқ куйларди:

Уж, ты матушка наша Россия!

Мать Российская наши земля!

Много много нужды – горя перенесла,

Много много крови она пролила,

Себе сына она родила,

Краснощекова она казала,

Полковничком его назвала,

По-купецки его она убрала,

Да к пруссу в гости его послала.

Пруссак его не спознал,

Купчиком его называл, за угранный стол его сажал,

Бокал пива ему наливал,

Да расспрашивал, выпитать его...

– Русмисан?! – ҳайрати сўнмаган Мамадали сўради. 

– Ҳа, русман.

– Нега унда Германияга хизмат қиляпсан?

– Мен Германияга эмас, Россияга хизмат қиляпман! – дона-дона қилиб деди “немис”. – Сиз буни тушуна олмайсиз!

Чиндан Мамадали унинг иддаосига тушунмади. Немисларнинг ҳарбий кийимида. Немисча гапирганини ўз қулоғи билан эшитди. Бирор нарсани яширмоқчими? Алдоқчими?..

– Немисга қанчага сотилдинг? – унга нафрат билан тикилди Мамадали.

– Томиримда сотқин қони оқмайди! – ғазаб билан гапирди “немис”. – Ота-боболарим империя хизматидаги зобитлар бўлишган! Улар Россия учун жанг қилишган! Асло мени аждодларимни қонини сотқин дейишга ҳаққинг йўқ! Ҳаққинг йўқ! Ота-боболарим Дон казакларидан бўлишган. Отам подшоҳ қўшинлари генерали Данилевский эди. Большевиклар ҳукуматга келиб отамни, ор-номусли ҳарбийни хўрлаб, ғурурини топтаб ўлдиришди. Акамни Сибирга сургун қилишди!..

“Немис”нинг асл исми шарифи Александр Данилевский бўлиб, ўзи айтмоқчи – генерал Данилевскийнинг кенжа ўғли эди. Отасини большевиклар отиб ташлаганида, у ўн етти ёшли йигит эди. Йигирма бирга кирган акаси ва ўн тўққиз баҳорни ҳатлаган опаси Сибирнинг овлоқ музофотларидан бирига бадарға қилинди. Сашанинг омади бор экан, қочиб қутулди. Большевиклардан ҳар нарсани кутса бўлади. Императорнинг норасидаларининг қонини оқизганлар Сашага раҳм-шафқат кўрсатишига ишонишмасди. Сашанинг оиласини олиб кетишгач, унинг амакиси ватанда қолиш хавфли эканини англади. Фурсатни бой бермай оиласини, Сашани ҳам олиб хорижга ўтиб кетишга улгурди. Ака-ука Данилевскийлар Баден-Баденга авваллари дам олгани боришар, мўъжазроқ ҳовли ҳам сотиб олишганди. 1918 йилнинг кузида катта Данилевский энди юртига қайтмас муҳожир бўлиб келди. Европанинг кўп шаҳарларида, хусусан Баден-Баденда оқсуяк рус муҳожирлари кўп эди. Катта Данилевский улар билан учрашиб турарди. Ана шу муҳожирлар орасидаги Саша Данилевский большевикларга қарши юрагида нафрат билан улғайди. 

1936 йилда Алексадр Данилевский Германияга ўқишга жўнади. Шу ерда немис махсус хизматлари назарига тушди, кўп чиғириқларидан ўтиб Абвернинг қўпорувчилик мактабида сўнгги таҳсилни олди. 

Данилевскийнинг сўзлари ҳар қанча ишончли чиқмасин, Мамадали унга ишонмади. У буни туғилиб ўсган юртига хоинлик деб билар, Данилевскийга ўхшаганларнинг – уларнинг ҳар қанча ҳақиқати бўлмасин – кечира олмасди. У Данилевскийга ижирғаниб қаради, уни ортиқ тинглашни хоҳламади.

– Бу ишингни битта номи бор – хиёнат! – деди Мамадали.

– Оғзингга қараб гапир! – тиззалаб олди Данилевский. – Ватанимга хиёнат қилганлар большевиклар! Буюк Россияни хонавайрон қилган йўқсиллар, ялангоёқлар! Сен аслида уларнинг хизматкорисан! Уларнинг қўғирчоғисан!..

– Яна бир оғиз гапирсанг... – ғазаб ва нафрати авжланган Мамадали давом этолмади. – Ўрнингдан тур! – деди ниҳоят ўзини босиб олгач. – Олдимга туш! 

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафур
 

https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Казбек. Осиё арслони»: Пахомичнинг вафоти

1064 21:35 31.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Тунда немис ўрмонга кирмайди

1145 21:10 30.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: черковдаги отишма

1239 21:10 29.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Душманга тузоқ қўйилади

1097 21:10 28.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: 17 июль

1099 21:10 27.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Ботқоқлик чангалида

954 21:10 26.05.2022
« Орқага