Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Лазарь Моисеевичнинг тазарруси

1428

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

Сиртдан қаралса, немислар ишғол этган шаҳарларда ҳеч нарса ўзгармагандек.
Ўша ҳаёт, ўша турмуш тарзи давом этаётгандек. Кўчаларда оддий одамлар кўринади. Бир-икки машина, айниқса, Шўролардан ўлжа қолган полуторкалар қатнайди...

Аслида, бу шаҳарларда қўрқув, ишончсизлик, ҳар шарпадан ҳадиксирашдан омухталашган асабий муҳит ҳукмрон. Таранглашган биқиқ бу муҳитни баъзи-баъзида куппа-кундузи, кўчада ўз ташвишида уйгами, бозоргами кетаётган кишининг пешонасига немис зобити ёки аскарининг тўппонча тирашию тепкини босиб юбориши бузиб юборади. Шу билан одамларнинг юрагида қўрқув қуюқлашади, кўчалар бир муддат сийраклашиб олади. Ҳувиллаётган, мудраётган кўчалар, далаларнинг тинчини қайсидир хонадонга бостириб кирган немисларнинг овозию итларнинг ғазабнок акиллашлари бузади. Болалар чириллайди, аёллар йиғлайди, яна ўқ овози...

Могилёвда ҳам шундай муҳит ҳукмрон эди. Бошида кенг сербар қалпоқ, эгнида оқ кўйлак устидан пиджак кийган, оёғида қунжи баланд этик Сметянкин у ёқ-бу ёққа қараб, бегона назардан ҳоли эканлигига ишонгач, ундан ишора кутиб турган Мамадалига “кетдик!” деган маънода бош ирғади. Сметянкинга ўхшаб кийинган Мамадали кўринишидан кўча безорилари ёки пивохоналар атрофида ўралашиб юрадиган “берсанг ейман, урсанг ўламан” деган бекорчиларни эслатади. Бир қарашда улар немис аскарлари ёки полицайлари эътиборини тортмаслиги мумкин. Сметянкиннинг хавотири эса Мамадалидан. Унинг чиройи, юзининг шакл-шамойили славянлар ёки яҳудийларникига ўхшамайди. Немислар сезмаганда ҳам ерликлардан полицайликка ёлланганлар бемалол фарқлайди. Шунинг учун Сметянкин кеч киришини кутмоқчи эди. Мамадали қўймади: “чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди” деган гап бор бизда, командир! Мендан хавотир олманг. Мабодо полицай ёки немис қаршимдан чиқса, сиз кетаверинг, ўзим амаллайман. Катта тажрибам бор, биласиз...” Сметянкин унинг қатъияти қаршисида чекинди ва таклифга рози бўлди.

Шаҳарнинг катта кўчаларида одамлар кўриниб турса, эски, путур етган, девори шувалган уйлар қаторлашган даҳаларнинг кўчалари соявур; одамлар кўчиб кетганми, деган хаёлга боради одам. Сметянкиннинг кўнгли нохушланиб, тез-тез одим отганича таниш кўчадан кетиб борарди. Бир муддат юришиб, икки қаватли, юқори қавати “П” шаклида айвонли уйнинг ёғоч зинасидан шошганича кўтарилди. Бўёқлари ўчган эшик қаршисида тўхтаб қолди. ҳаяжонланганиданми ёки аллақандай тушуниксиз нафас олганиданми, эшикни тақиллатишга журъати етмади. Мамадали сабрсизланар, кўпчиликнинг назарида тушадиган жойда эканликларидан хавотирга тушарди. Ниҳоят, Сметянкин ўзидаги ҳадик аралаш ҳаяжонни енгиб, эшикни аста чертди. Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Сметянкиннинг юрагидаги ҳадик қўрқувга алмашди. Эшикнинг тутқичидан ушлаб итарди. Очилмади. Бу сафар қаттиқроқ тақиллатмоқчи бўлганида қўшни эшик очилдида озғин қариянинг захил, қўрқув кўланка ташлаган юзи кўринди.

– Лёша, сенмисан?

Сметянкин қўшнисини таниди.

– Лазарь тоға, менман!

– Бу ёққа кир, у ерда турма!

Сметянкин Мамадалига қараб қўйди ва қўшнисининг уйига шошди. Уни қўрқув тўла мавҳумлик безовталаганди. Сметянкин ва Мамадали уйга киришгач, Лазарь тоға эшикни ичкаридан қулфлади.

– Тирик экансан, Лёша! – Лазарь тоға кетма-кет чўқинди. – Биз сени ўлдига чиқариб ўтирибмиз. Ҳарбий қисминг қуршовга тушгани, қириб ташланганини ҳамма биларди. 

– Омонман, Лазарь тоға... Люба қани? Саша қаерда? Нега уйимнинг эшиги берк?!

Лазарь тоға жавоб беролмай оёқлари омонат, қўл теккизса ҳам ғижирлайдиган курсига мажолсиз ўтирди. Шўрлик қарияга боқаркан Сметянкиннинг энди ундаги ўзгаришларни сезди. Доим силлиқ тараладиган сочлар ўсиб тўзғиган ва юпқа қулоқларни ёпган. Аввал оқлари сезилмасди, энди эса буткул оқарган. Қирра бурнини шўр босган, юпқа пўст ташлаган, юзи оқариб чўтирлашгандек, соқоли ҳам анчадан бери устара кўрмаган. Эгни ҳароб, бир аҳволда, аллақандай бадбўй ҳид димоқни беҳузур қилади. Сметянкиннинг юраги эзилди, кўнгли бузилди.

– Люба... йўқ энди, – Лазарь тоғанинг қон қочган лабларидан заиф ун учди.

– Нега йўқ?! Қаерга кетди? – ҳеч нарсага тушунмаган Сметянкин қарияни қайта саволга тутди.

Лазарь тоға яна чўқинди.

– Ўлди...Биргина сўзнинг даҳшати Сметянкинга бир муддат ўтиб англашилди-ю кутилмаган зарбага учрагандек гарангсиди.

– Ўлди?! – Сметянкиннинг аввалги шашти сўнган, ҳам ўзини йўқотиб қўйганди. – Нега ўлади, Лазарь тоға?

– Шаҳарда яҳудийларни рўйхат қилишган экан. Кимдир Любанинг яҳудийлигини айтиб қўйган. Ким ҳам айтарди, ўзимиздан чиққан, немис қаёқдан ҳам биларди. Куппа-кундузи полицайлар уйингга бостириб киришди. Люба хамир қораётган экан, билаклар ун... оппоқ. Бечоранинг кўзлари жавдирайди, ҳеч нарсага тушунмаётгани сезиларди. Биз ҳам билмадик аввал, Лёша. Кўчамиздан яна тўрт оилани олиб кетишди, бола-чақаси билан.

– Сашачи? – шошиб сўради Сметянкин.

– Сашканг йўқ эди, қўшниларникида ўйнаётган экан. Худо норасидани асради!

– Худога ҳамдлар бўлсин! – ҳитоб қилиб юборди Сметянкин.

– Ҳа, Худонинг карами кенг, Лёша. Люба қочмоқчи бўлганди... кўчада. Одамларнинг кўз ўнгида отиб ташлашди...

Лазарь тоға давом этолмай тўхтаб қолди. Қолганини сўзлашга на журъати етарди, на бардоши. Суҳбатга қулоқ тутган Мамадали жуда таъсирланган, кўзларига ёшлар югурган эди. Одамнинг миллатига қараб устидан ҳукм ўқиш мумкинми?! Аёл киши бўлса, яна қуролсиз... Шафқатсизликнинг, ваҳшийликнинг чеки борми?.. Сметянкиннинг овоз чиқармасликка уриниб йиғлаётгани Мамадалининг ўйларини бузди. Бундай вақт ва шароитда одам боласи чиндан ҳам ожиз, қўлидан келадиган йиғи. Кўз ёшлари тақдир ҳукми қаршисида одамнинг иложсиз қолганидан сўзлайдилар ҳам.

– Қолганлар... – Мамадали “қолган яҳудийлар” дея олмади, – нима бўлди? Улар қаерда?

– Уларни билмаймиз, йигит, – яна тилга кирди, узоқ сукут қилган Лазарь тоға. – Уларни аввал бир жойда сақлашди. Кейин қаёққадир олиб кетишди. Қаёққалиги номаълум. Шунча одам – кексалар, аёллар, болалар...

Кексалар, аёллар, болалар... Ёш, навқирон эркаклар урушадилар, уларнинг касрига эса бегоналар товон тўлайди. Бу аччиқ ҳақиқатни Мамадали чуқур англади, кўзлари билан кўриб гувоҳ бўлди.

– Сашка қаерда, Лазарь тоға? – узоқ изтиробларидан бош кўтарган Сметянкин қарияга ёлворгудек тикилди. – Фақат билмайман деманг, ўтинаман.

– Кўнглинг хотиржам бўлсин, ўғлингни қаердалигини биламан. Мактаб директори бор эди, Михаил Афанасьевич, эсингдами? Сашканг ўшаникида.

Сметянкин дарров ўрнидан турди. Лазарь тоға ҳам беихтиёр қўзғолди.

– Лазарь тоға, сизга катта раҳмат, – кўзларини артиб олиб бўғиқ овозда деди Сметянкин. – Михаил Афанасьевичникига боришим керак.

– Шошма, Лёша, шошма! – ялингандек деди Лазарь тоға. – Кундузи боришинг хавфли. Михаил Афанасьевичнинг уйининг олди полицай идораси. Кўчанинг қарама-қарши томонида, мактабда немис аскарлари яшашади.

Сметянкиннинг кўзларига на полицай идораси, на немис аскарлари кўринарди. Душман бурни остида яшаётган ўғлини кўриш ва уни тезроқ бу ерлардан олиб кетиш истаги жуда кучли эди. Унинг қатъиятини сезган Мамадали ҳам Лазарь тоғани қувватлади:

– Алексей Иванович, Лазарь тоға тўғри айтяптилар. Бу ерда гап фақат сиз ва менда эмас, бола ҳам бор ўртада. Немислар ёки полицайлар сезиб қолса ўғлингизга ҳам жабр бўлиши мумкин.

Сметянкин Мамадалининг мантиқи қувватидан бўшашди. Ўртада Сашка ҳам бор.

– Майли, кеч кирганда борамиз, – ён берди у истар-истамай.

– Яхши, Алексей Иванович.

Кўпга чўзилмаган жимлик чўкди. Сметянкинни энди бир истиҳола қийнар, аммо уни тилига чиқара олмасди. Журъати билан бир-икки курашгач, ниҳоят кўнглини тинчсизлаган сўзларни тилига чиқарди:

– Лазарь тоға, сизни нега олиб кетишмади? Сиз ҳам... яҳудийсизку?

Лазарь тоға оғир хўрсинди. Кўзларини ерга қадади.

– Фақат рўйхатни Лазарь тузиб берган деб ўйлама, Лёша.

– Йўқ... йўқ... унақа хаёлда эмасман, Лазарь тоға...

– Кўчага чиқолмай қолдим ўзим ҳам. Худди одамлар “мана шу ўзимизнинг яҳудийларни сотган!” дея тавқи-лаънат қилаётгандек кўринади. Худо ҳаққи, мен ҳеч кимни сотганим йўқ, Худо ҳаққи!

Кутилмаганда Лазарь тоға йиғлаб юборди. Сметянкиннинг хотирасида Лазарь тоға анча бошқача қиёфада сақланиб қолган, унинг ҳозирги аҳволи ўша хотираларни, қиёфаларни чилпарчин қилиб юборарди. Бир вақтлар қандай юрарди Лазарь Моисеевич Фридман. Сўнгги урфдаги қимматбаҳо кўйлак устидан райкомлар зиёфатга киядиган пиджак, унинг кўкрак чўнтагидан осилиб турган тилла соатнинг зарҳал занжир Лазарь Моисеевичнинг қиёфасидаги аллақандай улуғворликни, савлатни қуюқлаштириб турарди. Баъзида олифталардек қадам отиб қолар, баъзида кибр тўла нигоҳи бурни остидагиларни илғамай қоларди. У вақтларда Сметянкин оддий ҳарбий, Лазарь Моисеевич каби шаҳар киборлари кўзига ташланмасди, гарчи бир ҳовлида яшасалар ҳам. Ўша пайтдаги ва ҳозирги Лазарь Моисеевичлар умуман бошқа-бошқа одамлар эди, Сметянкиннинг назарида.

– Ҳамма нарсани пул билан ҳал қилса бўлади, деб ўйлардим, – кўзларини ерга қадаганича давом этди Лазарь тоға. – Ишонч, обрў, уй-жой, ҳатто бахтни ҳам. Қаршимдан чиққан душманларимнинг овозини ўчиришга даста-даста пулларни отардим! Шаҳарнинг катталари мендан ким кўпроқ ундиришга мусобақа ўйнашарди. Мен ҳам бундан роҳатланардим, завқланардим. Ҳаётим шундай кетади, деган ҳато ўйга кетиб қолган эканман. Ҳотиржамликни, ҳаловатни, яна кўп нарсаларни пулга сотиб олиб бўлмас экан. Шу ҳато ақидада яшабман... Мени ҳам рўйхатга қўшишганди, Лёша. Таниш полицай бор эди. Ўшани ишга солдим. Унга алоҳида, бу ишларнинг бошида турган немис зобитига алоҳида поралар қилдим. Рўйхатдан чиқариб юборишди. Лекин ишон, бошқаларга ёрдам қилолмадим. Ўша полицай ҳам, немис зобити ҳам ялиниб-ёлворишларимга қулоқ солмади. “Мажбуриятим бор!” – дейди немис зобити. “Фалонча яҳудийнинг рўйхатини беришим керак” дейди. Чириллаганча қолавердим... 

Лазарь тоға, икки-уч йил аввал димоғдор, ўзига бино қўйган Лазарь Моисеевич кутилмаганда ёш боладек йиғлаб юборди. Бир вақтлар кучли кўринган, ҳозир эса озғинлашган елкалари титрарди. Бир вақтлар ҳатто шаҳарнинг казо-казолари оёқлари остига гиламлар тўшаш орзусида юрган одамнинг аҳволоти ва мақомоти Сметянкин ғалати бир ҳолга қўйди, ҳам кўнгли бузилиб, унга раҳми келди. У ҳам, Мамадали ҳам сукутга кетишганди.

– Лазарь тоға... ўзингизни айбламанг... – охири кўринмайдигандек туюлган оғир сўзсизликни бузди Сметянкин кучланиб.

– Шу кунгача... шу кунгача кўзимга бир қатра ёш келмади, Лёша, – Лазарь тоғанинг синиқ овози узуқ-юлуқ суҳбатни қўзғотгандек бўлди. – Ҳаммасини кузатиб юрдим. Кўз олдимизда одамларни отишарди, ушлаб қаёққадир олиб кетишарди, бутун бошли оилалар ҳайдаларди...

Лазарь тоғанинг сўзларини тинглаётган Мамадалининг ёдига НКВД зобити ўқига учган профессор Якоб Михайлевский ва унинг ўғли, Варшава университети талабаси Роберт тушди. Урушгача НКВД оилаларни шундай қилмасмиди? Энди эса немис аскарлари. Аввал поляклар эди, бу сафар яҳудийларми? Қудрат кимнинг қўлида бўлса ўзига ёқмаганларни шу тахлит маҳв этадими? Бу йўлда ҳатто оилалар ҳам четда қолмас экан...

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафурнинг “Казбек. Осиё йўлбарси” китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Абу Ҳомид Ғаззолий: Ғаззолий яшаган даврга бир назар

37 13:55 02.07.2022

Туркия “Америка овози”ни ўчириб қўйди

228 13:40 02.07.2022

Эронда зилзила содир бўлди

96 13:20 02.07.2022

Мубашшир Аҳмад:  "Фитна тегирмонига сув қуймаслик керак!"

278 12:55 02.07.2022

Қорақалпоғистондан расмий баёнот

880 12:34 02.07.2022

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

89 12:20 02.07.2022
« Орқага