Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

888

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

Тун ярмида Михаил Афанасьевичнинг уйидан чиққан Мамадали, Сметянкин ва Сашка ҳатто кундузлари ҳам одам бўлмайдиган кўчалар билан юришиб, шаҳардан чиқиб олишди. узоқ касал бўлган Сашканинг нафақат юришга, хатто сўзлашга ҳам ҳоли йўқ эди. Сметянкин ўғлини бағрига босиб кўтариб олди. Ёғоч ўйинчоқлар солинган халта эса Мамадалини елкасида эди. У Сметянкинга “келинг, мен ҳам кўтараман, пича нафасингизни ростлайсиз”, деди. Аммо Сметянкин кўнмади. Ўғлини йўқотиб қўйишдан жуда қўрқарди.

Тор, қоп-қоронғи кўчадан ўтиб боришаркан, Мамадали туйқус Сметянкин ва мактаб директорининг хайрлашганларини эслади. 

“Лёша, энди сени кўраманми-йўқми, билмайман. Яна қанча яшашим ҳам қоронғу. Сендан илтимос, бечора устозингни худосиз, даҳрий деб хотирлама, ёлғиз ўтинчим шу. Худони унутишни талаб қилишганида Уни қалбимга яширганман. Сизларга гапирганларимни ҳаммаси ёлғон эди, уларга ишонма!..”

Нимадир тарақлади, мушукни жонҳолатда миёвлаши, қоронғу зулматнинг қай бир бўшлиғида “шайсе!” деган овоз эшитилди. Аввалига Сметянкин тўхтаб, турган жойида қотиб қолди. Мамадали ҳам ортиқ қадам босолмай, нима қилишни билмасди. Атроф-борлиқ шундай жимжит эдики, ҳатто отаси бағрида беозоргина пишиллаб ухлаётган Сашканинг нафасини ҳам эшитса бўларди. Қоронғу кўчанинг қарама-қарши томонида немисча овозлар эшитилар, улар тобора яқинлашарди ҳам. Аҳволнинг нақадар жиддий эканини Мамадали дарров англади. Немис аскарлари келишяпти, қоронғида ҳозирча кўринишмаяпти. Тез орада юзма-юз келишади. Орқага қочишса Михаил Афанасьевичнинг уйига чиқишади. У ерда эса бутун бошли немис аскарлари казармаси, чироғи ўчмаган полиция идораси. Қочиб қутулишнинг иложи йўқ у ерда. Қопқонга тушишганини Мамадали жуда яхши тушунарди.

-Алексей Иванович, гап бундай, - Мамадали паст овозда гап бошлади. – Биз томонга немис аскарлари келяпти. Камида 2 киши. Орқага қайтолмаймиз. Тузоққа тушганмиз.

Икки тош орасида ҳам сўзини йўқотавермайдиган Сметянкин бу сафар довдираб қолганди. У ўзини эмас, ўғлини ўйларди.

-Энди нима қиламиз? – ялингандек сўради у.

Сметянкинни бу аҳвол ва ҳолатда биринчи марта кўраётганидан Мамадали саросимага тушди. Аммо дарҳол ўзини қўлга олди.

-Мен немислар томон югураман...

-Эсингни едингми, Толик!?

-Бошқа йўлимиз йўқ, Алексей Иванович...

-Улар сени отиб ташлашади!..

-Отишга улгурмайди! – Мамадали ўзига ишонч билан Сметянкиннинг раддиясини бўшга чиқарди. Кутиб турасиз. Мени қувлаб кетишганда кўздан ғойиб бўласиз...

-Аҳмоқлик бу, Толик!..

-Тортишгани вақт йўқ, Алексей Иванович. Сиз билан аввалги жойда, шаҳар четидаги ташландиқ уйда кўришамиз. Сашкани эҳтиёт қилинг. Мен кетдим, Алексей Иванович!

Мамадали Сметянкиннинг елкасига аста қоқиб қўйди-да ўзини қоронғу бўшлиққа урди. Сметянкин эътироз билдириш тугул ҳатто сўз айтишга ҳам улгурмади. У қоп-қоронғу кўчага, Мамадалини ютиб юборган зулматга бақрайганича қолаверди. Бақир-чақир ва ўқ овозларидан чўчиб ўзига келди, юрагини даҳшат эгаллади. Бир муддат ҳаммаёқ жим бўлиб қолганидан вужудини муздек тер қоплади. Орадан яна вақт ўтди. Яна кетма-кет ўқлар қасирдаи. Этик товушларини эшитганидан сўнггина Сметянкиннинг қўрқуви анча ариди. Ўғлини бағрига кучлироқ босганча, Мамадалининг кўрсатмасича, кўча бошига юриб кетди. Шаҳар четидаги ўша вайрона уйда кўришишга ишончи ортиб борарди...

-Дада, анави амаки қаёқда қолди? – ёғочдан ўйиб ишланган айиқчани ўйнаётган Сашка туйқус сўраб қолди.

Ўғлининг сўзларидан Сметянкиннинг оғир хаёллари тўзғиди.

-Қайси амакини айтяпсан, ўғлим?! – ўйларидан тўлиқ ҳалос бўлолмаган Сметянкин ажабланди.

-Сиз билан Михаил Афанасьевичнинг уйига келдику, ўша амакида.

-Ҳа, у-ми... ҳозир келади, - Сметянкин Мамадалининг келишини астойдил истарди. Мамадали ўзининг ҳаётини улар – ота ва бола учун хатарга қўйганидан ўзини айбдор санар, агар унга бирор кор-ҳол бўлса, бир умр виждон азобида ўтишидан қўрқарди.

Ўша тор кўчада Мамадали нима қилганини ҳаёлида гавдалантирмоқчи бўлди. Мамадали немис аскарлари томон югурган. Немислар неча киши эди? Икки кишими? Уч кишими? Улар қаршиларидан кимдир чиқишини кутишмаган. Ҳаммаёқ қоронғу эдику. Балки Мамадали уларга зарбалар бергандир. Неча марта ўқ узилди?.. Икки марта. Ўртада танаффус билан. Кейин оёқ товушлари эшитилди. Бундан чиқди, Мамадалига ўқ тегмаган. Қочишга улгурган. Немислар унинг ортидан қувишган – югурганда этиклар шундай товуш чиқаради. Мамадалининг тирик бўлиш эҳтимоли Сметянкиннинг хавотирларини анча юмшатди. Мамадали ҳаётини хавфга қўйиб, ота ва болага йўл очди. Агар унинг ўрнида сметянкин бўлганида шундай қила олармиди? Бунга жавоб беришга қийналган сметянкин ўйланиб қолди. 

“Сендан бир умр миннатдорман, Толик! – Сметянкиннинг кўнглидан ўй ўтди. – Туғишган иним ҳам бундай қилолмасди...”

-Дада, нега ўша амаки бизга ўхшамайди? Сашканинг овози яна Сметянкиннинг ўйларини чувалаштириб юборди.

-Нега ундай деяпсан?

-Ранги, кўзлари бизга ўхшамайдида.

-У ўзбек, болам.

-Ўзбек?! Ўзбек дегани ким, дада? 

-Ўзбек дегани, болам...- Сметянкиннинг кўз олдида Мамадали гавдаланди, - қўрқмас, жасур, довюрак халқ. Ҳеч нарсадан қўрқмайди...

-Уч бошли аждарҳодан ҳамми?

-Аждарҳодан ҳам, болам. Ўзбеклар ишончли дўст, содиқ ҳамроҳ, доим ёрдамга тайёр инсонлар...

Сметянкин Мамадали қиёфасида бутун бошли халқни кўрар, сўзларига заррача шубҳа қилмасди. Гапираркан, беихтиёр кўзлари ёшланганини сезиб қолди. Мана шундай йигитни тарбиялаган халққа ҳурмати ортди. 

Анча наридаоёқ товушлари эшитилиб, Сметянкин сергак тортди. Ҳаяжондан юраги кўксини қиздиргудек ура бошлади. Келгувчининг ким эканини тусмоллаб, кўнгли ёриша бошлади.

-Алексей Иванович! – қоронғида таниш овоз эшитилди ва Сметянкиннинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди.

-Толик! Толик! – Сметянкин яширинган жойидан чиқди ва қаршисига чиқиб келаётган шарпани илғади. Бу – Мамадали эди. Сметянкин уни қучоқлаб олди.

-Энди кетмасак бўлмайди, Алексей Иванович, - ўзини Сметянкиннинг қучоғидан бўшатган мамадали қаттиқ хавотирда эди. – Шаҳардаги немислар оёққа турган, бир амаллаб қочдим.

Шундай талотўпдан Мамадалининг омон чиққани ҳайратланарли иш эди. Сметянкиннинг ҳайрати анчагача тарк этмади.

Сметянкин Сашкани яна кўтариб олди. Мамадали ерга тушган ўйинчоқларни тезда йиғиштириб, халтага жойлади ва елкасига осди. Ўзи биринчи бўлиб йўл бошлади. Ҳаш-паш дегунча улар овлоқ жойдаги ҳувиллаган, деворлари нураган ва томи тешик бинодан чиқишиб, қуюқлиги бўшашаётган қоронғуликка сингиб кетишди. Уларнинг қаршиларида кенг далалар, ботқоқликларга уланган қарағайзорлар ясланиб ётарди...

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафурнинг “Казбек. Осиё йўлбарси” китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

13 12:20 02.07.2022

Исроилнинг Эронга оид яширин маълумотлари тарқалиб кетди

223 12:00 02.07.2022

Ғарбий Соҳилдаги тартибсизликларда исроилликлар яраланди

78 11:45 02.07.2022

“Муҳожирлар ташналикдан вафот этган” – ХМТ таассуфда

174 11:15 02.07.2022

Осиё-Тинч океани мамлакатлари темир йўлчилари Қирғизистонда йиғилди

142 10:55 02.07.2022

Ҳар 24 сонияда бир киши автоҳалокатда вафот этади – БМТ

81 10:35 02.07.2022
« Орқага