(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм)
4-боб
Мамадали полуторкасининг эшигини энди очганда кимдир уни чақириб қолди:
– Оғайни, мабодо 130 га бормайсанми?
Мамадали тутқични ушлаганича ортига ўгирилди. Ўзи тенгқур, 20-22 ёшлардаги, оқ-сариқдан келган йигитга кўзи тушди. Бу йигитни аввал қисмда кўп кўрганди, таниди.
– Ҳа, 130-га, – деди.
– Кетсам майлими? – сўради йигит.
Мамадали беихтиёр жилмайди.
– Майли, – сўнг кабинага “чиқ” дегандек бош ирғади.
Йигит дарров юк халтасини елкасидан олиб, нариги эшик томон юрди ва Мамадалининг ёнидан жой олди.
– Ваня! Ваня Рильков, – ўзини таништирди йигит.
– Мамадали. Мамадали Топиволдиев! – йигитга қўл узатди. – Шаҳарга нега келгандингиз?
– Қисмдаги врач юборди. Шаҳардаги докторларга кўрин, деб йўлланма ёзиб берди.
– Тушунарли, – деди Мамадали полуторкани ўт олдираркан.
– Сени дарров танидим, – гапга тушиб кетди Ваня. – Анави жосусларни қўлга туширган қаҳрамонсан-ку!
Мамадали жилмайиб қўйди.
– Сенсираганимни кўнглингга олма, оғайни. Сен ҳам сенлайвер, муаммо йўқ.
– Хўп...
– Қаердансан, оғайни?
– Ўзбекман... Ўзбекистонданман.
– Чўллар, туялар, дегин!
Мамадали кулимсираб қўйди. Сўлим қишлоғини, гўзал Фарғонани таърифламоқчи бўлди-ю негадир аҳдидан қайтди. Кўп хизматдошларининг ғариб ва омонат тасаввурида шундай: қумлар, туялар, “босмачилар”... Айниқса, “босмачи” дейишганда асабийлашар, фикрлари чувалиб баҳсда қизишарди. Ҳайтовур, бу сафар Ваня бундай демади, кўнглига тегади, дея истиҳола қилди.
– Насиб қилса, хизмат тугасин, Ўзбекистонга олиб бораман, – деди Мамадали баҳсга берилиш ва Ванянинг тасаввурини остин-устун қилиш ниятидан қайтиб. – Ўз кўзинг билан кўрасан, боғу бўстон эканини, атрофида баланд-баланд тоғлар борлигини.
– Боғлар, тоғлар, дейсанми?! – ишонқирамади Ваня.
– Ишонавер, дўстим. Ўзинг қаердансан? – суҳбат мавзусини ўзгартириш учун сўради Мамадали.
– Белорусияданман. Писерово деган қишлоқ бор, ўша ерданман, дўстим, – Ваня бу сафар “оғайни” дейишга истиҳола қилиб “дўстим” деди. – Қишлоғим ўрмон бағрида, меҳмон қиламан сени. Уйга қайтишимизга ҳам оз қолди...
Кутилмаганда осмондан гулдурак овозлар эшитилди-ю суҳбат узилди. Иккови овоз келган томонга – юқорига қарашди. Бир жуфт самолёт аста яқинлашарди. Кўп ўтмади, уларнинг белидаги ҳочнинг расми ҳам кўринди.
– Немисларники!.. – бир муддатлик сўзсизликни Ванянинг ҳавотирли овози бузди.
– Биз томонда нима қилишяпти?! – таажжубланди Мамадали.
– Билмадим...
Самолётлар анча яқин келиб пастлай бошлади. Мамадали қора тери қалпоқли, кўзойнакли немис учувчиларини аниқ кўрди. Улардан бири Мамадалига қараб ҳам қўйди ва нигоҳини бошқа томонга кўчирди.
– Уларнинг эмин–эркин учиши менга ёқмаяпти, – деди яна Ваня.
– Менга ҳам...
Мамадалининг кўнглини ҳар хил шубҳа-гумонлар оралади. Аввалги ҳафтада немис жосусларини кўрганди, бугун эса уларнинг самолётлари учиб юрибди. Давлат чегарасини бундайин ошкора бузиб ўтиш қандайдир пинҳоний, машъум режа борлигидан дарак эмасми? Нега қўмондонлар жим?! Нега ҳар нарсадан шубҳаланаверадиган, доимо сергак НКВДчилар кўринмайди?! Шўро самолётлари қани? Чегарани кесиб ўтган ҳарбий самолётларни қувиб солмайдими?... Шу ўй-хаёллар ичида Мамадали немис самолётларининг узоқлашишини кузатиб турди.
– Ҳали-бери уйга қайтмайдиганга ўхшаймиз, жўра, – деди Мамадали кўм-кўк осмонга сингиб бораётган самолётлардан – икки нуқтадан кўз узмай.
Унинг нима демоқчилигини тушунган Ваня жим бўлиб қолди.
Йигирма биринчи июн ўтиб борарди.
***
Тонг ҳали ёришмаган; у ер-бу ердан қушларнинг бир-икки “чирқ-чирқ”и эшитилади.
Мамадали ҳозиргина юз-кўзини савуқ сувга ювганига қарамай уйқу ҳали тарк этмаган, гарангсигандек турарди. Ярим кечаси қисмга қайтди; икки соат ухлабди. Майор Алексеевнинг бир оғиз сўзини эшитди-ю турди. Уйқу ўчмаган кўзларини ишқалай-ишқалай полуторкаси томон юрди. Тунда соқчиликда қолдирилган аскарлар кузовга яшикларни юклашарди. Ҳар доимгидек юзи тунд, кўзлари совуқ боқадиган майор уларни кузатиб турарди. Мамадали унинг олдида қутидаги нарсалар нима эканини сўрагиси келмади. Майорнинг тўнғиллаши, “ҳе, онангни...” дея бўралатиб сўкишини биларди. У ҳақда қисмда ҳар хил гаплар юрарди. Лекин ўша гаплардан биттаси майорнинг феълу сажиясини очиб бергандек эди: “Майор онасининг қорнидалигида онаси тўнғиз гўштига бошқоронғи бўлган экан...” Мамадали ишлаётган аскарларни жимгина кузатиб кабина эшигини очмоқчи бўлганида таниш овозни эшитиб сергак тортди, уйқуси ҳам тамом ўчди. Заиф овоз аста кучаяр, ортидан бошқалари жўр бўларди. Булар таниш эди. Кейинги кунларда тез-тез эшитилаётган, агар Мамадалини уйқудан уйғотиб сўраса ўйланмасдан нима эканлигини айтиб берарди: “Мотори бир маромда ишлаётган немис самолёти” негадир кўнглидан бу сафаргиси “Мессер Шмидт” экани ўтди-ю, эти жунжикиб кетди. Овозлар кўп эди. Бу самолётлар кўп дегани эди. Осмон ҳали ҳам қора, самолётларни кўриб бўлмасди. Мамадали майорга қаради. У тош қотгандек тобора кучайиб бораётган гулдурак уриб, юракка ғулу солиб келаётган учоқларни яхшилаб кўриб олмоқчи эди.
Аскарлар ҳам турган жойларида тўхтаб, осмонга тикилишганди. Атрофни “Мессер Шмидт”ларнинг овози росмана тутиб кетганда майор Алексеевнинг ўзига ўзи гапиргани эшитилди:
– Ҳе, онангни!..
Майорнинг бошқа нима деганини ҳеч ким эшитмади. Учоқлар пастлай бошлади. Осмон ғира-шира ёришган, учоқларнинг чироқлари кўкни тутиб кетган, уларнинг охири йўқдек эди. Соф бошидаги учоқлар анча яқин келиб бомба ташлашни бошлади. Кейин ортдагилари қўшилди. Ёввойи чинқириқ билан бомбалар ерга ўқдек учар, юракларни ёрар, еру кўкни титратиб, ботмон-ботмон тупроқни учириб портларди. Биринчи бомбадан сўнг иккинчиси, кейин учинчиси... Одам саноқдан адашарди. Атроф-жавонибни қиёмат қўпди, олов ютди.
Мамадали нима қилишини билмай қолди. Қочсинми, турсинми? Қаерга қочади? Қаерга беркинади? Қайси томонга югурса ҳам бомбага учрайди – ҳар томонига бомбалар портлар, оёқлари ости ёрилгудек силкинарди. Худди кўкдан бомбалар ёғилаётгандек эди.
Кейин туйқус қулоқлари одамларнинг овозларини ҳам пайқай бошлади. Бақираётганлар, оғриқ азобидан фарёд чекаётганлар... Мамадали шу ёшга кириб эркак кишининг оҳу ноласи шундай бўлишини билди. Фақат аёллар йиғлайди, дод солади, деган фикрда эди. Адашган экан.
Ундан нарироқда бомбадан танаси бўлак-бўлак, лекин ҳамон тирик, бундан икки-уч дақиқа олдин майор Алексеевнинг кўзига ёмон кўринмай деб полуторка кузовига ёғоч қути юклаётган, ўн тўққиз-йигирма ёшлардаги аскар дунёни бошига кўтариб додларди. Белидан пасти, икки қўли йўқ кўкрагидан қон отилади. Мамадали даҳшатга тушди, анчагача ўзига келолмай турди. Бироз ўтиб ҳушига келгандек бўлиб ўша аскар томон юрди. Оёқлари ўзига бўйсунмасди, қадам ташлагиси келмасди. Олдинга юрарди-ю, аллақандай куч уни орқага тортаётгандек бўларди.
Додлаётган аскар уни танимади. Кўзлари телбаларникидек аланг-жаланг, ақлдан озганга ҳам ўхшарди. Оғзидан кўпик чиқарганича тушуниксиз бақирарди. Сўнг овози бўғилди, хириллай бошлади ва бирдан тинчиб қолди. Мамадали нафас олишни ҳам эсидан чиқариб қўйганди.
– Топволдиев, отставить! – майор Алексеевнинг бақиргани Мамадалининг ҳушини жойига қайтарди.
Мамадали тўхтаб майорга қаради. Қонли юзига тупроқ ўтирган, гимнастёркаси йиртилган майор Алексеев ғазабланганча унга қараб турарди.
– Қўлингга қурол ол, Топволдиев! – буюрди майор. – Тез-тез қимирла!
Мамадали шоша-пиша омонатини топширган соқчилардан бирининг милтиғини олди ва майорга юзланди. Майор эса омон қолган бошқа аскарларга буйруқ беришда давом этарди:
– Иванов, ўрнингдан тур, Иванов! Морозов! Морозов, ит эмган, қаерга қочяпсан? Тўхта! Тўхта!
Майор камаридаги ғилофдан тўппончасини олиб, ҳавога кетма-кет ўқ узди. Қаёққадир чопаётган аскарлар таққа тўхташди. Майор баланд овозда дона-дона қилиб гапира кетди:
– Саросимага тушишни бас қилинг! Ўзингизни қўлга олинг!
Энди учоқлар ҳарбий қисм биноларига бомба ташларди. Буниси даҳшатдан-да ортиқ эди. Ҳали уйқуда бўлган зобит ва аскарлар устига бомбалар ташлашар, биноларни ғишт-бетон бўлакларига айлантириб кўкка совурар, вайроналар, уюмлар, чоҳлар қазиларди. Бу талатўпдан оқ кийимдаги одамларнинг – ички кийимдаги ҳарбийларнинг омон чиқиб келиши эса мўъжиза эди. Не кулфатки, ўз улуши талабидаги ажал қаршисида мўъжиза ҳам ожиз омади чопиб вайроналардан омон чиққанлар очиқ майдонда – қисм ҳовлисида югуришар, учоқлар эса уларнинг боши узра учар, бомбалар ташлар, ажал ёғдирарди. Қонли қирғинбарот издиҳом!
Қуролсиз аскарларни ғафлатда босиб қирғин солиш, номардлик, шарафсизлик эканини Мамадали тушунди. Шу тахлит уруш очиш пасткашлик эди. Йигирма иккинчи июн тонги шундай қонли ва шафқатсиз эди.
(давоми бор)
Бахтиёр Абдуғафур
https://t.me/Azonkitoblari