Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Саросима ва сотқинлик

1737

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

9-боб

Мамадалининг шу қадар силласи қуридики, оёғидаги оғриқни ҳам сезмай қолди. Бир оёғига куч бераверганидан охири ўзига бўйсунмай ҳам қолди-ю, майор Тихоновга осилганича ерга қулади. Ерга чўзилганида вужуди аллақандай ёқимли бўшашди, билинар-билинмас нафас оларкан, кўзларини юмди. Ўладими, қоладими, энди унга ҳеч нарсанинг фарқи йўқ эди.

Майор Тихонов унинг ёнида тураркан шерикларига – разведкачиларга қаради. Сергеев: “Бўлди, иложи йўқ энди”, дегандек бош чайқади. Ярадор аскарни оғир аҳволда ташлаб кетишни майор хоҳламасди. Ўзига иснод деб ҳам биларди. Унинг зиммасида муҳим топшириқ бор эди – қўлга киритган махфий ҳужжат ва маълумотни етказиши керак. Бир муддат ўзи билан ўзи курашгач, Мамадалининг ёнига чўккалади.

– Мени тўғри тушун, Мамадали, – деди у кучланиб. – Биз кетишимиз керак.

Мамадали ётган жойида бош иргашга уринди, сўнг деди:

– Сизга катта раҳмат, ўртоқ майор. Бизни қутқардингиз. Буёғига хавотир олманг. Етиб оламан. Озроқ ўзимга келиб олсам бўлди.

Майор Тихонов унинг елкасига уриб қўйди, шартта ўрнидан турди ва шерикларига “кетдик” деган маънода бош ирғади. Индамай турган Ваня бирдан тилга кирди:

– Ўртоқ майор, мен... у билан қоламан.

ППШсини энди елкасига қайтадан осган майор ажабланганича унга қаради. Ванянинг кўзлари жиддий эди. Майор бошқа гапирмади, Ваняга бош ирғади, “омадларингни берсин!” деди-да, разведкачиларни эргаштирганича юриб кетди. Ваня улар дарахтлар ортида кўздан йўқолгунча қараб турди...

10-боб

...Мамадали кўзларини очганида баланд-баланд қарағайларнинг шохларини, кўм-кўк осмонни кўрди. Қаердалигини билмади. Кейин пичанда ётгани, аравада кетаётганини тушунди. Арава четида Ваня ўтирар, кун илиқ бўлса-да, қалин кийинган, қалин соқоли бетартиб, қора қалпоғи остидан сочлари чиқиб қолган қария аравани бошқарарди.

– Қаердамиз? – сўради Мамадали.

– Тузукмисан, оғайни? – хаёл суриб қолган Ваня Мамадалини овозидан бирдан жонланди.

– Ҳа... қаёққа кетяпмиз?

– Билмадим! Яхшиям отахон келиб қолдилар...

Ваня гапини тугата олмади. Ўрмон ичида қарсиллаган овозлар, портлашлар эшитилди. Қария дарҳол тизгинни тортди, отнинг бошини чап томонга – ўрмон ичига бурди. От-аравани буталар ортига олиб ўтди.

Мамадали кучланиб бошини кўтарди; араванинг ёғоч тўсиғига тиралиб овоз келаётган тарафга қаради-ю, даҳшат ва ҳайратдан қотиб қолди. Ҳатто бир муддат нафас олишни ҳам эсидан чиқарди. Ўзи тенги, баъзилари қуролсиз, ярим-яланғоч Шўро аскарлари қочишар, пухта қуролланган немислар эса уларни тутдек тўкишганича таъқиб этишарди. Шўро аскарлари деярли қаршилик кўрсатмасди. Худди қўй сурувини сон-саноқсиз бўрилар босгандек эди... Мамадали тишларини ғижирлатгудек бу қатли омни кузатаркан титраган қўли арава тўсиғини синдиргудек қисди. Агар юра олганида, қуролсиз бўлса ҳам немисларга қарши югурар, бутун қаҳр-ғазабини қўлларига берарди. Имкони етгунча душманларнинг бўғзида оларди. Бироқ ундай қилолмасди, ожиз эди.

Немислар чўзиб ўтиришмади. Ўрмон бирдан тинчиб қолди. Немис аскарлари ўлган Шўро аскарлари ёнига келишиб, уларнинг кийимларини титкилашиб ҳужжатларини текширишга, бор қурол-яроғларини йиғишга тушишди. Баъзи ҳужжатларни бир-бирларига кўрсатишар, хахолаб кулишар, қилган ишларидан хурсанд эканликларини яширишмасди. Қаёқдандир кичкина фотоаппарат кўтарган немис аскари пайдо бўлди. Суратга тушишни хоҳловчилар кўп эди...

– Аблаҳлар! Маразлар! – беихтиёр пичирлади Мамадали.

– Худонинг яратган куни шу аҳвол, – титроқ овозда деди қария.

– Ўрмонда аскарлар кўпми? – сўради Мамадали.

– Ўрмон чексиз... нечта-нечта армиялар бемалол сиғади, – деди маъноли қилиб қария. – Ўтган куни ўрмоннинг пастида, бу ердан икки чақиримлик йўл, катта сайхонлик бор, далага ўхшайди, ўша ерда ҳам бизникиларни қириб ташлашди. Сизларга ўхшаган ёш йигитлар. Одамнинг раҳми келади.

Шу пайт от пишқириб юборди-ю, қариянинг юраги уришдан тўхтаб қолай деди. Жонҳолатда отнинг бошига осиларкан ғазабнок тўнғиллади:

– Овозинг ўчсин, ҳаром қотгур! Тўшингни ейишга итлар ҳам хазар қилсин!..

Уларнинг бахтига расмга тушаётган немис аскарлари отнинг пишқирганини эшитишмади. Суратлар олиниб, ишлар якунлангач немис аскарлари қўзғалишди. Кўп ўтмай, яқинда Мамадалилар от-арава келган йўлда кажавали мотоцикллар, зирҳли ва юк машиналари кўринди. Уларнинг кети узилмасди.

– Қаёққа кетишяпти? – пичирлаб сўради Ваня.

– Билмасам... – деди қария отни тинчитишга уринаркан.

– Белостокка кетишяпти! – деди ишонч билан Мамадали. – Юк машиналари катта йўлга кетишяпти. Отахон, бу йўлимиз катта йўлга олиб чиқадими?

– Ҳа... ҳа, олиб чиқади. Сен айтгандек, катта йўл, тўғри шаҳарга боради.

Мамадали полуторка ҳайдагани учун йўлларни бир-биридан фарқлай оларди. Бундай овлоқ йўлларда агар йирик магистрал йўлларга туташмаса, юк машиналари колонна бўлиб юрмасди.

– Энди Белостокка ҳам ҳужум қилишадими? – ўзига ўзи гапиргандек деди қария. – Ахир у ерда қизим оиласи билан яшайди. Энди нима қиламан?..

Қария от-аравани немис машиналари тўла йўлга олиб чиқолмасди.

ПАСЕРОВО

Анна Васильевна минг турли қўрқув ва жонсараклик билан кунлар санайди. Ҳар куни турфа миш-миш, овоза: немислар Ломжани олибди! Немислар Белостокка келибди! Немислар Белорусиянинг ярмини эгаллабди! Немислар аскарларимизни қириб ташлаяпти экан! Немислар шаҳару қишлоқларни, одамлар билан ёқиб юборяптимиш! Немислар... Бу немис деганлари қўрқинч бир туш бўлган-у, энди бу туш ўнгидан кела бошлаган. Анна Васильевна яшайдиган қишлоқ Пасерова ҳам ана шундай таҳлика ичида. Қишлоқ аҳли юрак ҳовучлаб тонгни қаршилайди, яна юрагини ғижимлаб тунни ўтказади. Бир-биридан совуқ хабарлар эса тўхтамайди: Немислар... Немислар...

Анна Васильевна шундай хавотирда бу тонгни кутиб олди. Ҳали уфқ ёришмай уйғониб кетди. Қишлоқдагилар эрта туришга одатланганидан кўп уйларнинг чироқлари ёнарди, энди эса одамлар қўрқишади. Ҳамма уйларнинг деразалари қоп-қора.

Анна Васильевна уйнинг тўрида, ёғоч деворга осиб қўйилган иконага юзланиб уч марта чўқинди. Уст-бошига яна бир тартиб бериб ҳовлига чиқмоқчи бўлди. Эшикнинг тутқичини ҳали ушламаганида ташқаридаги ғўнғир-ғўнғир овозлардан чўчиб тушди; тутқични ушлашга узатилган қўли бир муддат ҳавода муаллақ қотди. Ким бўлиши мумкин?! Яна унинг ҳовлисида? У ташқаридаги овозларни аниқ эшитишга уринди. Икки киши гаплашяпти. Аниқроғи, бири гапиряпти, овози таниш, иккинчиси инграгандек товуш чиқаради. Анна Васильевна яна бир марта чўқинди. Таниш овоздан бироз журъатланиб эшикнинг тутқичини тутди ва ташқарига итарди.

Кун хийла ёришган, шарқ осмони бироз оқарган. Ҳовлида, бетартиб уюлган ўтинлар ортида бир-бирини суяб олган икки аскар турарди. Улардан бирини таниди-ю, қичқириб юборди:

– Ваня! Ваня! Болажоним!..

Аскарлардан бири аҳволи оғир ярадор шеригининг қўлтиғидан олган ва у Анна Васильевнани кўриб кўзлари ёшланди.

– Онажон! Онажон!..

Анна Васильевна ўғли шеригини суяб турганини тушуниб қучоқланини очганича у томон ошиқди. Ўғлини қучоқлаб олди-ю, юз-кўзларидан ўпа кетди. Бу йигит Анна Васильевнанинг ўғли Иван Рильков ва Мамадали эди.

Анна Васильевна зўрға оёқда турган Мамадалини кўриб шоша-пиша ўғлига деди:

– Болам, дўстингни уйга олиб кирайлик, ҳоли қолмабди.

Анна Васильевна Мамадалининг иккинчи қўлтиғи остига кириб ўғлига ёрдамга ошиқди. Улар Мамадалини икки томондан суяганларича уйга олиб киришди.

Анна Васильевна дарҳол жой ҳозирлади. Иван Мамадалини авайлаб ётқизди.

– Дўстингга нима бўлди, болам? – сўради Анна Васильевна.

– Оёғидан яраланган, онажон...

– Вой шўрлик, энди нима қиламиз?! – Анна Васильевнанинг овозида чорасизлик ҳам сезилди. – Роса азобланаётгандир...

Анна Васильевна уйнинг бир бурчидаги ёғоч челак томон юрди. Ёғоч идишга сув тўлдириб, рўмолини ботирди. Нам рўмол билан Мамадалининг юзини артди. Бармоқлари унинг юзига тегиб кетганида ловуллаб ёнаётганини сезди-ю, юраги орқага тортиб кетди. Чеҳрасидан славянларга ўхшамайдиган Мамадалининг олис юртлардан келганини дарров англаганди. Мусофиротда шу аҳволга тушган йигитга юраги ачиди, кўнгли бузилди. Табибчилик қўлидан келмаса, қандай ёрдам бериши мумкин?

– Григорични олиб келайми? – узоққа чўзилган жимликни Анна Васильевнанинг паст овози бузди.

– Ким у?! – алаҳсирай бошлаётган Мамадалидан кўз узмай сўради Иван.

– Аввал черковда қўнғироқларга қараб юрган киши бор эди-ку, эсингдан чиқдими? Кекса киши, қишлоқнинг четидаги уйда яшайдиган.

– Ҳа, эсладим... У нима қила олади?

– Ёшлигида подшоҳ армиясида хизмат қилган-ку... балки бирор ёрдами тегиб қолар...

– Билмадим, онажон...

Мамадали яна ингранди-ю, Иваннинг сўзлари кесилди. Анна Васильевнанинг юраги увушди.

– Болам, бундай қараб туролмаймиз! – деди у. – Чиқмаган жондан умид!

Анна Васильевна ўғлининг жавобини кутмай эшик томон юрди...

...Григорич деганлари 65-70 ёшлардаги, қотмадан келган, кун иссиқ бўлишига қарамай қалинроқ кийинган киши эди. Мамадалининг яраланган оёғини кўздан кечираркан деди:

– Йигитнинг омади борга ўхшайди... Ўқ суякка тегмаган, қолиб ҳам кетмаган. Озгина йиринглашни бошлабди. Илиқ сувда ювиш керак, Анна Васильевна!

– Хўп... Хўп...

Григорич Анна Васильевнага юзланди.

– Ўғлингиз тирик экан, Анна Васильевна, – деди паст овозда, – катта бахт бу!

– Раҳмат, Григорич, раҳмат!

– Яна бир гап, Анна Васильевна, – овозини янада пасайтириб махфийлик тусини берди Григорич, – қишлоқда немисларнинг одамларини пайдо бўлганмиш!..

– Ё, худойим! – қўрқиб кетганидан Анна Васильевна беихтиёр чўқинди. – Немислар Пасеровогача келишибдими?

– Йўқ, ундай деганим йўқ. Немисларга хизмат қиладиганлар, ўзимизнинг православлар, Анна Васильевна!

– Шунақа денг! Қўрқиб кетибман-а, немис келибди, деб.

– Сотқин дегани душмандан ёмон-да, билмайсиз-да, Анна Васильевна. Хуллас, эҳтиёт бўлинг, қўни-қўшниларга Ванянинг келганини айтиб юрманг.

– Хўп, Григорич, хўп.

– Анави аскарга эса, – Григорич Мамадали томон бош ирғади, – яхши қара, бечора бошқа ерлик экан, славянларга ўхшамайди.

– Тўғри, Григорич, тўғри.

Григорич бошқа сўз айтмай эшик томон юрди. Анна Васильевна унинг ортидан эргашди. Меҳмонни кузатиб яна Мамадалининг ёнига қайтди. Йигитнинг сўлғин, рангпар чеҳрасига боқиб раҳми келди. Кўзлари ёшланди...

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафур
 

https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мубашшир Аҳмад:  "Фитна тегирмонига сув қуймаслик керак!"

94 12:55 02.07.2022

Қорақалпоғистондан расмий баёнот

497 12:34 02.07.2022

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

57 12:20 02.07.2022

Исроилнинг Эронга оид яширин маълумотлари тарқалиб кетди

446 12:00 02.07.2022

Ғарбий Соҳилдаги тартибсизликларда исроилликлар яраланди

117 11:45 02.07.2022

“Муҳожирлар ташналикдан вафот этган” – ХМТ таассуфда

217 11:15 02.07.2022
« Орқага