Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Тунда немис ўрмонга кирмайди

1626

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

Туннинг қуюқ зулматини маъюс чеҳрасига лаҳтак булутлар доғ ташлаган ой ёритишга ожиз. Воронцевичида тунлар ўзи шундайми ёки бу оқшом ўзгача, Мамадали билмайди.
Қишлоқнинг бирор уйида чироқ ҳам кўринмайди – одамлар черковнинг тунданда қора ертўласига яширинган. Ҳар бир туйнуги, тешиги зичлаб ёпиб ташланган, тош-ғишт қаланган; ҳаво айланмайди, нафас бўғилади. Норасида гўдаклар йиғлайвериб ўзини ҳам, ночор онасини ҳам ҳолдан тойдирган. Кексалар қийналади, зриқади; айримлари бир четга ётқизилган, нафас оляптими-йўми, бировнинг иши йўқ. Қоронғуда фақат йиғи-сиғи, пичирлаб ўқилган дуолар эшитилади:

  – Парвардигор, ўзинг ёрдам бер, марҳаматингни дариғ тутма!

– Яратган Эгам, гуноҳларимизни ўзинг авф эт!

– Тонгдан бизни мосуво этма!.. 

Ертўланинг чиркин ва бўғиқ ҳавосига яна умидсизлик, чорасизлик ҳам омухта бўлгандек туюлади. Тонг отгани билан уларнинг дарди енгиллаб қолмаслигини ўзлари ҳам билишади. Черковни ўраган немис аскарларининг кетиш-кетмаслиги, омонлик бериш-бермаслигини ҳеч ким билмайди. Қолаверса, немисдан қутулишига кўзи етган йўқ – Тихон Матвеевичнинг отилганини ҳамма кўрди. “Немис дегани Худони ҳам танимайди!” деган миш-мишларга энди шубҳа қиладиган йўқ...

Черков юқорисида – қўнғироқлар ортига яширинган Мамадали тиқ этган товушни илғаш илинжида сергак ўтиради. Битта-яримта немис аскари писиб-биқиниб келмаяптими, граната улоқтиришга чоғланяптими, деган ўйда доғда қолмасликка тиришади. Қай бир овлоқда Пахомич ҳам яшириниб ётибди.

Тун ярмидан ўтганда Мамадали аста қўзғалиб, ярим энкайганича аста қадам ташлади. Товуш чиқармаслик ва ўзини сездирмасликка уриниб, қўнғироқхонадан пастга тушди. Ҳаво аллақандай намчил, салқин; худди яқин ўртада ёмғир ёғиб ўтгандек. Мамадали бунга эътибор бермай  қоронғуда туртиниб-суртиниб черков ертўласи эшигини топди. Эшикни энди очмоқчи бўлганида ундан уч-тўрт қадамлар нарида, қуюқ тун оғушида душманини инсофга чақиришга беҳуда уринган Тихон Матвеевичнинг жонсиз гавдаси элас-элас кўзга ташландию Мамадалини айбдорлик туйғуси, уят ҳисси чулғаб олди. Ҳар бир қурбон юзига тушадиган бир доғ эди, унинг назарида. Қўлида қуроли бўлган бирор сафдоши жангда курашиб ўлса, буни тушунади; унда ўзини ҳимоя қилишга имкони бор эди, ҳар тугул, қуролли эди. Бироқ, бир бегуноҳ қуролсиз киши  ёки норасиданинг қони тўкилсачи? Улар душман қаршисида ожиз, ҳимоясизлар; ўзларини қутултиришга ҳеч чора йўқ. Уларнинг ўлими эр йигитлар таржимаи ҳолининг энг шармандали саҳифалари эди. Тихон Матвеевичнинг жасадига тикилиб қолган Мамадалининг кўнглидан ана шу ўй ва ҳиссиётлар ўтмоқда эди.

“Ор-номус масаласи хаёлидан ўтмаган душманни йўқ қилмай ёки қувмай ана шундай уят ва шармандалик ичида қолаверамиз” – ўй ўтди Мамадалининг кўнглидан. Тихон Матвеевични оғриқли ва уятли ўйларидан қувиб, ертўла эшигини очди. Ичкарига кирди.

Атроф-жавонибни қуюқ зулмат олган бўлса, ертўла унданда қоронғу эди. Камига димиққан ҳавосидан аллақандай қўланса, кўнгилни оздирадиган ҳид Мамадалининг димоғини беҳузур қилдию беихтиёр бир қадам ортга ташлади. Лекин ён-атрофда немис аскари бўлиши, писиб ҳужамга ўтиши ёки ғафлатда қолдириб оловпуркагичдан даҳшатли олов пуркаб қолиши ваҳимадек кўнглидан ўтиб, дарров ичкарига кирди ва зичлаб эшикни ёпди. Чўнтагидан гугурт чиқариб ёққанида қаршисида турли ёшдаги аёлларни кўрди. Айримларининг қўлларида ухлаётган гўдаклар, яна айримлари болаларнинг қўлларидан ушлаб олишган. Гугурт чўпи ёниб битгунча у қўрқув, умидсизлик, ишончсизлик тўла кўзларни бирма-бир учратиб чиқди.

“Ўзинг учун бир марта ўласан; бирор кишига кафил бўлсанг икки марта. Агар ҳаёти қилга осилган гўдак сенга мўлтираб қараб турса, унда ўлолмайсан.  Бўғзингда ўтмас тиғ, ҳам чўғ устидасан ялангоёқ...” Гугурт чўпи ўчиб, ертўлани қўрқинч ва ўлик зулмат олганида Мамадалининг кўнглидан шу ўйлар ўтди.

– Шам бор! – қоронғуликдан заиф овоз келди.

Мамадали яна гугурт чўпини ёндирди ва қаршисида тутилган шамнинг пилигини ўт олдирди. Ертўла энди анча ёришди. Кўзлари қўрқувдан жавдираган, аммо умид учқунлай бошлаган аёлларни, болаларни кўрди.

– Гап бундай, оналар, опа-сингиллар, – паст овозда гап бошлади Мамадали. – Ертўладан чиқиб ўрмонга юрамиз. Иложи борича овоз чиқармаймиз, тез юришга ҳаракат қиламиз. Тонг отгунча қишлоқдан узоқлашиб олишимиз керак. Тунда немис ўрмонга кирмайди... киргани қўрқади. Ҳамма мени тушундими?

– Тушундик!

– Тушундик...

Ҳеч ким ортиқ савол бермади. Ҳамма инон-ихтиёрини Мамадалига топшириб қўйгандек эди. Бу қонли ўпқондан қутулишнинг чораси Мамадалига бўйсунмоқ эканини ҳамма аёллар яхши англаб туришарди. Кун бўйи немис аскарлари билан отишиб, черковга яқинлаштирмаган йигитга уларнинг ҳурмат-эътиқоди чексиз эди.

– Ҳозир ташқарига чиқиб кузатиб келаман, – давом этди Мамадали. – Ҳаммаёқ тинч бўлса ишора бераман, тушунарлими?

– Ҳа!

– Тушунарли...

Ҳар эҳтимолга қарши Мамадали шамни ўчирди. Эшикни авайлагандек очдида ташқарига чиқди. Сарҳуш, тоза ҳаво юз-кўзига урилдию енгил тортди. Тун пардасига бурканган атроф-жавониб кўринмайди. Немис аскарларининг бор-йўқлиги ҳам сезилмайди. Аммо уларнинг шу ердалигини, черковдан кўз узмай ўтиришганини Мамадали сезади. Балки бир неча қадам наридадир, писиб ўтиргандир қуролини шайлаб. Мамадалининг бахтига тун қуюқ. У ҳозирча ҳеч қандай хавф-хатар йўқлигига ишонгач, яна ертўла эшигини очди ва ичкарига паст овозда деди:

– Чиқинглар! Фақат овоз чиқарманглар!..

Ичкарида – ертўлада ҳаракат сезилди. Аёллар, болалар шошганларича, товушсиз-сассиз чиқишиб, ўрмон томон юриб кетишди. Охирги киши чиққунича Мамадали эшик ёнида турди. Ҳеч ким қолмагач, у ҳам ўрмон томон ўзини урди ва саф бошини олди.

– Тез юрамиз! Тезроқ!

Шундоқ ҳам ҳамма шошарди. Мамадали иложи борича қишлоқдан узоқроқ кетиши керак эди. 

Аммо...

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафурнинг “Казбек. Осиё йўлбарси” китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Пандемия халқаро можароларга туртки берди – эксперт

218 21:34 30.01.2023

Бувижон, мен барибир келаман

636 19:40 30.01.2023

Қуръони карим борасида 25 та ҳақиқат

765 18:40 30.01.2023

Кўнгилли аскарларни Мудофаа вазирлиги таъминлайди

442 17:20 30.01.2023

Washington Post: АҚШ Украинага Абрамс танкларини юборилиши ҳақида маълумот берди

464 16:40 30.01.2023

Покистон масжидида портлаш: ўнлаб киши ҳалок бўлди

436 15:58 30.01.2023
« Орқага