Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Ўлим билан юзма-юз

2032

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм)

7-боб

Ҳаводаги “Люфиваффе”, ердаги немис десантию ишғолчи гуруҳларидан омон қолганлар беш киши эди: Мамадали, Ваня Рильков ва яна уч чегарачи. Чегарачиларнинг ёши улуғроғи баланд бўйли, озғиндан келган, йигирма бирга кирган Володя Ткач бўлиб, Москвадан эди. Камгап, фақат савол берилганда гапирадиган йигит эди. Иккинчи чегарачи Володядан ёшроқ, ўн тўққизда бўлиб, Ростовлик Серёга Николаев эди. Учинчиси эса хизматга Олмаота шаҳридан чақирилган Григорий Павленко эди. У Серёга билан тенгқур эди. Мамадали ва ҳамроҳларини бир-биридан икки-уч ёшга фарқ қилишини айтмаса, деярли тенгқур эди.

Улар қаёққа кетишаётганини билишмас, ўрмон эса тугай демас, тобора қалинлашиб, чигаллашиб борар, шундай эса-да тўхташни хаёлларига келтиришмасди. Мамадалининг қўлтиғидан олган Ваня толиққан, терга ботганидан гимнастёркаси жиққа ҳўл эди.

Узоқ-узоқлардан ўқ овозлари, портлашлар эшитиларди. – Шу ерда тўхтайлик, – узоқ вақт давом этган сўзсизликни Мамадалининг ҳорғин овози бузди.

Ваня юришдан тўхтади-ю, Мамадалини қўйиб юбормай турди. Юрагидаги ҳадик ҳамон уни измида ушлаб турарди. Мамадали унга эътибор бермай қўлини унинг елкасидан олди. Суяниб ўтиришга қулай дарахт қидирди. Унинг кўзларидан ниятини англадими, Ваня танаси бақувват қарағайга уни суяб ўтқизиб қўйди. Ваня ҳам чегарачилар ҳам тик оёқда туриб қолишди. Мамадали уларга савол назари билан қарагандан сўнггина аввал Ваня, сўнг қолганлар шундоқ ерга ўтиришди.

– Энди нима қиламиз? – сўради Мамадали.

Шериклари елка қисиб қўйишди.

– Бу ўрмонларнинг охири йўқ, – бир муддатлик жимликдан сўнг давом этди Мамадали. – Адашиб қолишимиз аниқ.

– Унда... қандай маслаҳат берасан? – сўради Ваня.

– Шуни сизлардан сўрамоқчи эдим, – деди Мамадали.

– Балки, таваккал қилиб кетаверармиз, – суҳбатга қўшилди Володя, одатига хилоф юриб.

– Бу гапинг ҳам тўғри, – уни қувватлади Мамадали. – Немислар шу ергача келиши аниқ. Ўйлашимча, қисмимиздан омон қолганлар ўрмонга қочишган, бизга ўхшаб...

– Чекинишган! – унинг сўзлари тузатган бўлди Ваня.

– Хўп, сен айтганчалик бўлсин, чекинишган, – рози бўлди Мамадали. –Немислар бизга ўхшаган аскарларни тинч қўяди, деб ўйлайсанми?

– Немисларнинг мақсади фақат чегарадаги қисмимизни йўқ қилиш бўлмаган! – яна суҳбатга қўшилди Володя. – Улар яна олға юришлари аниқ.

– Тўғри! Немисларнинг нияти шундай, – деди Мамадали.

Мамадали ўзи ва шерикларининг тажрибали қўмондонлардек фикр юритишаётганини сездию таажжубланди. Аслида уруш ҳар қандай каллани улғайтириши, эҳтиросли қалбни совитишини ҳали тўлиқ англаб етмаганди.

– Ундай бўлса, – ҳамроҳларининг кўзларига бирма-бир қараб чиқиб давом этаркан, Мамадали майор Алексеевга ўхшаб салмоқланиб, вазмин фикр билдираётганини сезди. – Озроқ нафас ростлаймиз. Кейин яна йўлга тушамиз. У ёғига вазиятга қараб иш кўрамиз...

 У сўнгги сўзини тугатишга ҳам улгурмаган ҳам эдики шох-шаббаларнинг қасирлаб синиши эшитилди. Ҳаммалари, ҳатто оғриқдан оёғи симиллаётган Мамадали ҳам туриб кетди.

Дарахтлар ортида бошдан-оёқ қуролланган, ниқоб-кийимлардаги немис аскарлари кўринди. Мамадали уларнинг кийимларидан разведкачилар эканини билди. Улар етти киши эди. 

Ваня ва чегарачилар “нима қиламиз” дегандек Мамадалига қарашди. Мамадали боши билан “дарахтларнинг ортига яширинамиз” дегандек ишора қилди. Овоз-шарпасиз дарахтлар панасига ўтишди.

Мамадали кўрсаткич бармоғини бурни устига қўйди: “Отманглар!” Ундан кўз узмаётган Ваня бош ирғади. Мамадали эҳтиёткорлик билан милтиқ лўкидонини юрғизди. Қолганлар ҳам қуролларини отишга шайлашди...

Мамадали қандай йўл тутишни ўйларди. Ўзи яраланган, шерикларида иккита милтиқ, икки ППШ. Етти нафар, қуроли тўкис душманни бир зарбда йўқ қила олишадими? Жанг кўрмаган аскарлар буни уддалай оладими? Уруш бошқа, машқ бошқа... Мамадали бир қарорга келолмасди, иккиланиши кучайганди.

Кутилмаганда шундоқ ёнида ўқ қарсилладию Мамадали чўчиб тушди. Кутишга асаблари дош бермаган Сергей тепкини босган, лекин ўқи хато кетиб немисларга тегмаганди. Ўйлайдиган иш қолмаганди – Мамадали немислардан бирини нишонга олди. 

Немислар яширинган, ўқ қайси томондан отилганини аниқлашган, автоматлардан ўт очиб юборишганди. Душман жангчиларининг тажрибали, ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва жанг қилишни пухта ўзлаштирган эканига Мамадалининг шубҳаси қолмади. Немис разведкачилари совуққон, ҳисоб-китобли эди. Бир пана жойдан иккинчисига эпчиллик билан ўтганича Мамадалилар яширинган жойга яқинлашиб келишарди. Ваня ва чегарачилар, нишонга тегяптими, йўқми, зўр бериб отишар, ўқларни исроф қилишарди.

– Топволдиев, энди нима қиламиз? – милтиғининг лўкидонини юргизаркан, бақирганича сўради Ваня. – Ҳозир... етиб келишади, лаънатилар!..

Серёганинг ғалати овози эшитилди-ю, Ванянинг сўзлари узилди. Мамадали ҳам, Ваня ҳам Серёгага қарашди. У милтиғига юзини босганча юзтубан ётар, қимирламас, пешонасидан милтиққа оққан қон аста ерга томарди. Мамадали беихтиёр сесканиб кетди. Эрталабдан бери ўлимни кўргани бир бўлди, Серёганинг ўлими бир бўлди. Кейин Володя, сўнг Григорийга ҳам ўқ тегди. Энди уларнинг ҳам овози ҳам чиқмай қолди. Мамадали немисларнинг чангалидан омон чиқмаслигига ишонди, негадир кўнглидан турли ўйлар ўта бошлади. Яхшиси, немисларнинг келишини кутмайди. Юролмаса ҳам уларга қарши чиқиб боради. Биқиниб ўтириб ўқ егандан очиқ жангга кўкрак кериб киргани афзал... Бу кимсасиз ўрмонда ўлиб кетганини биров билмаса ҳам керак. Ота-онаси, қариндош-уруғи уни қандай эсларкин?..

Мамадали туришга уринди. Оғриқ зўрайганига ҳам эътибор бермай қаддини ростлаб, танасининг оғирлигини бир оёғига ташлаганича милтиқни қайта ўқлади. Дарахт панасидан чиқишга чоғланганида олдингидан-да ваҳималироқ олатасир турди. Немисларнинг автоматининг эмас, ППШларнинг пириллаши кучайди. Немисларни бақиргани, русча овозлар эшитилди. Ўрмоннинг бошқа томонидан яшил ниқоб кийимли Шўро разведкачилари чиқиб немис разведкачиларини тутдек тўка бошлади. Ғафлатда қолган немислар қутула олишмади.

Мамадали омади келганига ишонолмас, халоскорига айланган разведкачилардан анчагача кўзларини узолмади.
 

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафур


https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди

61 13:10 18.08.2022

“Abdulhamid Xon” Ўрта ер денгизида газ излашни бошлади

217 12:40 18.08.2022

Ғазо соҳили Исроил ҳужумида ҳалок бўлган болаларнинг исмлари ва расмлари билан “безатилди”

90 12:20 18.08.2022

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

175 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

93 11:40 18.08.2022

Мексика “журналистхўр” мамлакатга айланиб қолди

127 11:10 18.08.2022
« Орқага