Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: ўрмондан топилган одам

1101

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

33-боб

Алексей Иванович Смятенков қаршисида очликдан силласи қуриб, оёқларида зўрға турган, совуқдан лаблари ёрилган Мамадалини кўриб, дарров уни қучоқлаб олди. Сўнг курсига ўтиришга ёрдам берди. Мамадалининг  ортидан кирганларга сув, бирор егулик келтиришни буюрди.

Георгий Павлович бир ҳафтадан бери дом-дараксиз кетган Мамадалидан хавотирланар, ҳам юраги ачишар, ёлғиз ўзини жўнатишга рози бўлгани учун ўзини-ўзи койирди.

Кузьмич тунука идишда қайноқ сув узатди. Мамадали сувдан икки-уч марта хўплади, ичига илиқлик югурди.

Алексей Иванович, - хириллаган овозда деди Мамадали. – Менда бир режа бор... – Мамадалини йўтал тутди.

Алексей Иванович унинг аҳволини тушуниб, елкасига аста қоқди ва деди:

-Ўзингга келиб ол, Толик! Сен билан ҳали кўп режаларимиз бор.

Оғир нафас олаётган Мамадали “маъқул” дегандек бош ирғаб қўйди. Кузьмичнинг ортидан кирган Мустафо Абдулин, Коля Пахота, яна икки-уч йигит Мамадалига ачиниб қараб туришарди.

Мамадалини ҳоли қолдириб чиқиб кетаётган Алексей Иванович ўз қадрдони, яқини тирик қайтган одамдек жуда хурсанд эди. Синалган, ўзини кўрсатган Мамадали унинг учун энг ишончли киши эди, ҳам унга суянар эди. Гуруҳда Мамадалининг борлиги унга тиргак эди. Бу шафқатсиз курашда Мамадали унга жуда керак эди.

  Қолганлар ҳам Мамадалини ёлғиз қолдиришди. Смятенковнинг ўрнига чўзилган Мамадалининг кўзлари юмила бошлади...

...Ертўланинг ёғоч эшиги зарб билан очилдию ғира-ширада юзини илғаб бўлмайдиган бир киши кириб келди. Унинг қўлида пичоқ бор эди. У тўғри Мамадалининг устига юра бошлади. Ўрнидан қўзғолишга Мамадалининг мажоли қолмаганди...

34-боб

Алексей Иванович чап кўзи кўкарган, юзи моматалоқ бўлиб шишган қалин пальтоси бир-икки еридан чокидан сўкилган йигитни кўриб унга жуда раҳми келди.

-Алексей Иванович, уни мен бошлаб келувдим, – ўртадаги сўзсизликни бузди. – Ўрмонда оч-наҳор тентираб юрган экан. Немислар уни жуда азоблашибди, аҳволига қаранг. Уйдагиларни ҳам отиб ўлдиришибди.

– Қаердансан? – йигитдан сўради Смятенков.

– Пасереводан, ўртоқ командир.

– Пасереводан, дейсанми?! – Смятенков таажжубланди. – Ахир Ваня Рилков ўша қишлоқдан эмасми?

– Ҳа! Ҳа! Иван Рилков ҳамқишлоғим бўлади! – жонланди йигит.

– Рилковни чақиринглар! – буюрди Смятенков.

Қаердандир Ваня Рилков ҳам етиб келди. у Смятенковнинг ёнидаги йигитга тикилиб қолди.

– Уни танийсанми, Рилков? – Ваня Рилковнинг ўйларини узгандек сўради Смятенков.

– Худди шундай, ўртоқ командир. Ҳамқишлоғим бўлади. Серёга Хомут.

– Пахомич уни ўрмонда учратиб қопти, – изоҳ бергандек давом этди Смятенков. – Тўғри шу ёққа олиб келибди.

– Ваня, уйдагиларни немислар ўлдиришди, – Ваня Рилковга қараб йиғламсираб гап бошлади Серёга Хомут. – Ҳаммаларини ўлдиришди! Зўрға қочиб қутулдим. Ўрмонга қочдим. Тутиб олишди. “Партизанларнинг ҳамтовоғисан!” деб ўласи қилиб қийнашди. Умримда партизанни кўрмаган бўлсам, қаердан ҳамтовоғи бўламан, тўғрими, Рилков?..

– Авдотья холани ўлдиришдими?

– Ҳа! Ҳа... – Серёга Хомут йиғлаб юборди. – Кўз ўнгимда отишди!.. Шундоқ ҳовлимизда! Ҳаммамиз қочдик... Онамнинг жасади қаерда қолди, кўмилдими-йўқми, билмайман!.. Ёшим қирққа кирди, онамга бирор марта ҳам яхшилик қилолмадим... Ўғил бўлиб... ўғил бўлиб... уни кўмишга ҳам... қабрига хоч қўйишга ҳам арзимадим! Арзимадим!

Серёга Хомут қорга чўккалади, қалпоғини бошида уни юз-кўзига босганича ўкраб йиғлади.

– Ўзингни бос, қўлга ол! – уни юпатишга уринди Смятенков.

Ваня Рилков эса на ишонишини, на афсусланишини биларди. У Серёга Хомутни аввалдан – ҳарбийга кетмасидан бурун ёқтирмаган, бироқ унинг онаси Авдотья холани немислар ўлдиргани уни анча бўшаштирганди. Ичида бир овоз “унга ишонма!” дерди-ю иккинчи бир овоз қарши чиқарди: “сабр қил, кут, текшир!” У бу тўғриларидаги истиҳоласини, ўйларини Смятенковга очиқ айтолмади. Смятенковнинг раҳм-шафқат зуҳур этган нигоҳини учратиб, иккиланишлари икки қат кучайди.

– Пахомич, йигитга овқат беринглар, туз тотмаган кўринади.

Пахомич Серёга Хомутни ўрнидан туришга кўмаклашди. Уни ошхона томон бошлади. Смятенков эса бошқаларга юзланди.

– Маслаҳатли иш бор эди, ҳамма тўплансин! – буюрди у.

Ваня Рилков журъатини сўндириб қўйган истиҳоласини бирдан унутди.

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафурнинг “Казбек. Осиё йўлбарси” китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

227 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

152 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

278 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

235 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

111 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

365 21:10 25.05.2022
« Орқага