Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Ванька «кукурузник»

1995

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

11-боб

Дераза ойнасининг аста чертилишидан Мамадалининг ўйлари бузилди ва сергак тортди. Бемаҳалда келганлар ким бўлиши мумкин?! Ваня ҳам, Анна Васильевна ҳам йўқ. Мамадали хавотирга тушди. Ўзини паналатиб парда четидан ташқарига қаради-ю кўнглида улғайиб бораётган ҳадик бирдан чекинди: 8-10 ёшлар чамасидаги икки болакай қўлларини пана қилишганича ичкарига мўралашарди. Мамадалининг доимий хавотир ва асабийлашишдан қимтилган лабларига табассум югурди. Пардани четга суриб, деразанинг бир табақасини очди. Болалар худди ўғирлик устида қўлга тушган одамдек мулзам тортишди.

–Келинглар!

–Биз... ҳалиги... – сепкилли, анча уринган кенг кўйлакли бола ўзини оқлашга тиришди.

–Исминг нима?

–Олешка! – бирдан кўзлари чақнаб, жонланди сепкилли болакай.

–Сеникичи?

–Ванька... – ёши каттароғи деди.

–Уни Ванька “кукурузник” десангиз ҳам бўлади, – ҳозиржавоблик билан бидирлади Олешка.

–Нега “кукурузник”?

–Чунки қишлоқда иккита Ванька бор, – яна сўзга тушиб кетди Олешка. – Буни “кукурузник” демаса ҳеч ким танимайди.

–Ҳечамда! – хўмрайди Ванька.

–Ростда! – қолишмади Олешка. – Ванька десак қайси бири деб сўрашадими? Шунда “кукурузник” десак, “ҳа, София холанинг неварасими?” дейишади, тўғрими?

–Тўғри... – истамасада бурнини тортиб деди Ванька. – Сени қишлоқдагилар йиғлоқи Олешка дейишадику!

–Бекорни айтибсан! – чинқиргудек деди Олешка ва жўжахўроздек хурпайди.

Мамадали болаларнинг беғубор тортишувидан завқланиб кулди. Унинг кулишидан журъати икки ҳисса ошган Олешка дабдурустдан сўраб қолди:

–Сизлар урушдан қочиб келдингларми?

Бирдан жиддий тортган Мамадалининг фикрлари чувалашди. Болалар рост сўзлашади, алдашмайди. Демак, улар шундай ўйлашади.

–Ўзинглар шундай деб ўйлайсизларми? – бир Олешкага, бир Ванькага қараб сўради Мамадали.

–Йўқ, катталар айтишадида, – сўзамолликда давом этди Олешка. – Мана, Петровна кампир шунақа дейди. Унинг дугонаси Аксинья холя... Улар гаплашиб ўтиришганида эшитиб қолдим...

–Биз урушдан қочганимиз йўқ... – ўзини оқлашга уринди Мамадали. – Мен... – у “жангда яраландим” демоқчи бўлдию ёлғон гапиргиси келмади, бир муддат керакли сўзни қидиргач, давом этди:

–Мен... яраландим... Яраланганлар уруша олмайди. Аскар кўп юриши керак. Ўқ теккан оёғи билан юролмайди... Соғайсам, яна урушга кетаман...

–Ана, кўрдингми, сенга нима дегандим! – бирдан Олешкага ҳужум қилиб қолди Ванька. – Бизнинг аскарлар ҳеч қачон қочмайди! Киноларда кўрганман, аскарларимиз доим душманни қувган...

–Қачон сенга қочган, дедим, а, қачон? – чириллаганича бўш келмади Олешка.

–Айтгансан!

–Айтмаганман!..

Шу пайт ҳовлига Анна Васильевна кирдию бир-бирига гал бермай тортишаётган болалар бирдан ўчиб қолишди. Улар мўмин-қобил бўлишиб, одоб билан салом беришди. Анна Васильевна болаларнинг қўлига майда-чуйда егуликларни тутқизгач, дарров жўнаб қолишди.

–Сениям бошингни қотиришгандир, болам, – деди у Мамадалига. – Шунақа шўх болалар, тиниб-тинчимайдиган. Қулоқ-мияни ейди, бир пас булар билан ўтирсанг. Э, эсим қурсин, оёғинг оғримаяптими? Сенга егуликлар олиб келгандим, қишлоқдагилар бериб юборишувди...

12-боб

Ванька қишлоқ узра “кукурузник”лар учганида уларнинг ортидан югуришни ёқтирарди. Аввал осмоннинг олис-олисларида бир нуқта кўринар, сўнг аста катталаша бошларди. Катталашдими, демак “кукурузник”! Ванька оёқларини қўлларига олиб, ўша йириклашаётган нуқта – “кукурузник” томон чопар, нафаси бўғзига тиқилай деганида энди ортига қайтарди – бақувват моторини гуриллатиб, шундоққина бошининг устидан ўтиб кетарди. Қора чарм қалпоқли, йирик кўзойнакли учувчига, у Ванькага аниқ кўринарди, қўл силкий олмай доғда қолган болакай таққа тўхтар ва ортига бурилиб, энди узоқлашаётган учоқнинг ортидан ғизилларди. Ваньканинг бу одатини қишлоқдагиларнинг ҳаммаси билар, кулишар, “Ванька кукурузник” деб ҳазиллашишарди. Неварасининг бу қилиғидан баъзида София хола ҳам ҳижолат тортар, Анна Васильевнага Ванькадан шикоят қилиб келиб қоларди. “Бола-да, бола!” дея Анна Васильевна дугонасининг ҳовуридан туширишга, хижолатпазликдан чиқаришга уринарди.

Уруш бошланди-ю бу томонларда “кукурузник”лар учмай қолди. Яна бир гап чиқдики, уруш бошида немислар шўроларнинг ҳамма қирувчи учоқларига қўшиб, беозор “кукурузник”ларини ҳам портлатиб юборишган. Ўша учоқларда учган учувчиларни урушга олиб кетишганмиш...

Бу тонг ғарб уфқида, қуёш нурларидан ёп-ёруғ осмонда бир эмас, икки учоқ кўринди. Одамлар ҳам хавотирга, ҳам таажжубга тушишди. Бир-икки кекса чўқиниб ҳам олишди. “Кукурузник”лар аразладимикин, деган ўй-хаёлда юрган Ванька эса терисига сиғмай қувониб кетди. Бувисининг ҳай-ҳайлашига қарамай учоқлар томон югурди.

Учоқларнинг мотор овозини эшитган Мамадали ўрнидан турди, пардани четга суриб, ташқарига мўралади. Осмонда учоқлар кўринди. Уларнинг белидаги ҳочни кўрдию бир лаҳзага кўзларига ишонмай қотиб қолди. Немис учоқлари!.. У ўзини қўлга олиб, оёғидаги оғриқни ҳам унутиб ташқарига чиқди. Ҳовлида Анна Васильевна ҳам учоқлардан кўзларини узмай нуқул чўқинарди.

–Анна Васильевна, яширининг! – Мамадали беихтиёр қичқириб юборди.

Анна Васильевна чўчиб, Мамадалига қаради.

–Немислар экан! – деди Мамадали.

–Вой, худойим! – Анна Васильевна уйга кириб яширинмоқчи бўлди.

–Йўқ! Бошқа томонга яширинамиз!

–Вой... анави бола Ванькаку! – қўллари билан оғзини яширди Анна Васильевна.

Мамадали Анна Васильевна қаёққа қараётганини тахмин қилди. Кенг далада, ўт-ўланлар қалин ўсган сайхонликда Ванька югуриб кетмоқда эди. Учоқнинг немисники ёки ўзимизники, бола бечора фарқламасди. Мамадали оёғидаги ярани унутиб, оқсоқланганича сайхонлик томон ошиқди. Бир-икки қадам ташлашга улгурмай даҳшатли оғриқдан кўз олди қоронғулашди. Авзойи бадани қақшагандек туюлди, томирларида қон қотиб қолгандек эди. Ортиқ юролмаслигига кўзи етиб, алам билан ҳамон чопаётган Ванькага қаради. Боланинг қувончи чексиз эди.

Учоқлардан бири аста пастлаб, Ванькани кўзлагандек шўнғий бошлади. Бола эса учувчи мен билан саломлашмоқчи, деган ўйга борди. Унга етадиган одам йўқ эди. У қўлларини кўтариб силкиди, бироқ анча яқинлашган учоқдаги учувчининг совуқ нигоҳи, хўмрайган юзини кўриб кўтарилган қўли қотиб қолди. Бу қанақаси?! “Кукурузник”даги учувчилар доим табассум қилиб, қўл силкиб ўтмасмидилар? Бу учувчининг нега қовоғи солиқ?.. Кейин нимадир тариллади. Сайхонликнинг ўтларини қўпорди; икки ёнидаги йўнғичқаларни шов-шов юқорига учди. Қулоқларни қоматга келтирган олатасир овозлар ичида кимнидир қичқирганини элас-элас эшитди:

–Ванька, қоч!..

Лекин у қочолмасди. Аниқроғи, нима қилишини билмасди. Миясида биргина жумла айланарди: “Ёмон “кукурузник”! Ёмон “кукурузник”!..”

Учоқ узоқлашиб, кўтарила бошлади. Мамадали оғриқни енгишга уриниб, оғирлигини соғ оёғига ташлаганича бола томон шошарди.

–Ванька, бу ёққа кел! Ванька, бу ёққа кел!..

Бола эса уни эшитмасди. Сайхонлик ўртасида ҳайкалдек қотганди. Мамадали томоқ йиртгудек бўлиб чақирарди: 

–Ванька! Ванька!..

Учоқлар узоқлашиб, атроф-жавониб тинчиб қолганида бола уни эшитди. Қўрқа-писа унга қаради.

–Бу ёққа кел! Бу ёққа кел!

Бола тушунмади. Бақрайганича Мамадалига қараб тураверди. Ранги оқарган, кўзлари ҳаракатсиз... телбага ўхшарди. Қўрқувдан иштонини ҳам ҳўллаб қўйганди.Унинг ғариб тасаввурида учоқлар, хоҳ у “кукурузник”, қувонч олиб келиши керак эди. Лекин ундай эмас экан. Хийла ўзига келган, иштонини хўллаб қўйганини туйқус сезган болакайнинг кўзларидан ёшлар оқа бошлади. Кимдир унинг елкасидан туртди. У чўчиб қаради. Энтикиб нафас олаётган Мамадалини кўрди.

–Ванька, юр, кетишимиз керак!

Бола шоша-пиша, ғалати бош ирғади. Мамадали унинг қўлидан ушлади. Оғриқ забтига олаётган бўлсада тишини тишига босди. Оқсоқланганича – қон оқа бошлаган оёғини судраганича юрди.

“Фақат урушдагина болалар учоқ учса хурсанд бўлишмас экан!..” – ўй ўтарди Мамадалининг кўнглидан.

Ванька ҳам шуни ҳис қилгандек, пиқ-пиқ йиғларди...
 

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафур


https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ғазо соҳили Исроил ҳужумида ҳалок бўлган болаларнинг исмлари ва расмлари билан “безатилди”

12 12:20 18.08.2022

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

93 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

65 11:40 18.08.2022

Мексика “журналистхўр” мамлакатга айланиб қолди

103 11:10 18.08.2022

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи йиғилиши бошланди

70 10:46 18.08.2022

Эрондаги тошқинлар оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

81 10:40 18.08.2022
« Орқага