Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

"Кечаси Абу Ҳанифанинг изига тушдим..."

2059

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ кўп ибодат қиларди. Нафақат Куфа, балки атрофдаги бутун шаҳарларда у кишининг кечаси билан намоз ўқишлари тилдан тилга кечиб юрарди. Муҳаммад Лайс Куфага келиб халқдан “Шаҳарнинг энг обиди ким?” деб сўраганида одамлар Абу Ҳанифага йўналтиргандилар. Энг қизиғи, Лайс ёшлигида ҳам Куфага бориб халқдан “Шаҳарнинг энг фақиҳи ким?” деб сўраганида, унга яна Абу Ҳанифа кўрсатилган эди. Суфён ибн Уяйна айтадилар: “Биз яшаган даврда Маккага Абу Ҳанифадан-да кўпроқ намоз ўқийдиган киши келмади”.

Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ кечалари ухламасдилар. Намоз, дуо ва илтижо қилиш билан машғул бўлардилар. Қирқ йил хуфтоннинг таҳорати билан бомдод намозини ўқидилар (яъни ухламасдан кечаларни иҳё қилдилар). Имом Абу Юсуф бу ҳақда шундай дейдилар: “Имоми Аъзам билан бирга юрарканмиз, икки кишидан бирининг иккинчисига “бу киши Абу Ҳанифа бўладилар, кечқурун ҳеч ухламайдилар”, деганини эшитганимизда у киши менга “У мен ҳақимда қилмаган нарсаларимни гапирмайди” дедилар.

Абу Ҳанифа тун бўйи ўқиган намозларида, бир ракатда Қуръони каримни тамоман хатм қилардилар. У кишининг Қуръони каримни бир кечада хатм қилиши саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Амрга уч кундан оз вақт ичида Қуръонни хатм қилишдан қилган қайтариқларига зид эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қисқа вақт ичида хатм қилишни маъқулламасликларига сабаб тушунган ҳолда ўқишга риоя қилиб бўлмасликдир. Зеро, Муснад ва тўрт Сунанда нақл қилинганига кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуръонни уч кундан оз муддатда ўқиган, уни фаҳмлай олмайди”, деганлар. Шунингдек, пайғамбар алайҳиссалом Қуръонни уч кунда хатм қилиш учун изн истаган Саъд ибн Мунзир исмли саҳобага ҳам изн берганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқишга қўйган чегаралари тушунишга асосланган бўлмасайди Абу Ҳанифадан олдин Усмон ибн Аффон, Тамим Дорий, Саъид ибн Жубайр каби саҳобий ва тобеъинларнинг буюклари Қуръони каримни бир ракатда хатм қилишмас эди. Чунки бу инсонлар ҳадисларни “тушунмоқ” нуқтаи назаридан тафсир қилганлар.

Имом Абу Ҳанифанинг Қуръони каримни бир кечада хатм қилганини вақт ўлчови бўйича имконсиз деб билиш ҳам, масаладан бехабар бўлинганини очиқлайди. Зеро, 1960 йилларга қадар Истанбулдаги баъзи масжидларда Қадр кечалари таровеҳ намозларида Қуръони карим хатм қилинар эди.

Имоми Аъзам Қуръони каримни ўқиркан оятлар у кишининг руҳида бўронлар қўзғатарди, баланд овозда йиғлардилар. Кечаларнинг бирида намозда «Бас, Аллоҳ бизга марҳамат қилди ва бизни самум азобидан сақлади» («Тур» сураси, 27-оят), оятини қироат қиларкан тўхтаб қолдилар ва шу оятни муаззин бомдод намозига азон чақиргунга қадар такрорладилар. Яна бир хуфтон намозидан кейинги намозида қироат қилиб, «Ҳа, уларга ваъда қилинган вақт Соатдир. Ва у Соат офатлироқ ва аччиқроқдир. («Қамар» сураси, 46-оят) оятига етганича ундан уёғига ўтолмадилар ва ушбу оятни тонгга қадар йиғи билан ўқидилар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бутун вақтларини ибодатга кўра режалаштирардилар. Кундузлари аниқ бир миқдорда ухлар, қолган вақтларини дарс ва ибодат билан тўлдирардилар. Асрнинг таниқлиларидан Мисор ибн Қидомнинг ушбу сўзлари ҳам бу айтилганларни тасдиқлайди: “Имом Абу Ҳанифа масжидларида экан, (мен ҳам масжидга) бордим. Бомдод намозини ўқиётган эдилар. Сўнг дарс ҳалқасига ўтирдилар, дарс пешин намозига қадар давом этди. Намозни ўқиб, такрор дарсга ўтирдилар. Шу йўсинда дарс аср намозига қадар давом этди. Сўнгра асрни ўқиб, ортидан шомга қадар дарс бердилар. Сўнг шомни ўқиб, хуфтонга қадар дарсда давом этдилар. У кишини бу ҳолда кўриб, ўзимга шундай дедим: “Абу Ҳанифа бундай дарс машғуллиги ичида қандай қилиб ибодатга вақт ажратадилар?”. 

Кечаси у кишининг изига тушишга қарор қилдим. Имоми Аъзам одамлар уйқуга кетиши билан масжидга бориб, бомдодга қадар намоз ўқидилар. Сўнгра уйларига қайтдилар. Дарсга киядиган кийимларини кийдилар. Такрор масжидга қайтиб бомдод намозини ўқидилар. Намоздан сўнг дарсга ўтирдилар. Илк кунги каби намоздан ташқари вақтларини дарс бериш билан ўтказдилар. Кеч тушиб одамлар уйқуга кетиши билан яна бомдодга қадар намоз ўқидилар. Кейинги кун билан тун ҳам худди шу шаклда давом этди. У кишини бу ҳолда кўриб ўзим ўзимга: “Ўлим бизни айиргунига қадар Абу Ҳанифа билан бирга бўламан”, деб қарор бердим. Мисор сўзларининг уддасидан чиқдилар; Имом Аъзамнинг масжидларида бошлари саждада турган ҳолда руҳни Аллоҳ Азза ва Жаллага таслим қилдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ илмни ибодат билан дастаклаб, қўллаб-қувватлардилар. Бунга мисол, бирор нимада бошлари қотса, китоблар ва музокаралар ечимида иложсиз қолсалар намоз ўқирдилар.  Имоми Аъзам талабаларнинг қалбига тавозуъни сингдириш учун шундай дердилар: “Бу масала ечилмаётганининг сабаби, Абу Ҳанифанинг қилган бир гуноҳидир”. Истиғфор айтар, таҳорат олиб икки ракат намоз ўқирдилар. Масала ҳам шу заҳоти ечиларди.

(давоми бор) 1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм.

Эҳсон Шеножакнинг “Имоми Аъзам изидан” китобидан 

Таржимон: Абдулвоҳид Забиҳуллоҳ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Абу Ҳанифа кўрган саҳобалар

883 18:55 09.06.2021

“Имоми Аъзам изидан” (14-қисм)

707 03:30 04.05.2021

Тожирликдан олимликка

1196 22:00 30.04.2021

“Куфада тўрт минг киши ҳадис, тўрт юз киши фиқҳ ўрганмоқда эди”

903 23:00 08.04.2021

Қозилик мансабини қабул қилмадилар...

1042 23:00 19.03.2021

Имоми Аъзам давлат вазифасини қабул қилмагани учун дарраланди

1295 21:00 10.03.2021
« Орқага