Ахлоқ

Кечиримлилик - мусулмоннинг муҳим сифатларидан

411

Динимиздаги энг улуғ, энг азиз амаллардан бири кечиримли бўлишдир. Кечиримли бўлиш имоннинг шўъбаларидандир. Аллоҳ таъоло ўта кечиримли зотдир. Аллоҳнинг Ғаффор (кечиримли), Ғафур (ўта кечиримли) исмлари ҳам бор. Парвардигори олам  кечиримли бўлганда, нега энди бандаси кечиримли бўлмасин экан. Демак, банда ҳам, ўта кечиримли бўлмоги, кечирмас бўлмаслиги лозим ва лобуддир. Агар банда кечиримли бўлмаса, нафақат хато, балки катта гуноҳ амални содир этган ҳисобланади. 

Ҳозир барчамиз муқаддас Рамазон ойида турибмиз. Яқинда Рамазон ҳайити байрами ҳам кириб келади.

Шундай муқаддас онларда ҳам, орамизда, у ер-бу ерда, ҳамон аразлашганлар борлиги ҳақида эшитиб қоламиз. Энг ёмони, ўша аразлашганлардан бирининг ярашув қўлини чўзганида хам, нариги томоннинг кечирмай келаётганини ҳам эшитиб қоламиз. Бу энди, ўта хунук, жуда қайғули ҳолатдир.

Парвардигор олам кечиримли зот. Бандаларини ҳам кечиримли бўлишга қатъий буюрган. Пайгамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кечиримли бўлганлар. Анас бин Моликдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: "Мусулмон одам ўз диндош биродаридан уч кундан ортиқ аразлашмасин".

Ҳасан Басрий айтадилар:  

«Кечиримли бўлишда иккиланманг, ўзингиздан бошқа ҳаммани кечиринг, лекин ўзингизнинг нафсингизни асло кечирманг. Зеро, у асл душманингиздир!»

Шундай экан, азизлар, ўзи шундоқ ҳам гуноҳимиз кўп, яна гуноҳимизни кўпайтирмайлик-да, кечиримли бўлайлик. Акс ҳолда, рамазон рўзаси, кўплаб хайрли амалларимиз, масжид, маҳалла, кўнгилларни обод қилиш йўлидаги хизматларимиз савобларидан маҳрум бўлиб қолишимиз хавфи бор. 

Аллоҳ таоло Рамазон ойини, Рамазон ҳайитини барчамизга муборак айласин. Барчамизни ғазабдан, ғурбатдан, ғийбатдан, ғафлатдан, ғараздан сақласин. Имонимизни, ихлосимизни,  илмимизни, амалимизни, аҳиллигимизни, тотувлигимизни зиёда айласин. Ўтганларимизни ғариқу раҳмат, шойистайи жаннат айлаб, ҳаёт бўлганларимизни эса, Ўз паноҳида, ҳифзи ҳимоясида асрасин.

Нуриддин Ҳошимов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жамол Қошиқчининг оиласи қотилларни кечирди

525 10:30 23.05.2020

Расулуллоҳ Ваҳшийни кечирганларми?

1428 07:20 12.02.2020

Кечиримли бўлишга динимиздаги чақириқлар

800 22:40 31.01.2020

Ғазабни қандай енгамиз?

765 20:00 20.11.2019

Кечиримли бўлишнинг қалбга фойдаси

1022 07:03 07.10.2019
« Орқага