Келди қиёматдан нишон

18:00 08.06.2019 1366

Топди шуҳрат халқ ичинда бу жаҳолатдан нишон,

Қолди дарвишлар дилинда доғу ҳасратдан нишон,

Қолмади мазлумлара ҳеч расту нусратдан нишон,

Сарбасар тўлди жаҳона бу бад офатдан нишон,

Тегди олам аҳлига юз минг хижолатдан нишон,

Эр биларлар, кимда бўлса ул шароратдан нишон,

Ёдга солмас хайр ишин, топган залолатдан нишон.

Не мурувватдан асар бор, не адолатдан нишон,

Шак эмасдир, дўстларим, келди қиёматдан нишон.

 

Қай киши бидъатга ботса, они, бас, эр билдилар,

Маҳшара мункир бўлиб, йўқ дунёни бор билдилар,

Шаръ ишин бад англайиб, хўб ишни бад кор билдилар,

Содиқлари хоин билиб, хоинлари ёр билдилар,

Томеълари қониъ дея, қониълари зор билдилар,

Ким шариат аҳли бўлса, ҳажв этиб, хор билдилар,

Мункири муршид билиб, ёлғонни иқрор билдилар,

Гумроҳни тақво санаб, тақвони инкор билдилар,

Шак эмасдир, дўстларим, келди қиёматдан нишон.

 

Ҳурмат аҳли бўлди ул кимнинг қўлинда созидир,

Ким Калом ўқуса, халқ ёнида хор овозидир,

Вирдлари дарвишларинг хилватда халқ анбозидир,

Ўртада қизу жувон, дерсанки, тўйдир, бозидир,

Сакрашар қизу келин устингга, гўё тозидир,

Ҳақ ишиндан бехабар халқ ичра баъзи қозидир,

Тобиъи жиндир анинг, ҳаққоки, шайтон ўзидир,

Баски, дўзах жойидур, ҳар ким бу ишга розидир,

Шак эмасдир, дўстларим, келди қиёматдан нишон.

Тангри, Пайғамбар сўзиндан бехабар бепирлар,

Фосиқин қози билиб, ноибни султон дерлар,

Ҳар киши, аввал келиб кўрсангки, "ришват бер"лар,

Боғлабон бўҳтон ила фақр аҳлига тақсирлар,

Салла боғлаб бошига, оч бўри – сўфи, пирлар,

Айлабон халқ устига кўп ҳийлаи тазвирлар,

Гар ҳалолу гар ҳаром топса, тиқарлар, ерлар,

Рўзи маҳшар Ҳақ, Расулга не жавобни дерлар?!

Шак эмасдир, дўстларим, келди қиёматдан нишон.

 

Айтавер, Махтумқули, сўз бирла дардинг ҳар замон,

Не учун золимга навбат берди бу давру замон,

Ул сабабдан кўз кўриб, эшитса ким, кечди гумон,

Айлабон бир-бирига даъвойи ботилни ҳамон,

Арзимас бир мол учун, шаксиз, берар қўлдан иймон,

Ўзини эр деб билар, ким ортиқ иш қилса ёмон,

Бу кўнгил юз шавқ этар, ноҳақ учун тўкмакка қон,

Гурбанинг етса кучи, қоплонга ҳеч бермас омон,

Шак эмасдир, дўстларим, келди қиёматдан нишон.

 

Махтумқули

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!