Илм

“Келин салом” шариатда борми?

6138

Икки аёлнинг суҳбатига бехосдан гувоҳ бўлиб қолдим. Улар ўзаро келин салом маросими ҳақида суҳбатлашиб кетишаётган эди. Бири яқинда тўй қилганини ва келин салом маросими ажойиб ўтгани, ёр-ёр айтиш учун қудаси фалончи артистни олиб келганини фахр билан мақтанаётганини эшитиб тўғриси хайрон қолдим. 

Ҳар бир халқнинг ўзига яраша урф-одатлари бўлади. Хусусан бизнинг ҳам хос ва мос урф-одатларимиз борки, уларнинг барчаси бизнинг ўзлигимиздан хабар бериб туради. Чунки улар миллийлик ва маданиятимизни ифода этса-да, лекин асли ўзаги динимиз ҳукмларидан олинган бўлади ёки энг камида унга хилоф бўлмайди. Аммо худосиз бўлган шўролар даври тузумининг сиёсати туфайли юртимиз аҳолиси диндан анча узоқлашди. Натижада бизга мутлақо бегона бўлган урф-одатлар пайдо бўлиб халқнинг онгига сингдирилди. Бидъат-хурофот ўлароқ пайдо бўлган урф-одатларнинг сон-саноғи йўқ. Ана шундай бидъатлардан бири ҳозирги кунда “келин салом” маросими десак, хато бўлмайди. Бу ҳақида эшитмаган инсон бўлмаса керак.

«Янги келинчак уни йўқлаб келаётган меҳмонларга эҳтиром кўрсатиб салом берса, нимаси ёмон?» дерсиз. Тўғри, салом бериш шариатимизда суннат амал. Ва бу амал туфайли қанчадан-қанча баракотлар, хайриятлар ва ўзаро меҳр-оқибатлар тикланиб, мустаҳламланади. Фақатгина бу амал шариатимизга мувофиқ бўлиши шарт.

Бу маросим ҳозирги кунда жуда оммалашиб кетган. Баъзи жойларда бу худди тўйдек ўтказилади. Бунинг  барча ташвиши эса қиз чиқараётган ота-онага тушади. Улар келин салом учун алоҳида тайёргарлик қилишлари шарт. Тўйдан кейин ўтказиладиган бу маросим ҳозирги кун ҳолатидан келиб чиқиб айтганда тўйнинг давомидек кўринади. Махсус либослар, тоғоралар, санъаткорлар (ҳозирги кунда уларнинг нархи юз доллардан бошланиб, минг долларгача етган), шу билан бирга совға саломлар буларнинг барчаси қиз ўстирган муштипар ота-онанинг бўйнида. Эсон-омон тўйни ўтказиб олдик, деб турган ота-она учун яна шунча ташвиш. Маросим давомида қилинган исроф барчага маълум. Қолаверса, келин саломдан барча қиз чиқарган ота-оналар безиб қолишган. Лекин мажбур бўлганларидан, қудаларининг олдида сохта обрў-эътибор олиш, ундан ташқари қизининг ушбу хонадонда тиниб-тинчиб кетиши учун ҳам бунга сабр қилишмоқда.

Шариатимизда эгилиб салом беришдан қайтарилганимиз ҳақида ҳозирги кунда жуда кўпчилик билмайди. Салом бериш вақтидаги эгилишнинг ҳукми қуйдагича: cаҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Киши биродарига йўлиққанда (саломлашиш учун) унга эгилса бўладими?» деб сўрадилар.

Шунда у зот: «Йўқ», дедилар («Мажаллатул буҳусил исламия»).

Демак, «келин салом» маросимида келинларимиз етти букилиб салом берар эканлар, бу шариатимизнинг кўрсатмасига хилофдир. Агар намоздаги рукуъ даражасида эгилиб салом берса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Шундай экан нима учун ёши улуғлар бу бидъатга чек қўймайдилар. Аксинча, улар келинларга қараб эгилиб-эгилиб салом қилинг, дея маслаҳат ҳам беришади. 

Бидъатлар динни яхши билмаслик оқибатида келиб чиқади, деб бекорга айтилмаган. Ҳар қандай ота-она қизининг бахти учун ҳамма нарсага тайёр бўлади. Лекин мазкур бидъатларга кимдир чек қўймаса, кундан-кун илдизи отиб бораверади. Шундай экан, бундай динимизга хилоф ишларни бартараф қилиш учун мўмин-мусулмонлар биргаликда курашишлари вожибдир.

Нозима Умарали қизи.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Муносиб келин»

1516 06:00 11.05.2020

Биз кимларни тарбиялаяпмиз?

1840 08:30 29.02.2020

Кабоб егиси келган келин ва жаҳлдор қайнота...

10535 16:00 12.02.2020

Асл сарпо

1517 08:00 11.02.2020

Келиннинг ётоғида...

2939 18:00 07.02.2020
« Орқага