Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Келин томондан “маҳр” олишни тўхтатайлик ёхуд ўзбек қизларининг Кореяга бахт излаб келиши

1657

Аввалроқ бир журналистнинг опа-сингилларимиз нега Кореяга келин бўлиб кетмоқда, деган мазмунда куюниб ёзган постини ўқигандим. Бугун эса Жанубий Кореяда турмуш қурган аёлнинг таъсирланиб ёзган изоҳларига кўзим тушди: “Яхши ҳам ўзбекка тегмабман. Ота-онам куёвга овқат тошиб ўтармиди?! Унинг ички кийимигача биз олиб берармидик?!” Оғриқли гаплар. Менинг фикрим қуйидагича.

Ўтган аср 90-йиллари бошида аҳолисининг ўртача ёши 26 бўлган Жанубий Корея бугунги кунга келиб, 41 ёшлик натижани кўрсатмоқда. Сезганингиздек, мазкур кўрсаткичнинг сабаби — туғилишнинг камайиб кетганлиги, катта эҳтимол билан никоҳ тўйларининг ноёб бўлиб бораётгани. Қизиқиш учун уч-тўрт корейс бўйдоқларининг суҳбатини олдим. Ёши 33-35 бўлишига қарамай, ҳали ҳам уйланмаган. Асосий сабаб дея корейс қизларининг тўй учун қўядиган талабларини келтиришяпти.

Куёвликка номзод келиннинг “ўтин ёриш” синовидан ўтиши керак:

  • ўз номида алоҳида турар-жой;
  • ҳисоб рақамида минимум 50 минг доллар;
  • маоши юқори бўлган барқарор иш билан таъминланганли..к.

Синовдан ўта олмай “Ким ҳам бизга турмушга чиқарди”, — деб куйинган завод ишчисига биздаги вазият тўғрисида айтишга тилим бормади.

Энди танганинг иккинчи томонига қарайлик. Бугунги кунга келиб, бизда йигит уйланишидан кўра қизнинг турмушга чиқиши қимматроқ тушяпти. На дунёвий, на диний асосларга тўғри келадиган “уй тўлдир, куёв кийинтир” каби удумлар ҳали ҳамон ҳаёт. Мебелни зўридан талаб қиламизда, яна четга турмушга чиқаётганларни танқид қилиб ётаверамиз.

Кореяга келин бўлиб келган бир неча ватандош опа-сингилларнинг фикрига назар солдим. Кўнгилдагидек яшаётганлар кам эмас, дейишди. Баъзилари ҳатто турмуш ўртоғининг Исломни қабул қилишига гувоҳ бўлганини таъкидлади. (Унинг эътиқоди Ўзига аён, эшитганимни ёздим)

Қизларимизнинг бошқа давлатга оила бекаси бўлиб кетиши тарафдори эмасман, буни уларнинг ўзи ҳам, ота-онаси ҳам орзу қилмаса керак. Ислом дини нуқтаи назаридан шахсий фикрга ўрин йўқ. Ҳукм очиқ-равшан. Аллоҳнинг ояти нозил бўлган:

“Мушрик эркакларга, то иймон келтирмагунларича, (мўмина қизларни) никоҳлаб берманг. Зеро, ҳур мушрикдан кўра иймонли қул яхшироқдир, гарчи у (мушрик) сизларга манзур туюлса ҳам”. (Бақара, 221-оят).

Бизнинг таҳлил эса мазкур ҳолатга сабабчи бўлиб қолаётган омилларга қаратилди. Масаланинг молиявий томони кўп жиҳатларда асосий муаммо эканлиги ойдинлашиб қолди. Мўмайгина пул илинжида дейишга шошилмаган бўлардим. Чунки улар ҳам миллиардер, Гангнамда бизнесларни очиб қўйган бойваччалар эмас. Оддий, ўртаҳол, уйланишни истаган ва аксарияти уйлана олмаётган кишилар.

Тўй қилиш борасида Кореяда йигитлар, Ўзбекистонда эса қизлар қийин вазиятга рўбаро бўляпти. Афсуски, эҳтиёж ва талаблар бир-бирига мутаносиб келаётгандек.
Бундай турмушлар сони ортиб бораётганини кўриб, баъзида оила бозорида рақобатбардош бўлолмай қолдикмикан, деб ўйлаб қоламан. Фақат танқид қилавермай, ечим устида ҳам ишлайлик. Келин томондан “маҳр” олишни тўхтатайлик!

Ташаббус куёв тарафдан чиқмас экан, қудалар “Эртага қизимизни борган жойида маломат қилишмасин”, — деб доимгидек сеп тайёрлашга уринаверади. Қурби етмагани қарзга ботади ёки муаммога ечимни бошқа жойдан излайди.

Элдор Воҳидов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Солиҳа келиннинг қайнонага муомаласи шундай бўлади

2055 21:00 09.02.2021

Қайнона "иккинчи эр"ми?..

1983 16:09 03.02.2021

Касал келинини кўчага ҳайдаган қайнона...

1502 11:10 03.11.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Муносиб келин»

2025 06:00 11.05.2020

“Келин салом” шариатда борми?

9006 06:30 20.03.2020
« Орқага