Ким айбдор, ҳайдовчими ёки йўловчи?

17:00 01.03.2019 747

Жамоат транспортларида нафақахўрларнинг бепул юриши ҳақидаги гаплар анча пайт халқ орасида айланиб юрди. Аммо тошкент метрополитенида соат 10:00дан 16:00 гача ҳаракатланиш бепуллигини ҳисобга олмаганда бу борада бирор бир янгилик бўлгани йўқ. Аммо бугунги кунда жамоат транспортларида ҳаракатланаётган ўқувчи, нафақахўрларга ҳайдовчи ва чиптачилар томонидан қилинаётган муомалани қониқарли деб бўлмайди.

Ҳар куни мактабга қизимни олиб бориб келиш учун жамоат транспортларидан фойдаланаман. Лекин айрим ҳайдовчи ва чиптачиларнинг илон эшитса пўст ташлайдиган сўзлар билан сўкиниши, ёши улуғ, кекса кишиларни, аёлларни ҳурмат қилмаслиги таъбни хира қилади. Узоғимизни яқин қилаётган бу инсонларнинг устига мағзава ағдаришдан йироқмиз. Бироқ автобусга адашиб пулсиз чиқиб қолган (кексайганда хотира сустлашишини ҳайдовчилар ҳам билишса керак) ҳақоратлаб, тушириб юбориш одамгарчилик, инсонийлик қоидаларига тўғри келармикан? Майли, ўша кекса киши ҳар куни шундай баҳона қилди ҳам дейлик, лекин ўша автобус у киши чиқсаям, чиқмасаям манзилга боради. Халқимизда “яхшилик қил, сувга ташла балиқ билар, балиқ билмаса холиқ билар” яъни оллоҳ кўриб турибди, деган нақл бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламдан “яримта хурмо билан бўлса ҳам садақа қилинг”, “яхши сўз ҳам садақадир” деган ҳадислар ривоят қилинади. Ҳайдовчи ва чиптачиларимиз шу ривоят ва ҳадисларни эсга олиб, бировнинг дилини оғритмасдан тушунтириш ишларини олиб боришса, бақириб-чақириб ўзларига нафрат орттирганларидан кўра яхшироқ эмасми?

Биз бу билан ёш, навқиронлар ҳам текинга кетаверсин, демоқчимасмиз. Лекин ўзимизнинг ҳам кексайишимиз, паришонхотир бўлиб қолишимиз бор.

Бир куни шошганимча уйдан зарур иш билан чиқдим. Таксига ўтирдим. Манзилга етганда қарасам пулим йўқ. Шошганда бошқа сумкамни олган эканман. Таксичига нима дейишни билмай, майлими телефонингизга йўл кира ҳаққини туширворсам – дедим. Юзимга ҳайрон қаради. Вазиятни тушунтирдим, тушунди. (балки бошқаси бўлганда тушунмасди).

Агар шу ҳолат автобусда бўлганда жамоат жойда менга қандай муомала қилишарди? Ўйлаб уялиб кетдим. Аниқ бир дилсиёҳлик юз берарди. Чунки кўп маротаба мактаб ўқувчиларини кам пул бердинг деб ярим йўлда тушириб кетган, болаларнинг юзига пулини отган ҳайдовчиларни, чиптачиларни кўряпман. Балки бу ишларда халқнинг ўзи ҳам айбдордир, бироқ ҳар қандай муаммони муроса-ю, мадора йўли билан ҳал қилиш инсонийликдандир.

Саида ИБОДИНОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!