Илм

Ким биринчи узр сўраса...

658

Ислом динида мункар, қайтарилган ишлардан бири аразлашишдир.

Аллоҳ таоло инсониятни бу балодан қаттиқ қайтарган. Одам боласининг бир-биридан аразлашиши асло дурустмас. Чунки, ҳаммамиз бир ота, бир онанинг болаларимиз.  Қуръони каримнинг "Ҳужурот" сураси 10-оятида шундай дейилган: "Албатта, мўъминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳдан қўрқингиз, шоядки раҳим қилинсангиз". 

Бу оятнинг тафсирида уламоларимиз айтадиким, барча мўъмин-мусулмонлар ака-укадир, опа-сингилдир. Шундай экан, улар ҳеч қачон ўзаро урушмаслиги, аразлашмаслиги, хафалашиб,  кек, гина сақламаслиги лозим ва лобуд бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам сизу-бизни араздан, гинадан, ўзаро хафалашиб юришдан қайтарганлар. Бир муборак ҳадисда шундай дейилади: “Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, унинг қонини тўккан билан баробар бўлади”. Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилганлар: "Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас, учрашиб қолсалар, у ҳам юз ўгириб кетади, бу ҳам юз ўгириб кетади. Икковининг яхшироғи ассаломни биринчи бошлаганидир".

Демак, мусулмон одам учун, бошқа мусулмон одамдан аразлашиб юришга,  гаплашмай, кек, гина сақлаб юришга ҳаққи йўқ, чунки бунга йўл йўқ, рухсат йўқ.

Аммо орамизда бундай одамларнинг, оз бўлса-да, бор эканлиги жуда уятли ва қайғули ҳолатдир. Уларнинг аксарияти ёши катталар эканлиги айни бедодликдир.

Баъзи маҳалладошлар, уйдошлар (кўп қаватли уйда яшовчилар), ҳамкасблар, ёру-дўстлар, дугоналар, қўни-қўшнилар, қавми-қариндошлар соатлаб, кунлаб, ойлаб аразлашиб юришади. Биз, биродарлар, масжид масъуллари, одамлар орасида кўп бўламиз, биламиз. Бундайларни номма-ном, уйма-уй биламиз, ҳаттоки. Яраштиришга ҳаракатлар қилганмиз, қиляпмиз. Айримлари бир-бирини айблаб, айбини бўрттириб, ғийбат ва чақимчилик  қилиб юришади. Бу ҳам етмаганидек, душманлик қилиш, ёмонлик қилиш пайида бўлишади, қилишади ҳам. Бу энди, катта гуноҳларнинг энг каттаси. Икки дунёси куйиб кетади, ахир уларнинг.

Азизлар, Рамазон ойининг ҳаққи-ҳурмати, Рамазон ҳайитининг ҳақи-ҳурмати, бир-биримизни кечирайлик. Қадамни биринчи бўлиб ташлайлик. "У айбдор эди, унинг айби катта эди, у бошласин", деб ўтирмайлик.

Савобнинг каттасини биринчи қадам ташлаган одам олади. "Майли, савобнинг каттасини у олақолсин, мен эса кутаман", дейиш ҳам асло ярамайди. Пайсалга солиш, чўзиб юриш ҳам мумкинмас, дурустмас.

Ўрни келганда айтиш керак, бу гап яна баъзи одамларга, яъни давлатга, сиесатга араз қилиб, жаҳл қилиб, ёки алданиб, чет элларда юрган ватандошларимизга ҳам тегишлидир. Улар ҳам, ҳаммасини унутиб, кечиримли бўлиб, оилалари, қавми-қариндошлари бағрига, даврасига тезроқ қайтсалар бўларди. Энг тўғриси ҳам, энг яхшиси ҳам, шу аслида. Уларнинг динимизга ҳам, дунемизга ҳам, давлатимизга хам, диндошларимизга ҳам, фойдаларидан кўра, зарарлари кўпроқ бўлаётганини, тегаётганини,  бир зум, бир неча зум ўйласалар, ўйлаб кўрсалар, яхши бўлур эди.

Шундай қилиб, орани ислоҳ қилиш, ҳар биримизнинг мўъмин-мусулмонлик бурчимиз, вазифамиздир.

Камина бу борада, озгина бўлса-да, хизматини, ҳиссасини қўшишга интилмоқда. Келинг энди, ҳар бир инсон  ўз хиссасини,  хизматини қўшсин. Аразлашганлар аразини тўхтатса, иложи бўлса, буни шеригига билдирса,  ўша одамнинг хизмати, ҳиссаси меникидан ҳам, ҳамманикидан ҳам кўп ва хўп бўлур эди, иншааьаллох.

Ниҳоят, ҳаммамизга Моҳи рамазон ва Ийди рамазон муборак бўлсин.

Аллоҳ таоло ҳаммамиздан рози бўлсин, гуноҳларимизни кечирсин, ўтганларимизни раҳмату-мағфират қилсин. Қалбларимизга биродарлик, ака-укачилик, опа-сингиллик туйғуларини, ҳамда имон-эътиқод, инсоф-тавфиқ, рушду ҳидоят уруғларини янада чуқурроқ жо айласин.

Нуриддин Ҳошимов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қардошлар ўртасидаги низодан ким манфаатдор?

594 10:00 01.06.2020

Жаҳаннам аҳлига аталган азоблар...

261 09:34 01.06.2020

Исроил туғёни давом этмоқда: ал-Ақсо масжиди имоми ҳибсга олинди

467 09:03 01.06.2020

Хаёллар ёмон... 

733 06:35 01.06.2020

Туркистон ва Афғонистон мусулмонларининг аввалги ҳоли

1221 20:05 31.05.2020

“Ўрикзор” бозорида коронавирус чиққан сотувчининг фарзандларида ҳам инфекция аниқланди

812 22:19 30.05.2020
« Орқага