Таҳлил

Ким Чен Ин 365 кун дам олишсиз ва уйқусиз ишлаши ҳақида...

1358

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг тез-тез йўқолиб қолаётгани ҳақида хабарлар роса айланди. 

Яқинда New York Post  газетасида берилган маълумотларда бунинг боиси ойдинлашгандек гўё. У сиз ўйлаётгандек касаллик, жарроҳлик амалиёти, ортиқча вазн туфайли нафас қисиши ва саломатликдаги бошқа муаммолар, махфий ҳарамхоналардаги базму жамшидлар эмас экан. 

Айтилишича, сабаблар умуман бошқа томонларда "учиб юрибди". 

Яъни ушбу нашрнинг хабар беришича, жаноб Ким йилига 365 кун, тиним билмай, дам олмай, ҳатто ухламай ишлаётган экан. Ҳатто туғилган куни ва уни нишонлаш ҳам эсидан чиқиб кетибди. Албатта, америкалик журналист буларни осмондан олиб ёзмаган. Балки КХДРдаги "Нодон синмун"(номидаги биринчи сўзнинг ўзбекча муқобили ҳам борлигига нима дейсиз) кундалик газетаси маълумотларига асосланиб ўз "фантастик қиссаси"ни тузган.

New York Post 'да ёзилишича, Шимолий Кореянинг мазкур расмий нашри биринчи саҳифаси Ким Чен Ин бошқарувининг охирги саккиз йилини мадҳ этишга бағишланган.

"Бошиданоқ лидеримизнинг инқилобий тақвимида... дам олиш, байрам ва таваллуд кунлари йўқ эди", — дейилади мақолада.

"Олий етакчи, жаноб Ким Чен Ин ҳозирги кунда ҳам ухламаслик, дам олмасликда давом этмоқда, чунки иш графиги жуда тиғиз", — дея урғу беради газета.

Мақолада Шимолий Корея раҳбари сиёсатида "одамлар устувор аҳамият касб этиши"га алоҳида эътибор қаратилган. Қайд этилишича, Ким Чен Ин кимки ўз лавозимини суиистеъмол қилса, ҳеч иккиланмай, уни жазолайди. Бу борада унинг ҳарбийлар сафларидан коррупция иллатини тозалаш ҳақидаги буйруғига тўхталиб ўтилади. 

Нашр халқнинг Кимга нисбатан муҳаббатини ҳам юксак баҳолайди. Бугун мамлакат бошидан ўтказаётган "мислсиз қийинчиликлар" ва "оғир шароитлар", жумладан, хориж давлатларининг босимларига қарамай у мамлакатни оқилона бошқариб келаётгани мақталган. 

Ёзилишича, Ким Чен Ин раҳнамолигида мамлакат армияси шу қадар кучайтирилдики, натижада у "дунё даражасидаги ҳарбий қудрат" касб этди. Бу кетишда яқин келажакда иқтисодиёт ҳам жаҳон миқёсида муваффақиятларга эришиши қўшимча қилиб кетилган.

Шу ўринда савол туғилади? Бундай мадҳлар у тарафларда оддий ҳолки, нимасидан ажабланиш керак?

Гап шундаки, мақоланинг ўзига хослиги унинг мазмунида эмас, балки контексти, яъни чоп этилиш важида десак хато бўлмайди. Сабаби бундай "шапалоқдек" мадҳия Ким Чен Ин қудратга келганининг 8 йиллигига бағишлаб апрель ойида чоп этилиши кутилаётган эди. Аммо ижод намунаси кейинроқ, яъни майда эълон қилинди. Балки ҳукуматнинг бундай қилишдан мақсади бошқадир. 

Келинг тахмин қилиб кўрамиз. Икки ҳафтадан бери кўринмаётган Ким Чен Ин ҳақида май ўрталарига келиб яна миш-мишлар тарқала бошлаган эди. Мақола эса 16 май куни тезкорлик билан чоп этилди. Балки шу орқали давлат раҳбари азбаройи кўп меҳнат қилаётганидан, халқига кўриниш учун ҳам вақт топа олмаяпти демоқчи бўлишгандир. Яна билмадик.

Эсингизда бўлса, Шимолий Корея етакчиси 15 апрель куни мамлакатда нишонланадиган энг катта байрамлардан бири — бобоси Ким Ир Сеннинг туғилгани кунида иштирок этмаганидан сўнг, уни ғарб оммавий ахборот воситалари "ўлди"га чиқаришган эди. Аммо орадан кўп ўтмай Дональд Трамп Ким Чен Инни соғ-омон кўриб турганидан хурсанд эканлигини изҳор этганди.

Манба: Platforma.uz

УЛАШИНГ:

« Орқага