Комилликнинг қирқ қоидаси

10:00 12.01.2019 774

Атрофдагилар муносабатнинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Комил инсон бу қоидаларни яхши билиши керак. Аллоҳга, пайғамбарларга, саҳобалар, салафи солиҳлар, ўтмишдаги буюк шахслар, устозлар, дўсту биродар, оила аъзолар, болаларга хос бўлган муносабат одоби бор. Қуйида комилликнинг қирқ футувват одобини баҳам кўришни лозим топдик.

Ҳар бир мўминни биродар билинг ва биродарлик муносабатини ўрнига қўйинг.

Қийинчиликда ҳам, енгилликда ҳам, торлик ва фаровонликда бир хил ҳолатда бўлинг.

Барча махлуқотга; жониворларга, инсонларга, жумладан кексалар ва болаларга меҳр-шафқат билан хизмат қилинг.

Инсонлар сизга қандай муносабатда бўлишини истасангиз, уларга шундай, ҳатто ундан-да яхши муносабатда бўлинг.

Ўзингизга раво кўрганни биродарингизга ҳам раво кўринг.

Бошқаларнинг манфаатини ўз манфаатингиздан устун кўринг.

Нафсингизга душман бўлинг. Нафсга ҳаром роҳатни ман қилинг.

Кам енг, кам ухланг, кам гапиринг, лағв ва беҳуда ишларни тарк қилинг.

Буюрилганларга амал қилинг, ман этилганлардан сақланинг.

Кин тутманг, ҳасад қилманг, золимга душман бўлинг.

Суннатларга қатъий амал қилинг. Макруҳларга яқинлашманг.

Қариндошлик ришталарини узманг. Марҳаматли бўлинг, зиддиятлардан қочинг.

Сабрли бўлинг. Гуноҳ ишлардан ташқари ҳар доим дўстларингизни қўллаб-қувватланг.

Аввал қалбингизни, сўнг ташингизни гўзал қилинг. Қалбингизни зикр билан, ташингизни ибодат ва гўзал ахлоқ билан зийнатланг.

Дўстларингизга ва эҳтиёжмандларга тамасиз, миннатсиз ёрдам қилинг.

Ёмонликка яхшилик билан жавоб қилинг. Бермаганга беринг, келмаганга боринг.

Хатоларни яширинг; Ўз хатоларингиз билан шу қадар машғул бўлингки, бошқаларнинг айбу хатосини муҳокама қилишга вақтингиз қолмасин.

Даъват қилинмасангиз-да, қариндошларингизни зиёрат қилинг. Зарар берманг, зарар кўрманг. 
Таклиф ва такаллуфдан узоқ туринг.

Аллоҳнинг неъматларига шукр қилинг, тортиқни айбситманг.

Одамларга қўшилинг, дўст бўлинг, лекин тўғри йўлдан оғиштирадиган, хатоларга бошлайдиганлар билан эмас.

Бировга насиҳат қилсангиз фақат ўзига қилинг. Ким бўлишидан қатъий назар, насиҳат ва ўгитларни, танқидларни тавозею мамнуният билан қабул қилинг.

Сахий бўлинг. Ҳатто муҳтожликда ҳам кўзи тўқ, қаноатли бўлинг.

Дўстларингизни қадрланг, вафодор бўлинг, эски дўстликни узайтиринг.

Самимият ва завқ билан инсонларга егулик тортиқ қилинг, ҳадялар улашинг.

Яхшиликда ва дастурхон ёзганда энг яқин дўстинги ҳамда энг узоқ бегонага бир хил муносабатда бўлинг.

Дўстларингиз сизнинг ашёларингда ўзиникидек фойдаланишига имкон беринг.

Мусофир ва фақирларни яхши кўринг. Уларга яхши муносабатда бўлинг. Фақирни камситманг, бойларга қуллик қилманг.

Очиқ кўнгил, қўли очиқ бўлинг. Ҳар бир амалингизни холис Аллоҳ учун бажаринг.

Аллоҳ йўлида сарфлаганингизни ҳақиқий бойлик деб билинг.

Яхшиликларингизни унутинг, жавоб кутманг. Миннат қилиб, маҳрум бўлманг. Ўзингизга қилинган яхшиликларни унутманг ва ундан ҳам яхши жавоб қилинг.

Нафсингизни ҳар доим тафтиш қилинг. Хатти-ҳаракатларингизни идора қилинг, хатоларингизга тавба қилинг ва ислоҳ этинг.

Эҳтиёжингизга ўзингиз яранг. Ҳеч кимга юк бўлманг. Ризқ Аллоҳдан эканига қатъий ишонинг.
Ҳар доим энг мукаммал ахлоқ ва фазилатли амални танланг.

Жазолашга кучингиз етса-да, кечиринг. Озор бериш ва жазолаш ўрнига кечиришни афзал билинг.

Инсонларга ҳусну хулқ билан муносабатда бўлинг. Уларга ақли ва илм даражасига кўра муомала қилинг.

Машаққат чексангизда, дўстларингиз хотиржамлиги учун ҳаракат қилинг. Ўз ҳаққингиздан кечишга тўғри келса, кечиб юборинг, бироқ, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳар доим ҳимоя қилинг, хиёнат қилманг.

Динда ўзингиздан баландда, дунёда ўзингиздан қуйида бўлганлар билан дўстлашинг.

Ҳукмдорларга итоат қилинг. Ваколатли инсонлар билан ишларингизни маслаҳатлашинг ва маслаҳатларига амал қилинг.

Дин ва ахлоқда бахил бўлинг. Мол-дунё борасида эса сахий бўлинг. Дин ва ахлоқингиздан ҳеч нарсани фидо қилманг, мол-дунёингизни эса бошқалар учун сарфланг.

Аллоҳ ва пайғамбари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўпроқ севинг ва буюк Ҳабибимиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча буюрганларига риоя этинг.

Ҳазрати Одам алайҳиссаломдан бошланган футувват занжирининг Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам умматларидаги байроқдори Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳолардир. Барча пайғамбарлар,асҳоби киром, саллафи солиҳинлар ва Ислом тарихидаги буюклар футувват йўлининг юлдузлари ҳисобланади.

Умида АДИЗОВА тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!