Таҳлил

Кореядаги фирибгарликлар ҳақида

1850

Жанубий Корея дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири ҳисобланади. Хавфсизлик кузатув камералари орқали ҳар бир кўчанинг бурчаги кузатилади. Тунги соатларда ҳам бутун мамлакатнинг хоҳлаган жойида бехавотир юришингиз мумкин. Ўғрилик, талончилик тугул, ҳатто йўл транспорти ходисаларини ҳам учратмаслигингиз мумкин бу ерда.

Полиция, ички хавфсизлик органлари анча замонавий ва жуда тезкор фаолият юритади. Лекин шундай бўлса-да, товламачилик, алдов, фирибгарликлар учраб туради. Асосан, товламачиликлар иш топиш ва ҳужжатлар билан боғлиқ ва кўпинча чет эл фуқаролари орасида юзага келади. Яъни бир-бирини, ўз ватандошини алдаб кетиш ҳолатлари кўпроқ. Бунга асосий сабаб чет давлатига келиб танишлари бўлмаган инсонларнинг ўзининг ватандошига ҳаддан ортиқ ишонч билдириши бўлса керак.

Энг кўп товламачиликлар иш топиб берувчи ўртакаш агентлар орасида учрайди. Яъни ижтимоий тармоқлар, телеграм гуруҳлари ва Фейсбукда кўп иш бўйича эълонлар берилади ва кўпинча иш жойига боришингиз, манзилни бериш эвазига ўз хизмат ҳаққини ($100дан $300гача) олдиндан талаб қилишади. Одатда бу жараён ўзаро учрашмаган ҳолда, пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Кейинчалик иш жойига бориб иш шароити билан танишилганда ваъда қилинган ойлик маош ёки иш умуман бошқача бўлиб чиқади. Агентдан эса пулни қайтариб олиш амри маҳол ёки воқеадан хабар топгач телефон рақамини ўзгартириб олади. Шу билан берган пулингизга чув тушиб ўтираверасиз.

Баъзида агентлар олдиндан хақ олмаслигини ёки умуман хизмати текин эканлигини айтиб ишга жойлаштириб қўяди. Ойлик иш ҳақи олиш вақти келганда, корхона рахбарига барча ишчиларнинг ойлигини шахсан ўзи беришини айтиб, ҳамма пулларни олиб қочиб қолади ёки шунга ўхшаш ҳолатлар. Кейинги ўринларда, ишчи ва бошқа виза турларини олиб бериш, ўқишга олиб кириб қўйиш ва яна шунга ўхшаш ҳужжатларни тайёрлаб бериш билан боғлиқ товламачиликлар ҳисобланади.

Корейс фуқаролари ўз ватандошларини алдамайди, лекин хориж фуқаролари борасида бундай дейиш қийин. Шахсан ўзим бир неча бор ташкилот рахбарлари, иш берувчилар томонидан ойлик иш ҳақини турли баҳоналар билан бермаган ҳолатларга гувоҳ бўлганман. Бундай вазиятларда асло қаршилик қилиб ёки жаҳл устида бирор зарар етказиб қўймаслигингиз керак, устингиздан ариза ёзиши, ҳатто иммиграция бўлимига тутиб бериши ҳам мумкин.

Товламачиликнинг турлари кўп, мен фақатгина ўзим гувоҳи бўлган ҳолатлар ҳақида ёздим, холос. Шу сабаб эхтиёткор бўлиш хеч қачон зиён қилмайди. Бу холатларга асосан талаба ва нелегал фуқаролар дуч келади. Асосий сабаблардан - талабалар ноқонуний ишлаганлиги, нолегаллар эса умуман Кореяда ноқонуний яшаётганлиги учун полиция ёки ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларга мурожаат қила олмаслигида.

Шу сабабли иложи борича бегона ёки ижтимоий тармоқлар орқали топилган ишларга жуда эҳтиёткорлик ва яхшилаб аниқлаштирган ҳолда боришни маслаҳат бераман. Агентларнинг ҳар қандай хизмат ҳаққини банк ҳисоб рақамдан пул ўтказиш йўли билан амалга оширинг. Кейинчалик нақд берилган пулларни далил сифатида ишлата олмаслигингиз мумкин.

Нима бўлган тақдирда ҳам  талабаларда ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун имконият бор. Агар шундай товламачиликларга дуч келиб қолсангиз, исталган ҳудуддаги полиция маҳкамасига ёки Бандлик Марказлари(Нодонгбу)га мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: mukhamedov | blog

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кореяда  зино  қонуний(ми?)

6064 20:00 06.11.2019

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

292 15:20 31.05.2019

Кореяда Рамазон қачон бошланиши маълум қилинди

1721 16:30 04.05.2019

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси муносабатлари алоҳида стратегик шериклик мақомига кўтарилди

419 15:55 19.04.2019

Корея Республикаси президенти Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига борди

547 20:48 18.04.2019
« Орқага