Коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли Туркия ҳукумати бугундан эътиборан янги чекловларни жорий этишга қарор қилди.
Энди ҳафта ичида ҳар куни соат 21:00 дан эрталаб 05:00 гача комендантлик соати амал қилади. Жума куни соат 21:00 да бошланадиган комендантлик соати душанба соат 05:00 гача давом этади. Бироқ ҳафта охирида зарур маҳсулотларни олиш соат 10:00 дан 17:00 гача ён атрофдаги дўконларга бориш мумкин.
Ҳукумат қарори билан мавлуд ўқитиш, таъзия, янги йилни қутлаш сингари оилавий тадбирларни ўтказиш ҳам тақиқлаб қўйилди. 65 ёшдан катта ва 20 ёшдан кичик фуқароларнинг жамоат транспортидан фойдаланиши мумкин эмас.
Туркия ҳукумати биринчи босқичда коронавирусга қарши 50 миллион доза вакцина келтирилиши ва фуқаролар бепул эмланишини маълум қилди.
30 ноябрдаги маълумотга кўра, Туркияда бир кунда 31 219 кишида коронавирус аниқланган, 188 киши ушбу инфекция оқибатида вафот этган.