Кўчадаги маданиятимиз

00:00 12.05.2019 558

Жамиятимизда, ижтимоий ҳаётимизда катта ўзгаришлар бўляпти. Бундан ҳамма хурсанд. Лекин маданиятимизда, жамиятда ўзимизни тутишда ҳам ўзгариш бўляптими?

Хорижлик сайёҳларни юртимизга таклиф қиляпмиз, лекин улар олдида шарманда бўлаётганимизни ўйламаймиз. Улар-ку майли, ўзимиз ўзимиздан уялсак яхшийди!

Мен ҳар куни дуч келадиганимиз, иккита уятли ҳолатга эътиборларингизни қаратмоқчиман:

Йўлда машинада кетаётиб, машинасини шундоқ йўл четига тўхтатиб, кечирасиз, тик туриб олиб ҳожат чиқараётганларни ҳар куни кўрамиз. Машинада оилангиз билан кетаётиб кўзингизни қаерга яширишни билмай қоласиз. Кап-катта одамлар йўл четида, сал нарироққа ҳам бормасдан, намойишкорона, бошқаларга беписанд ҳолда ҳожат чиқараётганини ҳар куни, ҳар лаҳза учратамиз. Баъзида йўл четида 4-5 та кап-катта одам қаторлашиб туриб... Бу шармандалик-ку!?

Ғизиллаб ўтаётган машиналарда оналаримиз, қизларимиз, келинларимиз бор-ку, уялмаймизми?

Ғижинамиз, уяламиз, ичимизда сўкинамиз, лекин тўхтаб гапирмаймиз.

Шаҳарлараро йўлларимизнинг деярли ҳаммаси халқаро ҳисобланади. Ҳаракатланаётган ҳар учта машинанинг бирови хорижники. Улардаги сайёҳ ёки ҳайдовчилар ҳам кулиб, ҳам ижирғаниб, ҳам сўкиб ўтса керак. Демак, жаҳон айвонида ҳам нечоғлик маданиятли, фаросатли эканлигимизни намойиш этяпмиз.

Ҳиндистон давлатига бориб келганлар уларнинг бефаросатлигини гапиришганда, ўзимизникини айтиб бир неча марта уялтирганман. “Бировга кулма зинҳор...”

Давраси келса “улуғ аждодлар юртиданмиз”, “асл маданият ўчоғиданмиз”, “боболаримиз ундоқ, ёшларимиз бундоқ...” деб аюҳаннос солишга устамиз. Лекин сал пардани очиб реал ҳаётга бир назар солайлик!

Бу борада қўшниларимиздан ўрнак олсак арзийди. Қозоғистон ҳудудида йўлга чиқинди ташлаш, айниқса йўл четига машинани тўхтатиб, ҳожат чиқариш қатъиян мумкин эмас! Бу ҳолат учун қонун билан жазо тайинланган дейишди. Бир неча юзлаб километр чўлларда юриб ҳам бирор марта автомашинасидан сигарет ёки овқат қолдиғи, баклашка ёки бошқа чиқинди улоқтираётган, машинасини тўхтатиб ҳожат чиқараётган одамни кўрмайсиз. Бўлмаса у ерда икки-уч юз километрлаб кимсасиз чўллар бор. Биринчидан одамлар қонунга риоя қилади, иккинчидан, доим ҳаракатдаги “жол полицияси” келиб қолиши мумкин, учинчидан, ўтаётган йўловчи машинадагилар биринчи учраган “жол полисияси”га сиз ҳақингизда хабар бериб кетишади. Ана сизга жамоатчилик назорати!

Йўл четига ҳар қандай ҳолатда тўхтасангиз, ўтаётган машинадагилар диққат билан қараб ўтаётганини сезиб турасиз.

Лекин йўлларнинг маълум қисмида ҳожатхоналар, чиқинди қутилари, улардан анча олдин эса бу ҳақда огоҳлантирувчи белгилар бор. Йўлдан бир четда каттагина майдон. Автомашина билан кирасиз, бир томонда ҳожатхона, иккинчи томонда енгил тамаддихона ва керакли нарсалар сотадиган дўкончалар, бир томонда ўтириб овқатланадиган шийпон ва унинг сал нарироғида каттагина чиқинди қутиси. Демак, ҳеч кимга халал бермасдан тўхтаб, дам олиб, тамадди қилиб, “енгиллашиб”, жисмоний тарбия қилиб оёқ-қўлнинг чигилини ёзиб, яна йўлда давом этасиз. Бир неча юзлаб километр чўлларда шундай шароитлар қилинган.

Бизда унақа чўллар йўқ-ку?

Ҳар қадамда - ҳар бир АЁҚШларда, чойхонаю дўконларда замонавий ҳожатхоналар ишлаб турибди, текин. Шароит керагидан ортиқ.

Катта йўл бўйида машинамиз “метан заправка”дан чиқишини кутиб тургандим. Шу ерда “заправка”нинг яхши шароитдаги ҳожатхонаси ишлаб турибди. Атрофда одамлар... Йўлнинг нариги томонига бир “Нексия” тўхтати-да, ҳайдовчи машинасининг ортига ўтиб, кўчанинг ўзида намойишкорона тик туриб ҳожат чиқара бошлади. Ҳамма “ие, ие” деб қолди. Шунда ҳожатхоначи йигит чидолмади:

– Ҳой ака, мана туалет! Келинг, текин! Кап-катта одамсиз... – деганди бояги одам гавдаси билан унга ўгирилиб “ишини” давом эттирди!.. Оралиқ 15 метрли асфальт йўл. Ҳамма ижирғаниб бошқа томонга ўгирилди. Қонун ҳеч нарса қилолмагани учун бир бетайин жамиятни булғаяпти! Икки марта яхшигина жарима тўласа ёки 15 суткага қамалса бундай қилолмайди! Радарлар чиққандан кейин учар шофёрлар жарима тўлайвериб, ўпкаси босилиб қолди-ку!

Қозоғистон Атирау вилоятида бир ўзбекистонлик белгиланмаган жойда кичик ҳожат чиқарганини полиция кўриб қолди ва ҳужжатини олиб қўйиб роса овора қилди:

– Сен қозоқ ерини булғадинг, демак қозоқларни ҳам оёқости қилдинг! Сени судга топшираман! - деб туриб олди.

Бечора ўзбек:

– Бўпти, судга топширсанг қанча жарима бўлади? Ҳозир шуни бирдан тўлайман, - деганди. Полициячи:

– Бунга жарима йўқ! Сен 20 кунга қамаласан, Закон шундай! – деб туриб қанақадир ҳужжатлар кўрсатди.

Шўрлик бошқа полициячиларга, яъни унинг шерикларига (пул таклиф қилиб, албатта) илтимос қилувди, улар ҳам “Ҳар қандай ишни ҳал қиламан, лекин буни эмас, ўзимни, юртимни ҳақорат қилган бўламан”, деб аралашмади! Хуллас, бирор соатлар “мазам йўқ, пешобимни тутиб тура олмайман” деб ялиниб, 100 доллардан зиёдроқ пул тўлаб зўрға қутулди. Лекин қутулганчаям бўлари бўлди. Бу шахсан ўзим гувоҳ бўлган ҳолат.

Россия йўлларида ҳам ҳожатхона масаласига жиддий қаралади. Йўлнинг маълум масофаларида, “заправка”, кафе ва кемпингларда албатта ҳожатхоналар бор. Йўлларда ҳожат чиқаришга қонуний жазо борми, йўқми, билмадим, бу ўта маданиятсизлик ҳисобланиб, одамлар шуни ўзига эп кўрмайди. Россияга Астрахань томондан кириб, Волгаград орқали Москвагача бориб, қайтишда Москвадан Владимирь, Нижний Новгород, Казань, Самара шаҳарлари орқали келдик. Шаҳарлардан ҳам, бепоён ўрмонлардан, кимсасиз кенгликлардан ҳам ўтдик. 3,5 минг км.дан кўп йўл босдик. Лекин бирор жойда йўл четида ҳожат чиқараётган одамни кўрмадик. У ёқда ҳам одам кўп, автомашиналар қаторма-қатор, улардаги йўловчилар ҳам одам. Лекин ҳақиқатан ОДАМ!

Бизда 10 км. юрсангиз 15 та бефаросатни кўрасиз. Нега? Шунчалик маънавий қашшоқмизми?

Мен бу масалани бир неча журналист ҳамкасбларга, ҳаттоки Тошкентдан келган депутат дўстларимга айтдим. Жимжитлик.

Ваҳоланки, бу ёқимсиз ва шармандали ҳолатга қарши курашиш умуман қийин эмас. Матбуотда, ижтимоий тармоқларда тарғиб қилинса, Бугунги Рамазонга бағишланган телесуҳбатлар, кўрсатувларнинг бир сони шунга бағишланса бўлди. Шунингдек, ички ишлар органлари, айниқса ЙПХ беш-олти кишини жаримага тортса бас. Ҳамма бирдан ҳушёр тортади. Жарима учун маъмурий қонунчиликда бирорта модда тўғри келса керак. Бўлмаса киритиш керак!

Иккинчиси, олдингизда кетаётган машинадан ҳар лаҳзада чўғи ўчмаган сигарета қолдиғи, баклашка, бир ҳовуч семичка пўчоғи ёки яна нималардир учиб қолиши мумкин. Бунга ҳам ҳар куни дуч келамиз. Ҳаттоки, уйидан олиб чиққан бир пакет чиқиндисини йўлга отиб кетадиганлар ҳам афсуски, йўқ эмас.

Жамиятда кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиш катта масала. Лекин муаммоларимизни, маданиятимиздаги доғларни аста-секин бартараф қилиб борсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Шу ўринда жамоатчилик назорати ҳам жуда муҳим. Маҳалла фаоллари ўз ҳудудида шундай салбий ҳолатга қарши курашса, бир-иккитани уялтирса, ўз фуқароларига, айниқса шофёрларига тушунтирса, албатта фойдаси бўлади. Энг муҳими, миллатни шарманда қилаётган бу иллатга қарши курашишга давлатнинг катта-катта маблағлари, давлат дастурлари шарт эмас.

 

Садриддин НАБИЕВ, ЎзА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!