«Kun.uz» мухбири фаолиятига тўсқинлик қилинди. «Айни вақтда у билан яна алоқа узилган»

18:39 09.08.2018 1661

Қуйида Kun.uz сайтида эълон қилинган хабар тўлиғича келтирилмоқда. 

Аҳоли мурожаатларини ўрганиш учун водийга йўл олган «Kun.uz» мухбири фаолиятига тўсқинлик қилинди.

8 август куни мухбир Фарғона давлат политехника институтига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтаётган биноси олдида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ундан тегишли ҳужжатларни кўрсатишни сўрашган.

Гап орасида ички ишлар органлари ходими мухбирга ҳудуддаги қониқарсиз шароитлардан нолиган. Мухбир кичик интервью тайёрлашга киришганида эса, ички ишлар органи ходими эса айтган сўзларидан тониб, «матоҳларини йиғиштириш»ни талаб қилган ва пост-патрул хизмати ходимларини чақирган.

Шундан сўнг, мухбирнинг қўлларини қайириб, Қиргулидаги милиция таянч пунктига олиб кетишган. Бу ерда унинг ёнидаги иш жиҳозлари, қўл телефони ҳамда соати олиб қўйилган. Ундан кимлиги ва нима мақсадда Фарғонада юрганини қайта-қайта сўрашган, мухбирнинг жавобларига ишончсизлик билан қаралган.

Мухбир 4 соатдан ошиқ вақт давомида милиция таянч пунктида қолган. Мухбир «Kun.uz» таҳририятига қўнғироқ қилиниб, журналист ҳақидаги маълумотлар тасдиқлатиб олинганидан кейингина, кеч тушганда идорадан чиқишга муваффақ бўлган. Аммо мухбирга буюмлари қайтариб берилаётганида қўл телефони олиб қолинган - унда видео ва аудиоёзувлар бўлиб, орган ходимлари парол туфайли телефонга кира олишмаган ва уни вақтинчаликка қайтариб бермасликка қарор қилишган.

Мухбирга жавоб берилаётганида, кейинги куни турар жойдан маълумотнома олиб келиш тайинланган.

9 август куни мухбир маълумотномани олиб, Фарғона шаҳар ички ишлар бўлимига борган. Аммо уни бу шаҳарда янги саргузашт кутмоқда эди.

Мухбир «Kun.uz» таҳририяти билан охирги марта телефон орқали боғланганида, сохта гувоҳлар иштирокида ўзига қарши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси бўйича (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) иш очилиш хавфи пайдо бўлгани, ўзини судга олиб кетишмоқчи бўлишаётгани, бу ишларнинг бошида Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғи Ҳаётжон Қодиралиевич Солиев тургани ҳақида маълумот беришга улгурди. Айни вақтда у билан яна алоқа узилган.

Таҳририятнинг вазият юзасидан Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига қилинган мурожаатлари бесамар кетмоқда.

Айни вақтда ички ишлар органлари нима учун журналистик фаолиятга тўсқинлик қилаётганини изоҳлаб бера олгани йўқ.

Бу шу кунларда рўй бериб турган воқеа. Куппа-кундузи ички ишлар органлари ходимлари ваколатларини суиистеъмол қилишиб, журналистнинг эркин фаолиятига қаршилик қилишди. Унинг кейинги икки кун учун режалари ўзгариб, таҳририят топшириқлари бажарилмай қолди.

Таҳририят фикрича, Фарғона шаҳри ички ишлар органлари бу ҳаракатлари орқали кейинги йилларда республикада амалга оширила бошлаган ислоҳотлар моҳиятини тўғри англаб етмаганини, ишлар эскича тартибда амалга оширилаётганини кўрсатиб қўймоқда.

Кўп эҳтимол билан мухбир бу вазиятдан жарима тўлаш билан қутилади. Лекин, шундай воқеа бўлган экан, бундан ёмонроғи ҳам рўй бериши мумкин.

«Kun.uz» бу ҳолат юзасидан адолат ўрнатилиши учун ҳаракатларини давом эттиради.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!