Таҳлил

Kun.uz ва Ортиқходжаевнинг «сулҳи» самимий эдими?

1903

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқни портлатган “ҳақорат ва таҳдидли аудио” воқеаси Kun.uz нинг “сулҳ” борасидаги  расмий хабари билан бутунлай бошқа ўзанга бурилиб кетди. Аксарият блогерлар Kun.uz жамоасини “ўтдан олиб, сувга сола” бошлади. Ҳатто айримлар Артиқходжаевга таҳсин айтишга ўтди: олти сонияда (шессекунт) ҳал қилди дея.

Шундан сўнг Kun.uz нинг таниқли икки журналисти Баҳодир Аҳмедов ва Зафар Солижоновлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ишдан кетганини эълон қилди. Бу оддий хабар эмас, балки ўзига нисбатан катта таҳдидга ишора ҳам эди.

Ҳокимнинг ҳақорат ва таҳдидига айрим партиялар ҳам муносабат билдирди

АОКА Артикходжаевнинг таҳдид ва ҳақоратларига муносабат билдирди 

Ҳар икки журналист, ишдан бўшашига Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан можаро сабаб бўлганини, можаро ортидан таҳририят оғир аҳволга тушганини таъкидлаган.

"Бугун биз ютқазмадик. Бугун энди уйғонаётган сўз эркинлиги, матбуот ютқазди. Жаҳонгир ака, сизга айтаман, ўшанда ҳам қарши борганман - мен итнинг боласимасман, последний тварь хам эмасман. Сиз ютганингизни эмас, давлат имижига путур етказганингизни ўйланг. Мен ризқимни топишимга ишонаман! Сизлардан илтимос, журналистларнинг ҳуқуқлари ҳимояланмаган, кучсиз матбуот даврида Kun.uz ни айбламанг!" деб ёзди Баҳодир Аҳмедов.

Зафар Солижонов @zafarbeksolijonov телеграм саҳифада ишдан кетаётганини билдириш баробарида Тошкент шаҳар ҳокимига ҳам кўнглидагиларни тўкиб солган:

“...Жаҳонгир ака Ортиқхўжаевга эса ўша гапни яна қайтараман. Мен итнинг боласи эмасман ва последняя тварь ҳам эмасман. Мен журналистлик билан шуғулланган юристман. Шунчаки, бу давлатда қонун ишлашини хоҳлагандим холос. Ғурурим эса отамдан мерос. У ҳаммасидан устун. Уни топташга ҳаққингиз йўқ. Лекин бир нарсани тушунинг. Бу жангда ҳеч ким ютмади. Айниқса сиз!” деб ёзган жумладан Солижонов.

Kun.uz муҳаррири ва махсус мухбири Шуҳрат Шокиржонов ҳам Фейсбукдаги саҳифасида бу можаро борасида баъзи тафсилотларни очиқлар экан, ўзининг тушкун кайфиятда экани, ишдан кетган ҳамкасбларини “оқламаслигини” айтиб, ижтимоий тармоқдаги айрим мулоҳазаларга муносабат билдирди:

"Ўзи бу можаро ҳам бир бечора қурувчининг ҳокимлик томонидан берилмаган пули масаласини Кун.уз журналистлари ўрганиши билан бошланган.

Олмазор туман ҳокимлиги ўшанда кам таъминланганлар учун кўп қаватли уйлар қурган қурувчининг 800 миллион сўм (100 минг доллар) пулини бермай келаётган эди.

Шу масалани суриштириб борган журналист Р.Исроилов ва тасвирчи Ш.Эгамбердиевга Олмазор туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳабов ташланган.

Тажовуз тасвири эълон қилингач, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев Кун.уз мухбирларини муросага келтириш учун чақирган. Мухбирларга яхши гапириб, «келишиб олинглар, тушунмовчилик бўлибди» деб замҳокимдан кечирим сўранглар, деган. Ҳокимнинг истагига кўра, журналистлар замҳокимдан етказилган ноқулайлик учун кечирим сўрашлари керак бўлган. Бу кечирим сўраш маросими видеотасвирга олиниб, шаҳар ҳокимлиги каналида эълон қилиниши мўлжалланган.

Журналистлар буни рад этгач, шаҳар ҳокими келиб, ҳаммага маълуму машҳур таҳдидларини баён қилган. Тўғри, охирида «лекин мен бу ишларни қилмайман, мен бунақа паст одаммасман», ҳам деган. Тарқалган «запис»да бу жойи кесиб ташланган. Охирида «келишиб, бир биримизга ёрдам бериб ишлайлик», деган.

Журналистлар рози бўлмагач, улар кетганидан сўнг А.Ваҳабов тайёр турган камералар қаршисида ҳокимлик матбуот хизматига ўша машҳур 1 гектар ер ва кўп миқдордаги пора ҳақидаги туҳматини айтиб, интервьюсини берган. Ўша интервьюда 100 минг долларни эса қурувчи хайрия қилганини айтиб ўтган. Қурувчи пулини олдими-йўқми буёғидан бехабар ҳам қолдик.

Туҳмат борасида прокуратурага мурожаат қилинганида «жиноят аломатлари йўқ», деган тамға билан икки марта иш ёпилди.

Энди виждонан айтинг: қандайдир «замҳокимча»га қонуний чора кўролмаган прокуратура органлари Ўзбекистоннинг 3-рақамли амалдори бўлган Тошкент шаҳар ҳокимига чора кўра олармиди?

...Халқни ҳам тушуниб турибмиз. Попкорнларни ғамлаб, жангни каттаси бошланди, мазза қилиб томоша қиламиз, деб туришганда Тайсон 6 секундда нокаут қилиб қўйиб, оғзидагини ҳам чайнашга улгурмай қолди кўпчилик... Шундан жаҳлланишди.

Буёғига энди мана шундай раҳбарлар қўл остида яшаймиз, чидайсизлар…" деб ёзган Ш.Шокиржонов.

Ўйлашимизча, бу масала таҳририят ва ҳоким ўртасидан чиқиб, очиқ деморатик давлат қуриш борасида янги раҳбар билан катта йўлга чиққани дунёга эълон қилган Ўзбекистоннинг масаласига айланиб бўлди. Бир қанча хорижий сиёсатчилар ҳам бу масала бўйича ўз хавотир ва ҳайронликларини билдириб улгуришди.

Бош прокуратура ҳам мазкур масаланинг “ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот бери”шини эълон қилган.

Кенг жамоатчилик, мамлакатнинг аксар журналистлари ва зиёлилари, жумладан, таниқли блогерлари бу масалада “Kun.uz”чилар билан бирга эканликларини баён қилишмоқда, бир бирларини Kun.uz жамоаси қўллаб қувватлашга чорлашяпти.

Жумладан, “Аzon.uz” таҳририяти ҳам Kun.uz жамоасини мамлакатимиздаги етакчи интернет сайти сифатида тан олади ва халқнинг манфаатлари дарду ғамини енгиллатиш йўлидаги ишларига доимо хайрихоҳ эканини билдиради. Шу билан бирга Kun.uz жамоасидаги журналистларининг қўрқмаслиги, қатъиятлиги, жонкуярлиги, ўз касбига фидоий эканидан фахр туяди. Хайрли ишларда доимо уларнинг ёнида камарбаста бўлишимизни ҳам яширмаймиз.

Тошкент шаҳар ҳокимига ҳам айтаримиз шуки, ғурурга берилиб, халқаро майдонда Президентимизнинг катта меҳнат ва машаққат билан  топаётган обрўсини тушурмасликни, эркин фикрлаш ва очиқ демократик жамиятда яшашдан умидвор бўлаётган халқимизнинг ҳафсаласини пир қилмаслигини истардик.

Зеро, рўмол ва соқол ҳақидаги шармандали муносабатлари, уйи бузилган аҳолига етарли эътибор бермагани билан халқни сиёсатга қарши қилган айрим раҳбарларнинг қилмишларидан етарли сабоқ чиқариш лозим.

Бош муҳаррир

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент селектори: Ш.Ғаниев, Ж.Артикходжаев ва «kun.uz» масаласи ёпилди(ми?)

3091 18:00 23.11.2019

Kun.uz  тўлиқ аудио ва стенаграммани қўйди: Артиқходжаев нима деганди ўзи?

927 14:18 19.11.2019
« Орқага