Тошкент вилоятининг сўлим гўшаларидан бири Сўқоқдаги «Кунгай» жоме масжиди янгитдан қад ростлади. Ушбу масжиднинг эски биноси 1880 йилда «Кунгай» маҳалласида бунёд қилинган. Масжид ва маҳалланинг «Кунгай» деб номланишига сабаб, асли маҳалла кунчиқар томонда бўлганлиги ҳамда масжидни ҳам маҳалланинг кунчиқар томонига қурилганлиги учун ҳам «Кунгай» деб номланган. Масжиднинг эски биноси яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги ва жойининг кичкиналиги учун «Кунгай» масжиди янги биноси Сўқоқ қишлоғининг бошқа жойида қад ростлади.
2019 йилнинг 29 июль куни масжидни қайта қуриш ишлари бошланган эди. Шу вақтда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби бўлган Раҳимберди домла Раҳмонов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Нурали домла Мавлонов масжид биносига илк ғиштни қўйиб берган. Лекин масжид қурилиши маблағ етишмаслиги сабабли орада бироз вақт тўхтаб қолади. Шундан сўнг кўплаб саховатпеша юртдошларимиз кўмагида масжид қурилиши 2022 йилнинг бошида ўз ниҳоясига етди. Кеча ушбу масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимдан сўнг ташриф буюрган меҳмонлар ва маҳаллий аҳолига дастурхон тузалиб, ош улашилди. Ээзгу тилаклар билдирилиб, хайрли дуолар қилинди.
Замонавий талабларга жавоб берувчи, намозхонларга ҳар томонлама қулай шароитларга эга бўлган масжид янги ажратилган ер майдонида қад ростлади. У асосий хонақоҳ, таҳоратхона, минора ва хизмат хоналаридан иборат. Масжид хонақоҳи 1500 минг кишига, таҳоратхонаси эса 35 ўринга мўлжалланган.