Таҳлил

Курдистон орзуси

1118

Туркия Сурияда ҳарбий операция бошлаганида ва ундан кейинги воқеаларда энг кўп тилга олинган масалалардан бири курдлар, тўғрироғи, курдларнинг қуролли гуруҳи бўлмиш YPG (“Халқ мудофаа отряди”) бўлди. Хўш, курдлар ким ва уларнинг мақсади нима? Мақолада ана шу саволга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Курдлар ҳинд-европа оиласига мансуб халқ бўлиб, уларнинг тарихий ватани Курдистондан фақатгина ном қолган, холос. Бу ҳудуд ҳозирги Ироқ, Сурия, Эрон ва Туркия бўйлаб чўзилиб кетган. Минтақада тахминан 30 миллион курд истиқомат қилади, лекин ҳозирда уларнинг мустақил давлати йўқ. Курдларнинг асосий қисми суннийлардир, айни пайтда бу халқнинг орасида шиалар ва язидийлар ҳам бор.

Мустақил Курдистон ҳақида орзу қилмайдиган курд бўлмаса керак. Ҳа, минтақадаги курдлар турли шеваларда гаплашади, лекин аксарининг нияти муштарак. 

ХХ аср бошларида Европанинг етакчи мамлакатлари усмонийлар салтанати ҳудудида курдлар учун алоҳида давлат барпо этишни режалаштирган эди, бироқ бу режалигича қолиб кетди. Туркия ва Суриядаги курдлар ҳам Ироқдаги миллатдошлари сингари автономияга эга бўлишни истайди. Бироқ айни пайтда бунинг иложи йўқ кўринади: Башар Асад курдларга автономия берилиши уруш туфайли ҳолдан тойган мамлакатнинг парчаланишига олиб келишидан қўрқади. Эронда ҳам курдларга эркинлик бериш масаласи кун тартибида эмас, чунки бу бир неча миллион озарига илҳом бериши тайин. Зеро, курдлар 1946 йилда эълон қилган ва ўша йилнинг январидан декабригача мавжуд бўлган Меҳобод Республикасини Теҳрон унутганича йўқ.

Минтақада энг кўп турклар айнан Туркияда яшайди. Аниқ рақам мажуд эмас, лекин Туркия аҳолисининг 15-23 фоизини курдлар ташкил этиши тахмин қилинади.

Курдлар – Анқара учун нозик масала. “Курдистон ишчи партияси” қирқ йилдан бери Туркия учун жиддий бош оғриғи бўлиб келмоқда. Бу биз билган сиёсий партия эмас, балки террорчи ташкилотдир. Унинг асосчиси, 70 ёшли Абдуллоҳ Ўжалон айни пайтда Туркияда умрбод қамоқ жазосини ўтаяпти. Аввалига марксизм-ленинизм мафкурасига асосланган “Курдистон ишчи партияси” кейинчалик демократик конфедерализмни маъқул кўрди. Унинг мақсади – Туркиянинг шарқий ва жануби-шарқий, Ироқнинг шимолий, Суриянинг шимоли-шарқий ва Эроннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида Курдистон давлатини барпо этишдир. Энг муҳим савол – қандай қилиб?

Туркия мисолида оладиган бўлсак, бу истакнинг амалга ошишидан ошмаслиги аниқ. Усмонийларнинг улкан салтанати парчаланишидан алам чеккан турклар ҳеч қачон бир қарич тупроғини бировга бериб қўймайди. Турклар ҳатто автономия масаласига ҳам тиш-тирноғи билан қарши, чунки бунинг охири минтақадаги бошқа курд ҳудудлари билан бирлашиш бўлишига ишонишади, бу эса Туркия ҳудудининг парчаланиши демакдир. Ўнлаб йиллардан бери Туркияга қарши қурол ва терактлар билан кураш олиб бораётган “Курдистон ишчи партияси” ҳалигача мақсадига эриша олгани йўқ. Бу кураш яна ўнлаб йиллар давом этиши мумкин, лекин худди ҳозирдек бесамар бўлаверади.

Ҳатто талотўплар туфайли заифлашган Ироқда ҳам курдларнинг ажралиб чиқишига йўл қўйишмоқчи эмас, марказий ҳукуматнинг жавоби битта: автономияга – майли, мустақилликка – қатъиян йўқ! 2017 йилнинг 25 сентябрида Ироқ Курдистонида ўтказилган референдумда овоз берувчиларнинг аксари мустақилликни маъқуллади. Ўша заҳоти Бағдод ҳудудни санкциялар билан қамал қилиб ташлади, санкцияларга Туркия ва Эрон ҳам қўшилди. Нефтга ва газга бой жойлардан ажралишни ким ҳам истайди дейсиз. Шундай қилиб, Ироқ Курдистонининг мустақиллик масаласини келажак учун сақлаб қўйишга тўғри келди. 

Сурияда эса курдлар ҳозирга келиб Башар Асад билан иложи борича яқинлашишга ҳаракат қиляпти. Чунки уларнинг бошқа чораси қолмади, ваҳоланки, урушдан олдин араб миллатчилиги мафкурасига асосланган тузум уларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб келган эди. Шунга қарамай, курдлар урушда ҳукуматга қарши чиқмади, айни пайтда уларнинг қуролли гуруҳлари Суриянинг шимоли-шарқида ўз назоратини кенгайтириб борди. Бу ишда YPG гуруҳи ва уни ўз ичига олган “Демократик сурия кучлари”га АҚШ ёрдам бериб келди, чунки америкаликлар Сурияда ИШИДга қарши курашда курдларни ўзининг ҳамкори деб эълон қилган эди. Шундоққина чегарасида курдлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши, албатта, Туркияга ёқмади. Қолаверса, Анқаранинг Сурия шимолидаги ҳарбий операцияси унинг хавотирларида асос борлигини кўрсатди: YPG ташлаб чиққан ҳудудларда Абдуллоҳ Ўжалан портретлари осилганиёқ унинг “Курдистон ишчи партияси”га алоқадорлигини кўрсатиб турибди. АҚШ президенти Дональд Трамп ё Туркияни, ёки YPGни танлаши керак эди. Унинг охирги қарорларидан кўриниб турибдики, бир вақтнинг ўзида уларнинг ҳар иккиласи билан ҳам алоқа қилиб бўлмаслигини ниҳоят тан олди. Зеро, АҚШга аслида курдлар эмас, ҳудуддан ўтиши режалаштирилган нефть йўлагининг назорати керак эди. Хуллас, курдлар Сурия ҳукумати билан яқинлашишга рози, Асад эса уларга автономия бермайди.

Кўриниб турганидек, вазият жуда чигал. Калаванинг учи қаердалигини ҳеч ким билмайди. Курдлар мустақил давлати бўлиши истайди, Туркия, Эрон, Сурия ва Ироқ эса бунга қарши. Минг йиллардан бери яшаб келаётган жойларини ташлаб, курдлар қаёққа ҳам бориши мумкин?.. “Курдистон ишчи партияси” сингари террор йўли билан эмас, сиёсий йўл билан ҳам кураш олиб борса бўлар дерсиз. Аммо Туркияда асосан курдлардан иборат “Халқларнинг демократия партияси”нинг ҳам аслида “Курдистон ишчи партияси” билан ҳамфикрлиги кўриниб қолаётгандек. Акс ҳолда теракт уюштирганларнинг жанозасида “Халқларнинг демократия партияси”дан сайланган депутатлар қатнашмаган бўларди-да. Бунга ўхшаш ҳолатлар умуман курдларга бўлган ишончнинг камайишидан бошқа нарсага хизмат қилмайди. Албатта, бутун бошли халқни ёмонотлиқ қилиш ниятида эмасмиз, курдларнинг орасида ҳам қон тўкилишига қаршилар кўпчиликни ташкил қилиш аниқ.

У ҳолда мустақиллик учун қай усулда кураш олиб бориш керак? Умуман, курашиш керакми ўзи?

Бу саволнинг жавобини фақатгина курдларнинг ўзи билади, чунки оқибатлар билан юзлашадиганлар уларнинг ўзидир.

Убайдуллоҳ Адҳамов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Суриялик курдлар бирдамликка чақирмоқда: «Биз шу юртнинг тенг ҳуқуқли фуқароларимиз»

669 19:00 19.10.2019

Сурия ҳукумати курдлар билан музокарани истамаяпти

668 15:00 11.10.2019

АҚШ Туркия ва курдлар ўртасида воситачи бўлмоқчи

530 14:05 11.10.2019

Курдлар авиазарбаларга жавоб сифатида Туркиянинг Нусайбин шаҳрини ўққа тутди

1235 12:05 10.10.2019
« Орқага