Таҳлил

Кушербаев кимнинг арпасини хом ўрди? Ёхуд миллатчилик ҳақида динимизнинг муносабати...

6297

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида бир жирканч мавзу айланиб, кўплаб юртдошларимизнинг таъбини хира қилмоқда. Бу таниқли депутат Расул Кушербаев ҳақидаги салбий фикрлар ва охир-оқибат эътиборни унинг миллатига қаратиш. Катта эҳтимол, мақсад шу баҳона доимо халқ тарафини олиб келган жонкуяр сиёсатчини руҳий синдириш десак, хато бўлмайди. Хайриятки, кўплаб зиёлилар, катта-кичик юртдошларимиз ижтимоий тармоқда мазкур фитнага дарҳол жавоб бердилар – Расулни қўллаб-қувватлаб пост қолдирдилар. Ўйлаймизки, фитначилар ўз муддаоларига эришолмадилар, аксинча, депутатнинг тарафдорлари кўпайса кўпайдики, асло озайгани йўқ. Асли халқнинг муҳаббатидан ортиқ бахт борми?

Хўш, муқаддас динимиз миллатчилик борасида нима дейди?

Абу Зарр Ғифорий деган машҳур саҳоба бўлганлар – Аллоҳ у кишидан рози бўлсин. Уламоларнинг таъкидлашларича, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ё тўртинчи, ё бешинчи бўлиб иймон келтирган ва буни Маккада ҳеч кимдан яширмаган буюк саҳобий. 

Абу Зарр розияллоҳу анҳу қора танли қул одам билан айтишиб қолдилар. (Баъзи ривоятларда, у кишининг ҳазрати Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу экани айтилади). Аччиқланган Абу Зарр: «Эй қора хотиннинг ўғли! деб юбордилар. Иккинчи томон бу гапда ирқчилик ва қулликда айблаш, деб тушунди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди.

Аллоҳнинг Расули бу ишда Абу Зарр розияллоҳу анҳуни айбдор деб топдилар. У кишини кўрганларида, қаттиқ хафа бўлдилар:

“Эй Абу Зарр, сенинг ичингда жоҳилият бор экан”, дедилар.

Яъни, “ҳали сенинг хулқингда жоҳилиятнинг унсурлари бор экан-ку”, дедилар.

Бу Абу Зарр Ғифорийдек одам учун қаттиқ айблов эди. У киши қилмишларига узр айтмоқчи бўлиб, у ҳам мени сўкканидан кейин унга ўша гапни айтишга мажбур бўлдим, деган маънода вазиятни тушунтирдилар – ўзларини оқладилар. Лекин Аллоҳнинг Расули унинг узрини қабул қилмадилар, яна аввалги айбловни такрорладилар.

Бу Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга қаттиқ таъсир қилди. У киши бориб ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг оёқлари остига, тупроққа юзларини қўйиб ётиб: “Ушбу қора оёқларинг билан юзимни босиб ўтмагунингча ўрнимдан турмайман”, дедилар.

Ва шу билан умрларининг охиригача ушбу ҳадисни ҳаммага айтиб, тушунтириб ва унга оғишмай амал қилиб ўтдилар.
 
Дарҳақиқат, Исломда инсон қадри, шаъни, ғурури қаттиқ эҳтиёт қилинади. Аллоҳ Қуръони каримда:

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!» (Нисо, 1) дея ҳамма одам бир ота-онадан тарқалганига, уларнинг асли-насли бир эканига ишора қилади. 

Савол: нега инсоният турли миллат қилиб яратилган? Одам қайси жиҳати билан бошқалардан устун бўлиши мумкин? Бу ҳақда ҳам Қуръонда мукаммал жавоб бор. Ҳужурот сурасининг 13-оятида Парвардигоримиз шундай марҳамат қилган:

«Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст, биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир».

Кушербаев нимадан хафа?

Расул Кушербаев: “Агар судья тўла очиқ ва мустақил бўлмас экан, коррупция авж олаверади”

Демак, Турли миллат, элат, ирқда яратилишимиз бу шунчаки тасодиф эмас, Холиқнинг ҳикмати, санъати экан. Оятга кўра, одам бир биридан миллати, ҳатто насл-насаби билан эмас, балки тақвоси билан – Аллоҳга ихлоси, итоати билан фарқланар экан. Аллоҳнинг наздида тақводор кишиларгина ҳурмату эъзоз топар экан.

Бақара сурасининг 83-оятида وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا, яъни “...одамларга ширинсўз бўлинг!” – деган. Эътибор беринг, мусулмонларга деб алоҳида ажратмаяпти, балки ОДАМларга деяпти. Бу инсонларни нафақат миллати, ҳатто динига ҳам қарамай яхши муомала қилинг, деб буюряпти.

Мақола сўнгида устозимиз Мубашшир Аҳмаднинг мазкур масала юзасидан билдирган фикрларини илова қилишни маъқул кўрдим. Уни хулоса ўрнида қабул қилишингиз мумкин:

“Расул Кушербаев билан бир-икки бор кўришганман, суҳбатлашганман. Миллат, халқ ва давлат учун ғамхўр ва фидойи инсон. Буни ҳамма билади. Шунинг учун жим тургандим.

Масала миллатчиликка қадар бориб тақалаётган экан, огоҳлантираман: Бу энг разил йўл, энг қалтис услуб. Бунинг охири ҳалокат. Ҳушёр бўлишимиз керак. Бир пайтлар Никита Макаренкога бўлган ноҳақликларда ҳам шунга ўхшаш фикр айтгандим.

Миллатпарварлик бошқа, миллатчилик бошқа. Биз миллатчиликка қаршимиз”.

Абдулазиз Муборак

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кушербаев нимадан хафа?

3897 15:28 12.05.2020

Депутат ички ишлар ходимларининг иши ҳақида фикр билдирди

2059 21:30 22.04.2020

Томорқадан унумли фойдаланиш керак, аммо... 

846 18:00 15.04.2020

Тўй ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйиладиган талабларга риоя этмаслик учун жавобгарлик белгиланмоқда

1085 22:30 24.02.2020

«Қонунга аввало амалдорлар итоат қилсин!»

789 18:40 18.02.2020
« Орқага