Кутилган жавоб: Исроил БМТнинг Ғазо бўйича ҳисоботини тан олмади

13:30 01.03.2019 966

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу унинг давлати БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши комиссияси томонидан тайёрланган ҳисоботни тан олмаслигини маълум қилди. Ҳисоботда Исроил ҳарбийларининг Ғазодаги ҳаракатлари ҳарбий жиноят ва инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоланишини мумкинлиги айтилган. 

“Яқин Шарқдаги ягона демократия ҳисобланувчи Исроилга нисбатан нафрати туфайли янги иккиюзламачилик ва ёлғон рекордларини ўрнатаётган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг ҳисоботини мутлақо рад этамиз”, – дея ёзди бош вазир Твиттерда. 

Унинг айтишича, “Исроил армияси фуқароларни Исроилни йўқ қилиш ниятида бўлган Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ХАМАС ва бошқа террорчи гуруҳларнинг ҳужумидан ҳимоя қиляпти”.  
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши тузган комиссиянинг пайшанба куни эълон қилинган ҳисоботида Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторидаги намойишлар чоғида 189 фаластинликни ўлдиргани ва 6100 нафардан зиёдини яралагани уруш жинояти ҳисобланиши мумкинлиги айтилган. Комиссия 2018 йилнинг 30 мартидан 31 декабрига бўлган ҳодисаларни ўрганиб, Исроил армияси снайперлари қуролсиз кишиларга ўқ узганини аниқлади. 

Фаластинликлар ўтган йилнинг 30 мартида “Буюк қайтиш марши” деб аталувчи намойишни бошлаган эди. Ҳар жума кунлари давом этган намойишларга Исроил ҳарбийлари қаттиқ қаршилик кўрсатди.

Намойишчилар 1948 йилда Исроил давлати ташкил топаётган пайт уйларини тарк этишга мажбур бўлган ёки уйларидан ҳайдалган фаластинликларнинг ўз ерларига қайтишини, шунингдек, Исроилдан Ғазо сектори қамалини тўхтатишини талаб қилди. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!