Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ла илаҳа иллаллоҳ, дея жон берди...

5298

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

"Зикрларнинг афзали - Ла илаҳа иллаллоҳдир", деб айтдилар.

Термизий ривояти. 

Аллома ибн Аллон Сиддиқий раҳимаҳуллоҳ айтади:  "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимаси зокир (зикр этувчи) нинг  қалбини ҳар қандайин разил васфлардан поклашда жуда ҳам қувватли таъсир этади. 

Бунинг сабаби эса "Ла илаҳа" калимаси барча ботил илоҳларни нафий-инкор қилади.  

"Иллаллоҳ" калимаси эса улуғлиги ҳар қандайин нолойиқ нарсалардан пок бўлган Ҳақ таолонигина ёлғиз илоҳ дея исбот этади. 

Ушбу муаззам калимани доимий тарзда зикр этиб юриш сабабли у зокирнинг тилидан қалбига ўтади.  Қалбига мустаҳкам ўрнашиб, уни нурли ва салоҳиятли этади.  Сўнгра эса ўз навбатида барча аъзоларни ҳам нурли ва салоҳиятли қилади. 

Мана шу сабабли мурид ва бошқалар "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини кўп ва доимий зикр қилишга буюрилади.

"Футуҳоту Раббония алал азкорин Нававийя".

Калима тоййиба  "Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ" мусулмонлар қалбидан жой олган тавҳид калимасидир.

Тасаввуф уламолари мана шу муаззам тавҳид калимасини энг манфаатли ва энг муносиб зикр дея билишган ва шогирдларга бу зикрни доимий вазифа ўлароқ белгилашган.

Бу зикр барча мусулмонларнинг  энг кўп ва доимий зикри бўлиши лозим.

Ким ҳаёти давомида ихлос билан доимий зикр ўлароқ "Ла илаҳа иллаллоҳ" ни айтиб юрса, Аллоҳ фазли буюк мақомларга ноил бўлади.

Бу муболаға эмас. 

Зотан, Ҳақ таоло каломида "Дарҳақиқат, Биз гўзал амал қилганларнинг ажрларини зое қилмасмиз", дея марҳамат этилган.

(Каҳф сураси, 30-оят).

Қайнотам Ҳамидуллоҳ ота вафот этди. Қачон зиёратига борсак, эътибор қилардим, қўлларида кичкинагина тасбеҳ бўлар, дарров чакмони чўнтагига солиб қўяр эди.

Дилкаш, ҳар соҳада ҳамсуҳбат бўла оладиган, юрт кезган инсон эди.

Бир кун ҳамқишлоқлари бўлган шарафли бир зот ҳақида айтиб бердилар:  "Ёшроқ вақтим, кўчада юрадиган давримиз, қишлоқдаги аҳли илм зотлардан бирини докторга олиб боришга тўғри келди. Машинамга солиб олиб бордим. Доктор аҳвол сўрагач, фонендоскоп (ички аъзоларни эштувчи асбоб) ни қўйиб эшита бошлади. Ҳар эшитганида ҳайрон қолаётгани, ажабланаётганини кўриб турибман. Доктор бошқача ҳолатда бўлиб қолди. Дори дармон ёзиб бергач, ҳайрлашаётиб:

- Сиз қолинг, деди.

- Ҳозир келаман, дея чиқиб беморни машинага жойлаб қайтиб кирдим.

Доктор:

- Бу инсон ким?, деди.

- Бу инсон жудаям ҳурматли, илмли ва шарафли инсон, тинчликми?

- Умрим бино бўлиб бунақа инсонни кўрмаганман. Баданини қаерига фонендоскоп қўйиб эшитсам, ўша жойидан "Аллоҳ, Аллоҳ" деган товуш эшитилаяпди...".

Қайнотам вафот қилган куни чакмони чўнтагидан ёндафтарча топдик. Ўғиллари ҳам кўрмаган экан. Ичига  "Ла илаҳа иллаллоҳ дея" дея айтган зикрлари саноғини ёзган экан. Тасаввуфда "таҳлил" деган зикр бор. Бу ўн марта "Ла илаҳа иллаллоҳ" деганди бир марта "Муҳаммадур Расуллуллоҳ", деб айтиладиган зикр бўлиб, етмиш мингга етганда битта таҳлил ҳисобланади.

Ана шу таҳлилдан ўттиз тўртта ёзилган, яна бир нечаларини кимларгадир савобини ҳадя қилиб, ўчириб қўйилганлари ҳам бор экан.

Ўттиз тўртта таҳлил бу (2 380 000) икки миллион уч юз саксон минг марта "Ла илаҳа иллаллоҳ" дея зикр қилинганидир.

Қайноғам бундай айтиб берди:

- Отам вафот қиладиган куни гоҳо ҳушини йўқотиб, гоҳо ўзига келиб ётди. Пешиндан бошлаб "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини такрор такрор айтаверди. Кечга тамон оғирлашиб қолди. Калима талқин (вафоти яқинлашган мусулмонга иймон билан кетиши учун айтиб турилади) қилишга ҳожат қолмади. Ўлимидан аввал уч марта "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ", деб айтиб кейин жон берди. Умуман қийин ҳолатга тушмади.

Ювишга ёрдамлашишга кирдим. Қайнотам гавдали, тўладан келган инсон эди. Аммо, енгил бўлиб қолибди. Қабр ковлаганлар ҳам жуда осонлик билан тез ковлашгани айтишди.

Аллоҳ таоло раҳматига буркасин!

Имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ айтади: "Ким Ла илаҳа иллаллоҳ калимасини доимий зикр қилса аввало тилига ўрнашиб, сўнгра эса тилидан қалбига кўчиб у ерда  мустаҳкам ўрнашади. Ўлим онлари чоғида бошидан хуши кетганида Аллоҳ инояти ила қалбида ўрнашган нарса тилига кўчади ва "Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ", дея калима талқин қилади".


Суннатуллоҳ  Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ғузорда нима гаплар? 

129 12:58 21.10.2020

“Нега қорига кўп пул берасиз?”

194 12:35 21.10.2020

Хитой Қирғизистонга қарз масаласида қатъий талаб қўйди, йўқса...

1428 11:41 21.10.2020

Ашараи мубашшара: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

114 11:35 21.10.2020

Шариат Кенгашларининг йиллик анжумани бўлиб ўтади. Онлайн...

154 10:30 21.10.2020

“Муҳаммад” исмини бетаҳорат айтмаган султон

481 10:04 21.10.2020
« Орқага