Хайрулло Ҳамидов шеъри: Лаганбардорлар (37-йил қўшиғи)

16:00 04.02.2018 5186

Қайгадир йўқолса софдил сардорлар,
Қўлингизда тайёр яп-янги дорлар.
Ўзбекнинг тарихин ўқиб йиғладим,
Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

Кўрсатмангиз билан Машраблар ўлди,
Бедилу Насимий ғамларга тўлди.
Бутун бир эл-улус қатағон бўлди,
Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

Фирдавсий боши хам хаёл сурганда,
Жим бўлар сиз билан бирга турганда.
Навоий ҳам титрар сизни кўрганда,
Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

Кулиб ўлдирасиз ёвларингизни,
Бешикаст очасиз ғовларингизни.
Одам билолмайди навларингизни,
Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

Изингиз кўринмас ҳаттоки чангда,
Жилолар сочасиз бунча кўп рангда?
Иштирок этмайсиз ўзингиз жангда...
Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

Ачиниш қаёқда кўздаги ёшга,
Бир хилда айёрсиз қарию ёшга.
Душман қилоласиз ойни қуёшга,
Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

Изингиз йўқ, ошкор бўлмайсиз ҳануз,
Илдизингиз муҳкам, сўлмайсиз ҳануз.
Ҳаммани ўлдириб, ўлмайсиз ҳануз,
Сиз бунча кучлисиз, лаганбардорлар?!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!