Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Либос турлари ва уларнинг ҳукми

1612

1. Либос ва хушбўйликлар билан ороланиш

2. Жарроҳлик амалиёти орқали қоматни чиройли қилиш

3. Қоматни гўзаллаштирувчи бошқа омиллар

Биринчи қисм: Кўркам либос ва поябзаллар  билан ясаниш

Ислом шариати инсонга муайян шакл ва фасонда бичимда кийиниб юришни фарз қилган эмас. Аммо, кийинишда амал қилиш лозим бўлган бир қанча шартларни қайд этиб қўйган.  Кийим-кечаклар кўриниши жойига, географик шароитига, яшаш тарзи, иқтисодий ҳолати, анъана ва маданияти, урф-одатига ва бошқа ташқи омилларга қараб турли кўринишда бўлади.[1]

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, кишининг либоси  унинг маданиятини кўрсатиб  туради.  Чунки кийим ташқи кўринишнинг  асоси бўлиб,  алоҳида ўринга эга. Ҳақиқатда, киши кийимни, аввало, сатри аврат мақсадида, иккинчидан иссиқ ва совуқдан сақла, учинчидан, ташқи кўриниши кўркам бўлиши мақсадида танлайди.[2]

Аёл ўз кийимни  либос кийиш фарз бўлгани учун  кияди.  Бундаги унинг асосий мақсади сатри авратда бўлиш, иффат ва Аллоҳнинг амрига бўйсуниш бўлмоғи  лозим.

Афсуски, бугунги кунда  кўпчилик аёлларимиз ушбу  покиза ниятни поймол этдилар. Уларнинг  бу қилмишларига зеб-зийнатга ўта берилиб кетишгани   биринчи сабабдир. Баъзилар пок ниятни босиб ўтиб, ундан анча узоқлашиб кетдилар.  Мана шу сабаблар  бизга аёлнинг либосига тааллуқли шаръий ҳукмлар ва либосининг кўриниши ҳақида маълумот беришга чорлади.

Либос  инсонга  авратини ёпиш, покдомонликни сақлаш, иссиқ ва совуқдан ҳимоя қилишда хизмат қилади. 

1 – Либос кийишдан биринчи мақсад – намозда авратларни ёпиш бўлиб,, бу вожиб зийнат ҳисобланди. Аллоҳ таоло: «Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф, 31) деб марҳамат қилган.

Зийнат либосининг шариатга киритилиши бу ибодат сабабидан бўлиб,,  намоз бусиз дуруст бўлмайди.  Намоз асносида ислом жорий қилган миқдор – бу аёл ва эркакларнинг аврат деб белгиланган аъзоларини тўсиқ.  Аёлнинг шариат айтиб ўтган аъзолари (қўл кафтлари ва юз)дан бошқа барча жойи авратдир.  Шунинг учун ҳам унга бутун танасини тўлиқ ёпиш вожибдир.[3]

Имом Молик ривоят қилган ҳадисда:  “Умму Салама  розияллоҳу анҳодан: “Аёл қандай либосда намоз ўқиши керак?”  деб сўралганда: “У рўмол, оёқнинг юзасини ёпадиган узун ва кенг кўйлакда намоз ўқийди”, деб жавоб бердилар.”[4]

Ушбу кўрсатмага биноан, аёлнинг намоз ўқиётганда кийиши лозим бўлган либос бутун танасини ўраб туриши лозим эканини тушуниш мумкин. Мана шундагина аёл Аллоҳнинг бу борадаги кўрсатмасини улуғлаган, унга бандалик қилиш шартларини мукаммал адо этган бўлади. Аллоҳ таоло Ҳаж сурасининг 32-оятида: “(Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур”, дейди.

Инсон на иссиққа ва на совуққа чидай олмайдиган қилиб яратилган.  Шунинг учун ҳам булардан сақланиш учун либосга эҳтиёжи баланд бўлади. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизлар учун Ўзи яратган нарсалардан соя-салқин жойлар (бунёд) этди ва сизлар учун тоғлардан ғор-бошпаналар қилди ҳамда сизлар учун иссиқ (совуқ)дан асрайдиган кийимлар ва сизларни (душманнинг) зиён етказишидан сақлайдиган совутлар (яратди). У зот шояд мусулмон бўларсизлар, деб сизларга Ўз неъматини мана шундай комил қилиб берур”, дейди (Наҳл, 82).

Демак кийим ҳам Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бўлиб,  иссиқ ва совуқдан жисмни ҳимоя қилади. Бу пахта, каноп, юнг каби кийиш ҳалол ҳисобланган матолардан бўлади.[5]

2 – Кийимдан кўзланган иккинчи мақсад – зийнат ва гўзалликдир. Бу нарса аёллар учун ҳалолдир. Чунки уларнинг ҳаммаси ҳам чиройли ҳолатда кўринишга ҳарис бўладилар. Гўзаллик ҳақидаги тушунчалар даврлар алмашиниши билан ўзгариб туриши мумкин. аммо уларнинг ҳаммасига сабаб битта – инсон табиатидаги чиройли кўринишга бўлган рағбат ва уни янада мукаммаллаштиришга уринишдир. Ислом ҳам бу инсоний эҳтиёжга қарши эмас, бироқ, аёлларни бад назарлар, бузуқ нафслардан ҳимоя қиладиган қоида ва меъёрлар асосида бўлишини талаб қилади. 

Безаниш ва гўзалликни рухсат этилган ўринларда кўрсатиш ҳам Аллоҳнинг неъматларидан биридир, хусусан, йиғинлар, зиёфат ва турли тадбирлада. Аёл учун мубоҳ қилинган зийнатлардан бири ипак-шоҳи либослардир. Бу йўсинда аёллар кийимларини эркакникидан фарқлаш  шариатимизда илоҳий ҳикмат ўлароқ жорий бўлган.

Аёл безаклар ва безанишга, ўз ҳусни жамоли билан фахрланишга қизиқувчан бўлиб яралган. Мана шу омил сабаб ҳар қандай безак шариат томонидан унга ҳалол қилинди.

3 – Кўркам либослар кийиб ясанишда кофирларга тақлид ёки уларнинг чақириқларига эргашиш нияти бўлмаслиги керак. Бундай мақсадда ясаниш макруҳ бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, ўшалардандир”, деган сўзларига кўра.

Жонли ҳайвонларнинг сурати туширилган либосларда намоз ўқиш макруҳ.

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Оишанинг бир чойшаби бўлиб, у билан уйининг бир тарафини тўсиб қўйган эрди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Уни кўзимдан йўқот, намоз ўқиётганимда суратлари кўз олдимдан кетмаяпти!» — дедилар».[6]

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозхонни  чалғитгани ва фикрини бўлиб қўйгани учун сурат бор жойда намоз ўқишдан қайтарганлар . Агар суратлар унинг эгнидаги либосида бўлса, макруҳлиги янада қаттиқроқ бўлиши турган гап.[7]

4 –Агар аёлнинг чиройли кийинишдан мақсади очиқ-сочиқ юриш, ўзини бошқаларга кўрсатиш ёки либосининг кўркамлиги учун гердайиш  бўлса, бу ҳаром ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исроф қилмай ва кибр-ҳавога берилмай енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар!»[8], дедилар.

 «Кимки кўйлагини такаббурона судраб юрса, Оллоҳ таоло қиёмат куни унга марҳамат назари бирлан қарамайди»[9], дедилар.

Ҳадисда айтилган гердайиш, кийими билан фахрланиш  ва исроф  хоҳ сўзда, хоҳ амалда бўлсин,  шариатда ҳаддан ошишдир.  Кийиниш борасида шариат қарши бўлган ҳар қандай ҳолат ҳаром деган ҳукмга киради.

 

Зебуннисо Қутбиддин қизи


[1] Mavdudiy “Mavqiful islom minal libos” 6 bet.

[2] Abu Shiqqa “Tahrirul mar’a” 4/27

[3] Ibn Rushd “Bidoyatul-mujtahid” 1/220. Navaviy “Al-majmu” 3/170. Ibn qudoma “Al-mug’niy” 1/602. Buhutiy “Kashshoful qino” 1/311

[4] “Sunani Abu Dovud” Libos kitobi. 2/343

[5] Ibn Kasiyr “Tafsiru Ibn Kasir” 2/340

[6] "Sahihul Buxoriy" Libos kitobi 5959. 4/70

[7] Ibn Hajar “Fathul Boriy” 10/405

[8] "Sahihul Buxoriy" Libos kitobi 4/36

[9] "Sahihul Buxoriy" Libos kitobi. 4/36 . 5783 hadis.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аёллар либосларининг шаръий белгилари

1942 22:55 06.06.2021
« Орқага