Ливия жамоатчилиги охирги икки ойда мамлакат ғарбида фаолият юритаётган ва Миллий бирлик ҳукуматига яқин мустақил қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар кучайганидан хавотирда.
Хусусан, июнь ойида Навасий гуруҳи билан “Барқарорликни қўллаб-қувватлаш” гуруҳи ўртасида тўқнашувлар бўлган. 21 июлга ўтар кечаси юз берган қарама-қаршилик чоғида 16 киши ҳалок бўлди, улар орасида тинч аҳоли ҳам бор.
Онадўли ахборот агентлиги ҳуқуқшунос ва фаол, Ливия уруши қурбонлари уюшмаси асосчиси Аҳмад ал-Убайшийдан вазиятга изоҳ беришни сўради.
Аҳмад ал-Убайший Триполидаги Айн Зара ҳудудида ал-Рада гуруҳи ва президент гвардиясини тузаётган кучлар ўртасидаги жанглар ҳақида гапирди. Унинг фикрича, содир бўлган воқеаларнинг бир қанча сабаблари бўлиши мумкин.
“Аммо ҳамма нарса олдиндан тайёрлангани кўриниб турибди ва натижада ал-Рада қўриқчилар назорати остидаги штабни эгаллаб олган”, – деди манба.
Аҳмад ал-Убайшийнинг қайд этишича, тўқнашувларда тинч аҳоли ҳам ҳалок бўлган.
“Тўқнашувлар узоқ вақт давом этган бўлса-да, Мисурата ва Зинтандаги кучларнинг аралашмаганини кўрдик. Ишончли манбалардан олган маълумотларга кўра, Туркия ва АҚШ охир-оқибат вазиятга аралашган", – деб давом этди у.
Фаолнинг фикрича, Ливия штаб бошлиғи Муҳаммад ал-Ҳаддод ва мамлакат шарқидаги қуролли тузилмалар бош штаб бошлиғи Абдуррозиқ ан-Назурий ўртасида 18 июль куни бўлиб ўтган учрашув воқеаларни гижгижлашда муҳим рол ўйнаган. “Суҳайрат келишувидан (2015 йилда Ливия бўйича тинчлик келишувлари) кейин юзага келган вазиятга ўхшаш вазият юзага келмаслигига умид қиламиз ва мамлакатда худди шу сценарий такрорланмайди”, – дея умид билдирди у.
Аҳмад ал-Убайшийнинг сўзларига кўра, Ливия Мудофаа вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги воқеаларга ўз вақтида аралашмагани ва зарур масъулиятни ўз зиммасига олмагани ажабланарли.
“Мудофаа вазирлигининг 444-бригадаси ҳам тўқнашувларни тўхтата олмади. Бундан ташқари, бу гуруҳ Ал-Рада тарафида эди”, – деди у.
Ал-Убайшийнинг қўшимча қилишича, Суҳайрат келишувида Триполидан оғир қуроллар ва қуролли гуруҳларни олиб чиқиб кетиш моддаси мавжуд.
“Биз вақти-вақти билан бир-бири билан тўқнаш келадиган қуролли гуруҳларни пойтахт ҳудудидан қўшинларини олиб чиқишга чақирамиз. Биз Триполида оғир қуроллар ва танкларни кўришни истамаймиз. Биз сиёсий фаоллар сифатида ҳеч бир томонни қўллаб-қувватламаймиз. Биз Триполида биринчи навбатда фуқаролар хавфсизлиги ва осойишталигидан манфаатдормиз. Жамоат хавфсизлиги – қизил чизиқ. Бу давлатнинг қуролли кучлари ёки ярим расмий кучлар бўладими, фуқароларнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги устувор ҳисобланади. Ҳодисаларда ҳалок бўлганлар орасида бола ва қария ҳам бор. Бу мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас”, – дея хулоса қилди у.