Лоқайдлик ва худбинлик

14:00 09.04.2019 586

Таассуфки, жамиятда “лоқайдлик” деган оғир бир дард, худди тузалмас бир хасталикдек илдиз отиб бораётганга ўхшайди. Орамизда, “Қўшнининг уйи ёниб кетса, менга нима, меники омон қолди-ку” дейдиганлар ҳам йўқ эмас.

Лоқайдликнинг энг ёмон кўриниши бекорчилик ёки ўзи севмаган машғулотни қилиш, ўзгаларнинг миннатли эҳсонларига кўз тикиб яшаш, ўзингизга ёки инсониятга фойда келтирмайдиган ишлар билан шуғулланишдир. Агар билсак, бу каби иллатлар ҳаётимизнинг маромини бузади, турмушимиздан файз ва баракани олиб қўяди.

Улуғ валийлардан бири Сирри Сақатий пиёда ҳажга кетаётганида, ҳамсафарлари унга: “Шайхимиз, умрингизда ҳеч хато қилганмисиз?” деб сўрашибди. Шайх Сирри бошини ерга эгган кўйи: “Эй қардошларим, бир хатойим борки, унинг оташи мана ўттиз йилдирки юрагимни ёндиради, ҳар эслаганимда қалбим ўртанади”, деб жавоб берибди. “У қандай мудҳиш хато эканки, сизни бунчалар қийноққа солган?”, деб сўрашибди ҳамроҳлар. Фазилатли Шайх бундай жавоб қилибди: “Ўттиз йил олдин Бағдодда ёнғин бўлди. Дўконим жойлашган  мавзе ҳам ёнғин балоси остида қолди. Ўша куни сафарда эдим. Хабарчилар, барча қўшниларимизнинг дўкони ёниб битгани ҳолда менинг дўконим оловдан омон қолганининг  хабарини беришди. Қувонганимдан, “Алҳамдулиллаҳ” дея Парвардигорга ҳамд айтдим. Аммо шу заҳотиёқ бошқа мусулмонларни унутиб, ёлғиз ўзимни ўйлаганим учун қаттиқ афсус қилдим. Дарҳол тавба қилиб, истиғфор айтдим. Каффорат бўлсин, деб дўконимдаги ҳамма молларимни садақа қилдим. Аммо...”

Лоқайдлик – худбинлик ва танбалликка яқин иллатдир. Ўзгалар ғам-ташвишига лоқайд одам фақат ўзинигина ўйлайди. Ундайлар, ўз роҳат-фароғати, манфаатини ҳамманикидан устун қўядиган ўта худбин кимсалардир. Худбинлик эса, меҳр-шафқат, одамийлик ва фидойиликнинг кушандасидир. Юкингизни кўтара олмай турганингизда индамай тескарига қараб кетган, машиналарини йўлнинг ўртасига тўхтатиб, ҳаракатга халақит берган ҳолда салом-алик қилишаётган, ғижиллашиб қолган икки кишини ажратиб, муросага келтириш ўрнига уни томошабир бўлишдан завқланган кишилар  ҳам учрайди. Ёки машина уриб кетган йўловчига ёрдам кўрсатишдан кўра ҳалокатга учраганларни телефонида суратга туширишни афзал билган кимсалар, жамиятдаги лоқайд ва худбинликнинг учига чиққан кўринишларидан бири десак мкболаға бўлмайди. Аллоҳ таоло бундай иллатларга дучор бўлишдан Ўзи асрасин!

Шу ўринда бир мулоҳаза қилиб кўрайлик, бизлар ўз ҳаётимизда ҳар доим ҳам кишиларга, яқинларимиз, дўсту биродарларимизга эътиборли бўла оляпмизми? Уларнинг ҳожатини чиқариб, ғам-ташвишларини енгиллаштиришга уриняпмизми? Ёрдам бериш қўлимиздан келмаган тақдирда, ҳеч бўлмаганида оғир пайтларида дуоларимизда бўлса ҳам Аллоҳдан офият сўрай оляпмизми?

Манбалар асосида тайёрланди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!