Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Лукашенконинг алжирашига нима сабаб бўляпти?

4557

Беларусь Республикаси президенти деб ҳисобланувчи Александр Лукашенко Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев билан учрашувда Россия ва Беларусь Иттифоқ давлатига келгусида собиқ СССР таркибига кирган бошқа республикалар ҳам қўшилишини урғилаб провокацион фикр билдирган. Жумладан у, “Ўйлашимча, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам иқтисодий заруриятдан келиб чиқиб, қўшилади. Арманистоннинг ҳам борадиган жойи йўқ”, деган.

Сайлов сохтакорлиги натижасида ўз ҳокимиятини сақлаб қолган ва халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми томонидан президент сифатида тан олинмаган Александр Лукашенко ҳар сафар йўл қўйган сиёсий хатоси ва жинояти сизиб чиқиб яшириб бўлмайдиган даражада анқиб бошлагандан кейин, бу сиёсий хато ва жиноятларни “бошқалар” билан баҳам кўриш истериясини кўрсатаётганини кузатишимиз мумкин.

Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай ҳукумат ва давлат раҳбари А.Лукашенко билан ҳаммаслак бўлиб кўриниш ёки ягона сиёсий кадрда акс этишни ўзига эп кўрмайди, чунки Европанинг охирги диктаторларидан бири сўнгги йилларда ҳокимиятни сақлаб қолиш учун халқига нисбатан амалга оширган мисли кўрилмаган даражадаги зулми билан Шимолий Корея лидерларини ҳам ортда қолдирди десак, ҳеч муболаға бўлмайди.

А.Лукашенко ўзининг бу баёнотлари билан “нима учун, Путиннинг сиёсий шериги бўлиб ҳамма жабр зулмини фақат мен тортишим керак, ҳокимиятга келишингиз ва унда мустаҳкам туришингизга ёрдам берган “раҳнамо”нинг жабрини сиз ҳам тортинг” демоқчи.

А.Лукашенконинг бугунги кунда ҳеч бир давлатга расмий ташриф билан бормаётганлиги унинг сиёсий лидер сифатида ўз аҳамиятини йўқотганини кўрсатади. У ҳозирда фақат Россия губернаторлари билан учрашадиган бир “губернатор” холос. 

Бундан ташқари, Россия Федерациясининг Украинага бостириб киришидаги асосий иттифоқчиси А.Лукашенко бошқарувидаги Беларусь ҳисобланади. Урушнинг чўзилиши ва Путин олдига қўйган вазифаларнинг кўкка совурилиши, шунингдек, урушда айбсиз ўлдирилган ҳар бир инсон Путинни бевосита, Лукашенкони эса билвосита “Буча процесси” деб номланган ва узоқ йиллар давомида тарихда қоладиган халқаро суд курсисига етаклайверади. Вазиятнинг бундай тус олиши диктаторни зўриқтиради ва алжирашига сабаб бўлади.

Россия агрессияси даврида сиёсий босиқлик ва мувозанатни сақлаётган ва шу билан бирга Россия таклиф қилаётган ҳар қандай иттифоққа аъзо бўлиш сиёсий суицид  эканлигини жуда яхши тушуниб турган Ўзбекистон ҳукуматидан бу масалада кескин жавобни кутиш керак эмас, лекин ватандошлик жамияти ва ОАВлари бунга изоҳ сўраши, Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчисини изоҳ беришга мажбур қилиши керак.

Ҳамид Содиқ,

Azon.uz сайтининг сиёсий таҳлилчиси.
 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бобурийлар ҳақида қисқача маълумот

29 20:05 02.10.2022

Қонунчилигида ўқитувчиларга бўлган имтиёзлар

55 19:50 02.10.2022

Шавкат Мирзиёев Индонезия ва АҚШ президентларига ҳамдардлик билдирди

98 19:30 02.10.2022

Қатар: Жаҳон чемпионати мухлислари учун қоидалар эълон қилинди

264 19:08 02.10.2022

Қирғизистон таълим вазири олган порани қайтариб берди

184 18:50 02.10.2022

«Бойларга солиқ солинг, камбағалларга ҳужум қилманг»

172 18:25 02.10.2022
« Орқага