Таҳлил

Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида Бухоро яҳудийлари Конгресси делегациясига «банкет» уюштириб берилди

3671

Ижтимоий тармоқларда 8 сентябрь куни Самарқанднинг Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида туғилган кун ёки тўй ўтказилгани ҳақидаги видео катта мунозараларга сабаб бўлмоқда.

“Тарихий обиданинг ичида бунақа “байрам” ўтказиш мумкинми? Ким бўлган тақдирда ҳам. Тадбир қиламан деса шаҳримизда муҳташам ресторанлар бор эди-ку?” деб савол бермоқда фойдаланувчилар.

Маълум бўлишича, Улуғбек мадрасасида ҳеч қанақа тўй ёки туғилган кун нишонланган эмас.

Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари И.Неъматовнинг 2019 йил 30 июлдаги хатида АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси раҳбари Борис Қандов бошчилигидаги делегациянинг юртимизга (80 нафар) 2019 йил 2–9 сентябрь кунлари “Зиёрат туризми” дастури асосида ташриф буюриши қайд этилган.

Дастур доирасида 8 сентябрь куни Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида “Ор Авнер” синагоги ва Самарқанд яҳудийлар бирлашмаси томонидан делегация аъзолари учун қабул ўтказилган.

Самарқандлик мустақил блогер Мирзо Субҳоновнинг ўз блогида маълум қилишича, Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов ушбу тадбирни ўтказишга ўзи рухсат берган бўлса-да, ҳокимлик айбни Ташқи ишлар вазирлигига ағдаришга ҳаракат қилмоқда. Гўёки, тадбир ТИВнинг 2019 йил 30 июлдаги хати асосида амалга оширилгандек. Ҳолбуки, ТИВ ўзининг юқоридаги хатида “Регистондаги банкет” деб номланган тадбир ва бошқаларни ўтказиш масаласини Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан “ваколат доирасида тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш” учун йўналтирган, холос.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоят ҳокимига номига Самарқанд яҳудийлари диний жамоати, “Ор Авнер” синагогаси номидан Самарқанд яҳудийлар жамоати раиси И.Муллажонов имзоси билан 19 августдаёқ келиб тушган мурожаатга вилоят ҳокими “Ташкиллаштирилсин” деган “виза” билан вилоят ҳокими ўринбосарлари Б.Нуруллаев, Р.Қобилов, вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармаси бошқарувчиси Б.Раҳматуллаев, маданият бошқармаси бошлиғи Х.Муҳаммадиев ва Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқуловга топшириқ берган.

Юқоридаги ҳолат бўйича, ҳозирча фақат “Миллий тикланиш” сиёсий партияси раиси Алишер Қодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали баёнот билан чиқди. Унда, жумладан шундай дейилади:

“Самарқанд шаҳри Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида ўтказилган тадбирни миллий, маданий меросимизга ҳурматсизлик сифатида баҳолаймиз.

Шу билан бирга қуйидагиларни эслатишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасига кўра “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”.

Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган маданий меросга оид халқаро ҳужжатлар талабларига барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, бошқа юридик шахслар ва фуқароларни қатъий амал қилишга чақирамиз“.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Самарқандда 8 ойида 350 нафардан зиёд чақалоқ вафот этган

395 13:35 09.10.2019

Туризм мавсумида «Регистон» мажмуаси ярим тунгача ишлайди

148 13:45 02.10.2019

Шифокорлар ўлди, деган чақалоқ тирик экан ёхуд Соғлиқни сақлаш вазирлиги эътиборига

2655 16:05 26.09.2019

«Samarkand Half Marathon» хайрия югуриш пойгаси бўлиб ўтади

152 12:05 21.09.2019

Самарқанддаги Имом Бухорий марказига ноёб китоблар келтирилди

465 19:35 17.09.2019
« Орқага