Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Маҳкум Акром Маликнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга байрам табриги

7876

Бизни Ислом-у иймонда яратган Аллоҳ таолога ададсиз ҳамдларимиз бўлсин!

Одамзодга Ислом ва иймон неъматини келтирган Расулуллоҳ Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруду саловатларимиз бўлсин!

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллигига 28 йил тўлиш арафасида бу юрт учун, халқ учун жони куядиган бир ўғлон сифатида Сизга ушбу байрам табригини йўлламоқдаман.

Мен 2016 йилнинг 22 июл кунидан буён қамоқдаман. Сиёсий айбловлар билан 26 ёшимда 6 йилга қамалдим. “Ичкари“ ўша пайтлар жаҳаннамни эслатар эди. Инсон зотидан бирор ҳимоячинг бўлиши мумкин эмас эди бу маконларда. Ҳар қандай инсон изтироб ва кўзёшлар ила: “Қамоқлар тириклар қабристони экан!“ – деб юборар эди. Тушкунлик тўла юраклардан ёруғ кунлар умиди шам каби ўчарди. Менда ҳам шундай бўлди. Қалбим зулматда қолди гўё.

Орадан бир йил ўтди. Ташқаридан кўнгилларга таскин берувчи муждалар кела бошлади. Биз маҳкумларда ҳам тирикликка, ҳаётга умид уйғона борди. Чунки Сиз бошлаган сиёсатнинг эпкинлари қамоқхоналарга ҳам кириб борган эди.

Жумладан, бирдан қамоқ милицияларида муомала ўзгарди, сиёсий-диний маҳкумлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб озодликка чиқа бошладилар. Калтакка узанган қўллар кесилди. Қамоқда ҳаммани зир титратиб: “Маҳкум одам эмас!“ – деган зотлар қўққисдан: “Маҳкум ҳам одам!“ – деб эълон қилдилар.

Бизлар бунга ишонайликми, йўқми дер эдик. Хушмуомала милицияга туш кўраётгандек боқардик. Телевизордаги гаплар амалда жорий бўляптими дер эдик пичирлаб.

Хайрият, шундай бўлиб чиқди! Туҳмат билан интизомий бўлинмага қамаш тўхтади. Эски жазолар бекор қилинди. Эндиликда бўҳтон айблар билан қамоқ муддатини узайтира олмай қолдилар.

Мен ҳам 2018 йилнинг сентябр ойида ёпиқ қамоқдан манзил-муассасага келдим. Жойнамоз устида кўзда ёш ила ибодатлар қилдим, соғинганим – Қуръони каримни кўзларимга суриб тиловатлар қилдим. Муассаса раҳбарияти ва ходимлари маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлашга қатъиян интилаётганларини кўрдим.

Рамазон рўзаларини тутдик, саҳарларда дуолар қилдик, бир пайтлар қамоқларда намозларимизни атайлаб бузар эдилар, оғзимизга мажбурлаб сув қуйиб рўзамизни очардилар, жаноб Президент!

Бу кунларни тушларда ҳам кўра олмасдик. Буни эски тузум қамоғида ўтирганлар яхши биладилар бошқалар билмаса ҳам. Мен буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг инояти, мусулмонларга келган офият деб билдим.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Аллоҳ таоло бу хайрларни, бу иноятни, бу офиятни Сизнинг қўлларингиз ила бизга тутдики, бу ҳеч ким инкор эта олмайдиган ҳақиқатдир.

Мамлакат сиёсатидаги либерал бошқарув, иқтисодий турғунликдан иқтисодий ҳаракатга эришиш жараёнидаги машаққатлар, ютуқ ва камчиликлар, жамиятнинг кундалик муаммолари доимий нормал ҳодисадир. Фикрий эркинлик ранг-баранг жараённи юзага келтиради. Мен бугун “ташқари“да қандай ислоҳотлар кечяпти, одамлар ўзини қандай ҳис қиляпти – буни билмайман, чунки уч йилки қамоқдаман. Лекин “ичкарида“ тикланган адолат ва йўқотилган зулм мисолида “ташқари“даги яхшиликларни тасаввур қилмоқдаман.

Мен бу ишларда адолатпарвар Инсоннинг қатъиятини кўрдим. Яъни бемалол, уялмай: “Қамоқларда инсоний муҳит пайдо бўлгани, маҳкумлар ҳақларининг тиклангани – Шавкат Мирзиёев сиёсатининг муҳим ғалабаси, юксак натижаси!“ – деб айта оламан.

Яқинда зулм қўрғони бўлмиш “Жаслиқ“нинг куни битирилди. Бу иш ҳам Сизнинг шижоатингиз ва халқпарварлигингиз меваси эканига ҳамма гувоҳ.

Амалга ошган бундай йирик ишлар ортимиздаги уч йилнинг юзини ёруғ қилиб турган бўлса, келажакда оламшумул лойиҳалар, янада хайрли ва залворли вазифалар кутмоқда, иншаа Аллоҳ.

Камина тез кунларда озодлик насиб этиб, бу шарафли ишларга ҳисса қўшишни Аллоҳдан дуо қилиб сўрамоқдаман.

Аллоҳ таоло Ўзбекистонимиз мустақиллигининг ҳар йилини, хусусан, йигирма саккизинчи йилини, Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, муборак – барокатли, файзу фазилатли қилсин!

Халқимизга Сиз бош бўлаётган бу йиллар ҳуррият ва эркинлик, барокат ва хайр йиллари бўлиб тарих саҳифаларидан жой олишига чин дилдан тилакдошман.

Эҳтиром ила маҳкум Акром Малик,
Тошкент вилоят Оҳангарон туман 48- манзил-муассаса маҳкумлари номидан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлайди

295 12:17 22.02.2021

Шавкат Мирзиёев: “Бугун оғир кунлар бўлсаям, Аллоҳ таолонинг ёруғ кунлари бор”

575 21:09 19.02.2021

Шавкат Мирзиёев: "Президент университетларига хориждан профессорлар  олиб келинади"

301 19:05 19.02.2021

Жазо кетидан жазо. Қонунчилик жараёни ОАВга нисбатан бирёқлама ишлаяпти(ми?)

595 16:37 19.02.2021

Шавкат Мирзиёев: "Вакцина сотиб олишда эҳтиёт бўлиш керак..."

658 12:14 19.02.2021

«Маҳалла раисларининг мажлисларда қатнашиши ман этилади» — Шавкат Мирзиёев 

568 11:09 19.02.2021
« Орқага