Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Маҳрга исломни олган саҳобия

1529

Абу Талҳа Умму Сулайм уйига келиб, киришга изн сўради. Остона ҳатлабоқ совчиликка келганини очиқ айтиб қўяқолди. Аёлнинг жавоби эса ажойиб бўлди:

– Сен сўзини ерда қолдириб бўлмайдиган одамсан, Абу Талҳа, аммо мен сенга турмушга чиқолмайман. Чунки имонга келмагансан…

Абу Талҳа "Бу аёл мендан ҳам бойроқ ва обрўлироқ бошқа одам топганга ўхшайди, шунинг учун буни баҳона қиляпти", деган хаёлга борди ва:

– Худо ҳақи, менга тегишингга тўсиқ бўлаётган нарса бу эмас, – деди.

– Унда нима экан? – қизиқсиниб сўради аёл.

– Сариқ ва оқ тошлар, яъни тилла ва кумушлар…

Бу сўзни эшитган аёл шундай деди:

- Огоҳ бўл, эй Абу Талҳа, Аллоҳни ва Унинг элчисини гувоҳликка келтириб айтаманки, агар Исломга кирсанг, ҳеч қандай тилла-кумушсиз сенга тегаман. Исломингни маҳр сифатида қабул қиламан.

Бу гапни эшитиб, Абу Талҳа ўйланиб қолди. Хаёли шу заҳоти қавмидаги бойлар одатига кўра қимматбаҳо ёғочдан ясалган бутига кетди. Ақлли аёл унинг кўп ўйлашига фурсат бермай темирни қизиғида босди:

– Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсанг ердан униб чиққан бир ёғоч эканини билмайсанми?

– Биламан, – жавоб берди Абу Талҳа.

–Сен дарахтнинг бир шохидан илоҳ ясаб, унга сиғиниб юрсанг-да, бошқа биров қолган шохларини қалаб овқат пишириб юрса… уят эмасми? Яна такрор айтаман, агар имонга келсанг, никоҳингга ўтаман, маҳрига Исломдан бошқа нарсани талаб қилмайман.

– Менга Исломни ким ўргатади?

– Мана мен ўргатаман… Олдин шаҳодат калимасини айтасан, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Унинг элчиси эканига гувоҳлик берасан. Кейин уйингдаги бутни синдириб, ахлатга ташлайсан. Абу Талҳанинг юзи ёришиб кетди ва аёл ортидан имон калимасини қайтарди: "Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ".

Сўнг Абу Талҳа розийаллоҳу анҳу ақлли саҳобия Умму Сулаймга уйланди. Ясриб аёллари анча вақтгача "Биз Абу Талҳанинг Умму Сулаймга берган маҳридан афзалини кўрмадик, унинг маҳри Ислом бўлди-я!" деб гапириб юришди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чеченистон: келиннинг маҳрини давлат тўлаб беради

1515 06:30 09.06.2020

Хотини юзини очмаслиги учун 500 динордан воз кечди, хотини эса...

3398 10:46 18.02.2020

Фирибгар келинлар соддадил куёвларни чув туширяпти

3797 16:20 20.01.2020

Суннатга мос маҳрнинг бугунги қиймати қанча?

6656 10:05 02.10.2019
« Орқага