Макка: муқаддас шаҳар фожиаси (фотожамланма)

13:13 13.08.2019 3966

Йигирма йил ичида барча қадимий иншоотлари йўқ қилинган, тарихий ва маданий мероси эса вайрон этилиб, уларнинг ўрнига “бетон қутилар” билан тўлдириб ташланган шаҳарни кўз олдингизга келтиринг. Ҳа, буни шаксиз фалокат деб таърифлаш мумкин. Айнан шу фалокат Макка шаҳри билан содир бўлди.

Чорак аср давомида Макканинг 95 фоиз тарихий ёдгорликлари йўқ қилинди. Исломий тарих шоҳидлари ҳисобланган қадимий иншоотлар, умавийлар, аббосийлар, фотимийлар, мамлуклар ва усмонийларнинг мероси бўлмиш ёдгорликлар ер юзидан супириб ташланди.

fikrikadim.com

Тарих дурдоналари ўрнига осмонўпар бинолар, ўта замонавий етти юлдузли меҳмонхоналар, бренд товарлар сотиладиган савдо марказлари барпо этилди. Ананавий шарқона шаҳар ўрнида Диснейленд ва Лас-Вегас симбиозини эслатадиган Америка модели асосидаги қандайдир мегаполис вужудга келди.

fikrikadim.com

Ўзгаришлар Масжидул ҳарам ҳудудини ҳам четлаб ўтмади. Унинг атрофида кўп қаватли автотураргоҳни эслатадиган тавоф қилиш иншооти барпо этилди. Энди Каъбанинг атрофини бир неча даражаларда тавоф қилиш мумкин. Мусулмонларнинг асосий ибодатгоҳини энди совуқ архитектурали баҳайбат осмонўпар меҳмонхоналар ўраб олган.

 fikrikadim.com

Бир неча юзлаб йиллик тарихга эга, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари (розиаллоҳу анҳум) қабрлари, қабристонлар, тарихий шахсларнинг уйлари, Ислом цивилизациясининг илк даврларида қурилган масжидлар ва мақбаралар энди йўқ, бу эса йўқотишларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Уларнинг қаторида Аллоҳнинг Расули саллолоҳу алайҳи васалламнинг туғилган уйлари ҳам бор.

fikrikadim.com

Шаҳарни замонавийлаштириш тарафдорларининг фикрича, бу янгиликлар Макканинг иқтисодини кўтариш, ҳаж ибодатини адо этишни енгиллатиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсади билан амалга оширилмоқда. Ўзгаришлар зарурий экан, уни тарих ва замонавийликнинг уйғунлиги асосида амалга ошириш мумкин эмасмиди? Мозий ва бугунги кун билан уйғунлашиб кетган шаҳарни яратишнинг наҳотки иложи бўлмаса?!

fikrikadim.com

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тарихий Маккани бузиш ишлари маънавий жоҳиллик натижаси эмас, балки бу ишлар аниқ йўналтирилган мафкура талаблари асосида амалга оширилмоқда. Ваҳобийлик мафкурасига асосланадиган ҳукумрон оила мазкур ишларни “кўп ҳудолик” ва “ширк” ка қарши кураш доирасида амалга оширмоқда. Уларнинг қарашлари бўйича тарихий обидалар, қабрлар ўзига хос “маъбуд”лар бўлиб, уларни йўқ қилиш хайрли ҳисобланади.

fikrikadim.com

Ҳа, тўғри ўқидингиз. Маккада тарихий аҳамиятга эга қабрлар ва масжидларнинг бўлиши хушланмайди, лекин Gucci, Dior, Burberry, Hugo Boss каби Ғарб брендлари ва Starbucks қаҳвахоналари айни муддаодир. Муқаддас шаҳар аста-секинлик билан “савдо ва истеъмолчилик” марказига айланиб бормоқда.

fikrikadim.com

Макка ҳеч қачон Қоҳира, Бағдод ёки Дамашқ каби Ислом цивилизациясининг интеллектуал ёки сиёсий марказларидан бири бўлган эмас. Лекин у ҳамиша ўзининг муқаддаслик мақомини сақлаб келган. Макка турли мамлкатлардан келган, турли мазҳабдаги ва тариқатлардаги мусулмонлар учрашадиган  ва илмий баҳсга киришадиган ўзига хос «мультимаданият» маркази эди. Маккани замонавийлаштириш айнан мана шу мультимаданият синтези ҳисобланмиш марказий шаҳарга аянчли зарба бўлди.

Манба: Исламосфера

Ҳамид СОДИҚ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!