Ислом

Маккаи мукаррамада Ўзбекистон руҳи

1781

Жидда шаҳрида истиқомат қилиб турганимда Маккаи Мукаррамага тез-тез бориб турардим. Танишлар келса, Маккага кўргани борардик. Ёдимда қолган ана шундай воқеалардан бирини сизлар билан бўлишгим келди.

Маълумки, муҳожирликда одам ватанини, қишлоғини соғинади. Ўз одамлари билан кўришгиси гаплашгиси келади. Ўтган йили Ўзбекистондан бир таниш умрага келган эди. Ўшани кўриш учун Маккаи Мукаррамадаги ўттиз қаватли "Аброж Кисваҳ" меҳмонхонасига бордим. Ушбу жой ниҳоятда катталиги учун Ўзбекистонликлар бир минорасида, 13-18-қаватларда жойлашибди.

Асрдан кейин кириб бордим. Ҳеч қандай қўриқчи йўқ, ўзбекчада "ошхона, масжид" ёзувли эълонлар ёпиштирилган. 13-қаватга кўтарилдим. Коридорда оқ дўппили ҳожиака Қўқон шевасида гаплашмоқда. Кейин биз билан қўқонча мулозамат билан сўрашиб, қизиқсиниб саволлар сўради.

Бир хонани тақиллатдим. 50 ёшлардаги ака очиб ичкарига таклиф қилди. 70, 80, 45 ёшлардаги умрачилар эндигина Ҳарами шарифдан келиб, ёнбошлаб телвизорда Қуръон каналидан жонли кўрсатадиган Ҳарам манзарасини томоша қилиб, гаплашиб ўтирган экан.

— Энди болаам, бу ерда бошқа қиладиган ишимиз йўқ. Ибодат қиламиз, еймиз, ичамиз, дам оламиз, — деб кулади нуроний отахон. Чиндан ҳам улардаги руҳий хотиржамлик, юзларидаги қониқишни, иймоний роҳатни кўриб дил яйрайди.

Ватандаги ўзгаришлар, қишлоқ ҳаёти, одамларнинг кундалик ғам-ташвишларидан суҳбатлашиб ўтирамиз.

Яна бир марта яқинлари номига умра бадал қилишганини, Оллоҳ қувват берса кетишдан олдин яна бир қилиб олмоқчилигини айтади.

— Қирғизистонлик ёш, бақувват йигитларни учратдик. Узоқроқ муддатга келишган экан, ҳар куни икки мартадан қилиб, шу кунгача эллик бешта умра қилибди, олтмиштага етказмоқчи экан, — дейди отахон ҳайратланиб.

Суҳбат деҳқон, фермерлар аҳволи, мардикор аёллар ва Россияга бурилади. Ватандошларим мияси руслаштирилган, Путинни ўз халқидан ҳам кўпроқ севувчи, Россия учун қайғирувчи миллатга айланиб қолганидан ёқамни ушлаб, "ё тавба"лашдан ўзимни аранг тутаман.

Ифторлик учун ошхонага тушдик. Ватандан келтирилган ошпазлар томонидан пиширилган олий нав таомлар, анвойи мева-сабзавотлардан тайёрланган салатлар, мева шарбатлари, сут-қатиқ маҳсулотлари, ширинликлар буфет шаклида тузалган. Ҳар ким кўнгли тусаганини патнисига солиб кетмоқда. Қўли ширин миллий ошпазлар тайёрлаган ушбу лаззатли таомларни тановул қиларканман, умранинг ярим пули шу овқатлардан чиқиб кетишини ўйладим.

Мароқли суҳбат асносида мириқиб овқатланиб, кейин шомни ўқишга турдик. Шундай мазмунли кунни берганига Оллоҳга ҳамд айтиб, зиёратчиларга ҳусни қабул тилаб, хайрлашдим. Кимдир Тошкентда ўт ёқса, ёқимли ҳиди Маккада туйилаётганидан дилим масрур эди.

Фазлиддин Мўминов

Манба: https://sof.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Қўшнимга беринг, у мендан кўра камбағалроқ...»

508 16:00 22.10.2019

«Уйини сотмасин, ўша пулни мен бераман»

1355 13:34 22.10.2019

«Жиннимисиз, меҳробда ҳеч қанақа байт йўқку?!»

838 22:00 21.10.2019

Шайтонни ҳаётингиздан узоқ тутинг

832 19:00 21.10.2019

Рашк таомга солинадиган тузга ўхшайди

569 18:00 21.10.2019

Ҳурматдан нафратга

766 16:00 21.10.2019
« Орқага