Мактаб формаси муҳокамага қўйилди: ўқувчилар мактабда бош кийимсиз юришлари лозим

19:26 17.06.2018 6704

12 июнь куни regulation.gov.uz порталига «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокама учун қўйилган.

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларига сифатли таълим-тарбия бериш, таълим муассасаларида ижтимоий тенглик тамойилларини шакллантириш, ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, уларнинг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, cаломатликларини муҳофаза қилиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, маънавий ва жисмоний соғлом авлодни камол топтириш қарорнинг асосий мақсадлари сифатида кўрсатилган.

Қарор низоми 5 боб 19 қисмдан иборат. Низомнинг 3-боби «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий мактаб формасини жорий этиш тартиби» ҳақида бўлиб, 9 қисмида «Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно», деб қайд этилган.

17 июнь санасига кўра 15 киши қарор ёқмаганини, 1 киши ёққанини билдирган.

Фуқаролар қарорга ўзларининг фикрларини билдириб ўтишган.

Жумладан, Мухамедов Жахонгир Джасурович «мактаб формаларини тайёрлаш ва жорий этишда ўқувчиларнинг диний эътиқодларини ҳам инобатга олиш лозим. Шу жумладан, мусулмон ўқувчиларга шариат талабларига мувофиқ мактаб формаси шакли (вариантларини) ҳам ишлаб чиқиш лозим», деб ёзган.

"9. Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно.

Мана шу банд нотўғри ва ноқонуний.

1. Президентимиз маактаб формаси ўзбек менталитетимизга мос бўлсин деганлар.

2. Ўзбек қизлари азалдан бош кийимда, яъни дўппи кийиб ёки рўмол ўраб юрганлар.

3. Бош кийимда юриш бу авваламбор гигиена, ҳар жойда соч толалари тўкилиб юришини олдини олади.

4. Бош кийими бу бошни шамолашдан, совуқдан сақлайди.

5. Бош кийим билан юришни хоҳлайдиганлар бош кийимда юрсин, хоҳламаганлар бош кийимсиз юраверсин. Жамиятда ғашлик келтириб чиқаришни нима кераги бор?

Умуман олганда бош кийимда мактабга боришни тақиқлаш ҳам инсон ҳуқуқларини бузиш, ҳам миллийлигимизга қарши бориш бўлади" (Мадаминов Азам Акмалович)

«Нега энди мени қизим мактабда бошяланг юриши керак? Бу ҳужжатнинг 9-бандини ишлаб чиққан одам фуқароларимизга, Президент сиёсатига, диний ва миллий қадриятларимизга тупурган шекилли. Бошяланг юриш хақидаги қисми олиб ташланишини талаб қиламан. Хоҳлаган бошяланг келиши мумкин, лекин хоҳлаган албатта рўмолда боришлари шарт» (Толаков Адхамжон Абдуҳалилович)

"Форма бўлгани яхши, ҳаммада бир хил кийим бўлса, бола бировдан ўзини устун кўрмайди. Лекин формани белгилашда миллий-диний қадриятларимиз ҳам эътиборга олиниши керак. Бутун мамлакат учун қарор чиқараётганда, жамиятнинг барча қатламлари қизиқишларини ҳамда қарорингизнинг келажакдаги оқибатларини ҳисобга олишингизни сўрайман. Ахир мустақил эркин демократик жамиятда яшаяпмизку, пастдаги бўлим умуман мантиққа тўғри келмайди.

«9. Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно.»

Ғарб мамлакатларида ҳам ўқувчиларнинг мактабга бош кийимда келишларига қаршилик қилинмайди. Биз эса 90 фоиз аҳолиси мусулмон юрт бўлсак." (Муратов Бобир Тулкинович)

"9. Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно.

Мазкур банди Конституцияга зид. Вояга етган муслима кизларнинг бош кийимсиз юриши эътиқодий жиҳатдан тўғри бўлмайди. Одатда бизнинг шароитда аёллар 10-11 ёшда Ислом дини нуқтаи назаридан тўлиқ вояга етади. Конституциянинг 29 моддасида, жумладан, эътиқод эркинлиги тўғрисида сўз боради. Демак, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз эътиқоди асосида яшашга ҳақли. Бунга зид келувчи ҳар қандай қонун қоидалар мутлақо асоссиз деб ҳисоблайман." (Юсуфжанов Рустамжон Абдукаххорович)

Қарор муҳокамаси 27 июнь куни якунига етади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!