Мактабда рўмол ўраган ҳолда таълим оламан!

16:00 06.03.2018 8895

Аллоҳим ўзинг бизга ирода, ғайрат ва кучли иймон ато қил!

Мен Саидрасулова Зилолахон Суннатилла қизи 2002 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топдим. Ҳозир 10-синф ўқувчисиман. 9-синфни аъло даражали шаҳодатномага битирдим. Туман фан олимпиадаларида қатнашиб, фахрли ўринларни олганман ва жамоат тадбирларида фаол иштирок этганман.

Мен 2018 йилнинг 1 март куни мактаб формасида (оқ кофта, қора юбка) рўмолда дарсга ўз вақтида, яъни 13:00 да бордим ва дарсга кирдим. Ўқувчиларни текшириш учун синф раҳбари ва мактаб маънавият ҳамда маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари келди. Дарс вақтида мактаб ходимларимиз рўмол ўраганим учун мени хонадан олиб чиқиб кетишди. “Дарс вақтида нима учун рўмол ўраб олдинг?” деб баланд овозда сўрашди ва мени хонага киргизиб юборишди. Бироз вақт ўтиб давомат текшируви келди. Хонамизга текширувчи комиссия билан мактабимиз директори ва мактаб ходимлари ҳам кирди.

Қўшни мактаб директори мени рўмол ўраб ўтирганимни кўриб: “Дарс вақтида рўмол ўраб ўтириш мумкин эмас-ку!” деди. Текширувчи ходим эса “Йўқ, ундай деманг, ўтираверсин” деб айтди. Дарс тугагандан сўнг уйга кетдим. Эртаси куни мактабга яна шу ҳолатда бордим. Эшикдан кираётганимда мактаб маънавиятчиси мактаб ҳудудида рўмолда кириш мумкин эмаслиги айтди. Табиийки, мен рўмолимни ечмайман дедим. У эса менинг дарсга киришимга рухсат бермади. Нима қилишни билмай онажонимга қўнғироқ қилдим ва шу заҳоти ота-онам мактабга етиб келишди. Ота-онамни директор хонасига олиб киришди.

Директор мактаб ҳудудида рўмол ўраш мумкин эмас деди. Улар директор олдидан чиқишгандан сўнг синф раҳбарим дарсга ҳозир рўмолсиз кирсин деди. Ота-онам эса рўмолсиз кирмайди дейишди. Рухсат беришмагандан сўнг уйга кетдик. Орадан 2 соат ўтгандан сўнг бизга маҳалла идорасидан қўнғироқ қилишди. Ойим билан мени маҳалла идорасига чақиришди. Маҳалла оқсоқоли ҳам дарсга рўмолсиз кирсин дейишди. Онажоним рўмолсиз кирмайди деди. Маҳалла раиси ишимизни кўриб чиқишга ваъда берди ва Мусулмонлар идорасига боришини айтди. Биз маҳалла идорасидан умидвор бўлиб қайтдик.

Эртаси куни ҳам мактабга онажоним билан рўмолда ва формада бордим. Яна директор ҳузурига кирдик ва доимдагидек рўмол билан кириш мумкинмаслигини ва Мусулмонлар идорасига боришганлигини таъкидлашди. Мен рўмолни ечмайман деб қайта қайта такрорладим ва рўмол билан дарсга қўймасликларини ёзма равишда ёзиб беришларини сўрадик. Улар бундан бош тортишди. “Сен рўмол ўрасанг бошқалар ҳам рўмол ўраймиз деб айтади”, дейишди ва суҳбат сўнггида Аллоҳ азза ва жалланинг ҳидояти ила орқадан рўмол ўрашга рухсат беришди. Аммо “Бошқа қизлар ҳам рўмол ўрайман деса, албатта сен ҳам РЎМОЛИНГНИ ЕЧАСАН”, дейишди...

Хаёлингизга бу қиз бошқалар рўмол ўраш истагини билдирмаслигини хоҳласа керак деган ўй келмасин. Мен юртимизда рўмол ўрайдиган қизлар қанча кўп бўлса, шунча хурсанд бўламан. Ва ҳаммамиз ҳам шу юрт фуқароси сифатида эмин-эркин мактабга боришни, рўмол ўраган ҳолда таълим олишимизни истайман.

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ.
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!