Таҳлил

Мактаблар олов остида ёхуд минглаб суриялик болалар таълим олиш имкониятидан маҳрум

891

Бутун дунё бўйлаб болалар янги ўқув йилини бошлаган бир вақтда Идлиб вилоятидаги болалар учун мактабга қатнаш ҳамон хатарли бўлиб қолмоқда.

Идлиб лагерларда яшаётган кўплаб болаларнинг бор билгани кўк ва оқ чодирлар, ёзда гармсел шамол, қишда эса совуқ кўлмаклардан иборат.

БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссариати маълумотига кўра, Идлибдаги оилалар кўп марта ўз яшаб турган ҳудудларини ташлаб, мамлакат бўйлаб бошқа жойга кўчишга мажбур бўлган. Ҳозирда бу каби оилалар сони қарийб 6,2 миллионни ташкил этади, уларда 2,5 миллион бола тарбияланмоқда.

Улар барча талотўплардан паноҳ излаб Идлибдаги лагерларга қочиб кета олди, холос. Аммо доимий таҳлика ёки Сурия армиясининг тажовузкорона ҳужумларидан қутулиш учун бу етарли эмас.

Суриялик ёш қиз бошқа болаларга Қуръонни ўқиб бермоқда

Мен Идлибнинг Атмеҳ лагеридаги бошланғич мактабга келганимда, бир ёш қиз қўлимдан тутиб мени четроққа тортдии ва Қуръон ўқишни бошлади. Атрофимизни тезда бошқа болалар ўраб олди.

Қизалоқ ўз маҳоратини намойиш этишни жудаям хоҳлаётганини сездим, мен ҳам уни жон қулоғим билан тингладим.

Нарироқда эса «Ҳаят таҳрир аш-Шом» жангчиси қўлида қурол билан совуқ қараш қилганча бизни кузатиб турди.

Мени ҳанузгача бир савол қийнайди: шундай оғир шароитларда яшаётган болаларнинг ҳаётда қандай имконлари бўлиши мумкин?

Бир томондан террор гуруҳи, бошқа томондан ҳалокатли маҳаллий режим сабаб бу болалар ўз болаликларини бой бермоқда. Жорий йилнинг апрелидан Суриядаги ҳукмрон режим камида 800 кишининг умрига зомин бўлган бомбардимонларни бошлади. Ҳалок бўлганларнинг тўртдан бир қисмини болалар ташкил этади.

Нишонда мактаблар

Кўпгина халқаро ёрдам агентликлари Суриядаги мактаблар мунтазам равишда ҳужумларнинг нишони бўлаётганини айтмоқда. Ҳаво ҳужумлари оқибатида энг кўп мактаблар зарар кўрган.

Бугун бутун дунё бўйлаб болалар янги ўқув йилини бошлаётган бир пайтда Идлиб мактабларига ҳужумлар авжига чиқмоқда.

Суриядаги аксарият мактаблар ҳаво ҳужумларидан сўнг тўлиқ ёки қисман вайрон бўлган

Яқинда уюштирилган бомбардимонлар натижасида хайрия ташкилотлари молиялаштирилаётган касалхоналар ва ёрдам муассасалари билан бир қаторда 55 мактабдан 4 таси харобага айланди.

«Бу каби тўқнашувлар ортиб боргани сайин болалар мактабларга бормай қўйяпти, – дейди Syria Relief  ташкилоти вакили Чарлз Лойли. – Ота-оналар фарзандларига зарар етишидан, ногаҳон бошланиб қоладиган ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлишидан қўрқиб ўқишга юбормайди. Муаллимлар ҳам айни шу сабабга кўра дарс ўтишдан бош тортмоқда. Таълим жиддий инқироз даврини бошидан кечирмоқда».

Жорий йилнинг январь ойидан бери БМТ Суриядаги мактабларга бўлган 87 ҳужумни тафтиш қилди. Фуқаролар уруши бошланганидан буён мамлакатдаги ҳар беш мактабнинг иккитаси бузилди ёки вайрон бўлиш арафасида турибди. Бунинг оқибатида мамлакат бўйлаб мактаб ёшидаги миллионлаб бола таълим олиш имкониятидан маҳрумлигича қолмоқда.

Халқаро гуманитар ҳуқуққа биноан мактабларни нишонга олиш уруш жинояти ҳисобланади.

Мактаблар ва касалхоналарни ҳимоя қилишда «келишмовчиликларни бартараф этиш» деб номланган жараён бор, унда мактаблар ва касалхоналар ўз ҳудудларини БМТ ёки халкаро режим билан бўлишади, яъни ўзларига тегишли жойда уларнинг ҳам жойлашишига рухсат беради. Улар эса ўз навбатида ушбу ҳудудлар ҳимояланиши учун Россия ва халқаро ташкилотларга маълумот тақдим этади. Аммо бу усул самара бермаяпти. Ўз ҳудудларини баҳам кўрган баъзи мактаб ва шифохоналар ҳам авиазарбаларга учраган.

Суриядаги бир таълим ходими «TRT World»га бу жараёнга бўлган ишончсизлик ҳақида гапирди:

«Биз ҳеч қачон «келишмовчиликларни бартараф этиш» жараёнидан фойдаланмадик ва фойдаланмаймиз ҳам, чунки ўз ҳудудимизда БМТ ёки бошқа халқаро ташкилотларнинг жойлашишига йўл қўйсак ва мактабимиз нишонга олинса, ён-атрофимиздаги ҳамма бизни хоин деб атайди. Биз алал-оқибат жойлашувимиз ҳақидаги маълумотларни тақдим этган бўлиб чиқамиз. Шу сабабли бизда бу усулдан ҳеч ким фойдаланмайди ҳисоб».

Мактаблар нишонга айланган экан, демак, ўз-ўзидан болалар ҳам ҳеч кимга мутлақо нафи йўқ сиёсий ўйинлар ҳосиласи – ҳужумларнинг тирик нишонига айланиб қолмоқда.

Суриядаги уруш ва инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши тўғрисида далилларни тўпловчи БМТнинг Суриядаги мустақил халқаро тергов комиссияси янги ҳисоботини эълон қилди. Унда айтилишича, сўнгги тўрт ой ичида Идлиб ва атрофдаги вилоятларда кўплаб мактаблар вайрон этилган.

Бу урушнинг болаларга қандай таъсир кўрсатаётгани маълум. Лагерларда жойлашган кундузги мактаблардан бирида бир қизнинг лабиринт ясаётганини кўриб ичим эзилди. Лабиринт артиллерия снарядлари билан чизилган эди… Шубҳасиз, мунғайиб турган кўзлар, қулоқларни беркитиб олиб ўзини ҳимоя этишга урунишлар, ҳар мотоцикл ёки самолёт овозидан даҳшатга тушишлар қадар ҳеч нарса бу бемаъни урушнинг болалар тақдири узра қолдираётган изини яхшироқ тушунтириб беролмайди.

Биз таълим олиш имкони бўлмаган болаларга нисбатан «йўқотилган авлод» атамасини қўллашга ўрганиб қолганмиз. Лекин аслида улар йўқотилган эмас, тузоқларга туширилган авлоддир. Бугун бу болаларнинг мактаблари фронтга, синфхоналари эса ҳужумлар объектига айланиб қолди…

Манба: TRT World

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Австрия сурияликлар учун 750 минг евро ажратади

138 20:00 23.10.2019

Сурияга қайтган оилалар яна Туркияга ўтиб кетмоқда

539 09:00 23.10.2019

Суриянинг Тел Абяд шаҳридаги портлашлар сабаб 3 нафар тинч аҳоли жароҳатланди

197 15:16 22.10.2019

Суриялик курдлар бирдамликка чақирмоқда: «Биз шу юртнинг тенг ҳуқуқли фуқароларимиз»

539 19:00 19.10.2019

Туркиядаги суриялик мухожирларга қараб ҳайрон қоламан...

1746 18:00 17.10.2019

Суриядаги тартибсизликликлар Обамадан қолган меросми?

551 14:00 16.10.2019
« Орқага