Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Мактабларда исломни ўргата бошласак, бошқа диндагилар эътироз билдириши мумкин»

4547

Бугун АОКАда «Халқ таълими малака ошириш тизими электронлаштирилиши, А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтининг Узлуксиз касбий таълим махсус электрон платформасининг ишга туширилиши» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу анжуманда Azon.uz мухбири сифатида биз ҳам иштирок этдик. 

Йиғилишда Халқ таълими вазирлиги вакилларига бир нечта саволлар бердик. Жумладан, «Бугунги кунда юртимиздаги кўплаб мактабларда ўқувчи қизларнинг рўмол ўраши муаммо бўлмоқда, бунга баъзи диний соҳада илми йўқ ўқитувчилар қаршилик билдиришмоқда. Шунинг учун ҳам республикамиз бўйлаб малака оширишга жалб қилинган мактаб раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларига малака ошириш давомида уларнинг диний илмини мустаҳкамлаш учун қандай имкониятлар яратилган?» мазмунидаги савол билан Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шарифходжаев Усмон Улфатовичга мурожаат қилдик.

«Малака оширишга келган ўқитувчилар платформасида белгиланган тартибда ўқитувчи учун керак бўладиган соҳаларда билим берилади, лекин буни ичида сиз айтган диний илм борми-йўқми, буни мен аниқ билмайман. Аммо малака оширишга жалб қилинган ўқитувчиларнинг ўз соҳасидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг ўзидан талаб бўлса, албатта, диний соҳада ҳам ўқув курслари қилиб берилади. Чунки барчага керакли бўладиган илмни олишда, ўқийман деган одамга ҳеч қандай қаршилик йўқ», — деб жавоб берди Усмон Улфатович.

А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Ражиев ҳам Усмон Улфатовичнинг сўзларини тасдиқлади ва биз улардан малака оширишга келган ўқитувчилар учун диний таълим келажакда бўлиш эҳтимоли ҳақида сўрадик. 

«Албатта, келажакда бўлишини ҳеч ким инкор этмайди. Араб тили, диний таълим ва бошқа мавзулар ҳақида гапиришга етиб борганимиз йўқ. Биз ҳали ишнинг бошида турибмиз. Ҳали қилинадиган ишлар кўп, аммо ҳеч ким диний таълим бўлишини инкор этмайди. Барча фанлар ва йўналишлар инобатга олинади. Бу ерда энг асосий масала долзарблигига қараб, шароитга кўра имкон қадар мақсадли ёндашишдир. Мана шу нуқтаи назардан шу тарзда жавоб беришни мен маъқул кўраман, акс ҳолда билмаган ҳолда қайсидир ташкилотни танқид қилиб қўйишим мумкин. Бизда қайсидир таълимни чегаралаш деган нарса йўқ. Янги малака ошириш тизимида имкон қадар шароитни кенгайтириб бермоқдамиз ва кенгайтиришда давом этамиз. Бу ишлар беш-ўн йиллаб давом эттирилиши лозим. Чунки йиллар давомида бу нарсага эътибор берилмай келинганидан муаммолар йиғилиб қолган. Ҳеч ким бу муаммо билан ишлаш учун ҳаракат қилмаган», – деб жавоб берди А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори.

Шунингдек, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари У. Шарифходжаевдан «Мактабларимизда диний таълимни йўлга қўйиш мумкинми? Бу борада Халқ таълими вазирлиги ташаббус билан чиқса бўладими?» деб сўрадик.

«Бу борада аввал аниқлик киритиб олишимиз лозим. Динни ўқитишми ёки дин ҳақида ўқитишми? Бунга тўхталадиган бўлсак, агар сиз динни ўқитишни назарда тутаётган бўлсангиз, бу мумкин эмас. Чунки виждон эркинлиги тўғрисидаги қонун бор, у ер таълим маскани диндан холис бўлиши эканлиги белгиланган. Яъни биз қайсидир динни ўқита олмаймиз, лекин болаларга динлар ҳақида умумий маълумот берилади. Агар биз мактабда фақат ислом динини ўргата бошласак, бунга 80 фоиз одам рози бўлган тақдирда ҳам, қолганлари биз бошқа динданмиз деб эътироз билдириши мумкин», – деди Усмон Шарифходжаев.                                                                                                                                              

 

Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яхшилик мактуби

905 11:50 24.04.2021

Диний идорадан расмий жавоб, заркентликлардан миннатдорчилик мактуби келди

1999 20:00 08.04.2021

Исроиллик амалдор: “Озарбайжон армиясига тезроқ ғалаба тилайман”

1225 09:40 15.10.2020

«Мактубот»дан мактублар

1310 19:00 26.08.2020

«Мактубот»дан мактублар

1719 17:20 22.08.2020
« Орқага