Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, 2022 йил 29 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов Малайзия туризм, санъат ва маданият вазири Ненси Шукри билан учрашган.
Томонлар Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масаласида фикр алмашди. Айниқса, икки давлат туристик компаниялари ўртасида туризм хизматларини оммалаштириш орқали тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, меҳмонхона бизнесини юритиш ва туристик объектлар менежменти масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, мусулмон туризми стандартларини ривожлантириш ва “зиёрат туризми” маҳсулотларини яратиш борасида тажриба алмашинувини ташкиллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга музокараларда томонларнинг ЮНЕСКО ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлиги масаласи ҳам кўриб чиқилди.