Малайзиядаги музей ва кутубхоналарда мовароуннаҳрлик алломаларнинг қўлёзма асарлари сақланмоқда

16:30 11.07.2018 140

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларининг Малайзия давлатига бўлган илмий сафари доирасида кўплаб юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий меросига оид нодир қўлёзма асарлар Малайзиянинг олийгоҳларидаги қўлёзма фондлари, тадқиқот марказлари, музей ва кутубхоналарида сақланиб келинаётганлиги аниқланди.

Жумладан, Малайзия ислом маданияти музейида ислом маданияти ва тарихига оид 15 мингдан зиёд диний-тарихий экспонатлар мавжуд. Музейда 3000 дан ортиқ китоблар бўлиб, улардан 1000 га яқини қўлёзмалардан иборат. Сақланаётган ноёб экспонатлар ичида Бухоро хаттотлик санъатига оид XVI-XVIII асрга тегишли бўлган 3 дона Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхалари ва XIV асрга тегишли Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” номли ва жанубий Африкадан келтирилган XVIII асрга тегишли “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Мунтажоб мин Саҳиҳ ал-Бухорий” номли ва унинг шарҳи “Фатҳ ал-Борий фи шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий” ҳамда 4 нусха Самарқанд ва Бухоро хаттотлик санъатига доир “Далоил ал-хайрот” номли тарихий қўлёзма асарлар сақланмоқда. Бундан ташқари, музейнинг марказ қисмида Ўзбекистондаги тарихий обидалардан Имом Бухорий масжиди (олдинги ҳолати) ва Гўри Амир мажмуаси, Бухородаги Масжиди Калон мажмуаси, Бибихоним масжидларининг макетлари ислом тарихий обидалари бўлимидан жой олган. Музей масъуллари билан мавжуд қўлёзмаларни тадқиқ қилишга ва улардан нусха олиш каби келгуси ишларда илмий-амалий ҳамкорлик қилишга келишилди.

Малайзия миллий кутубхонасида 5 миндан ортиқ қўлёзмалар мавжуд бўлиб, ундан 200 га яқин араб ва форс тилидаги қўлёзмалар борлиги ҳамда улар ичида “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Матни Самарқандий” ва Нақшбандия тариқатига оид 2 та қўлёзма борлиги маълум бўлди.

1-китоб: Кутубхонанинг қўлёзмалар бўлимида 253 саҳифадан иборат “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг иккинчи жузъи “Китаб вужуб аз-закот”дан бошланган қўлёзма №-mss/2246 рақам остида сақланмоқда. Мазкур қўлёзманинг охириги саҳифасида “Қод тамма ал-жузъус-саний мин Саҳиҳ ал-Бухорий алайҳи раҳмат ал-Борий” матнидан сўнг “1110 ҳижрий йил шаъбон ойининг 14 куни, муборак якшанба куни кўчириш ўз ниҳоясига етди” – деб ёзилган матн асар хаттоти томонидан қайд этилган. Қўлёзманинг нодирлиги унда ҳар хил нақш ва безаклар ҳамда ҳар хил рангдан фойдаланилган.

2-китоб: Али Абу Амр Абёрий томонидан 1265 ҳижрий, Рабиъул соний, якшанба куни ёзилган “Матни Самарқандий” номли қўлёзма асар. Мазкур қўлёзма кутубхонанинг № 982 рақам остида сақланмоқда. Асар мантиқ ва балоғат илмига оид бўлиб, мантиқ илмида машҳур асарлардан ҳисобланади. Унга кўплаб шарҳлар битилган. Қўлёзма тўлиқ матнга эга бўлиб, 23 саҳифадан иборат.

3-китоб: Сулаймон Зуҳдий Холидий ибн Ҳасан ибн Сулаймон ибн Маҳмуднинг Нақшбандия тариқати асоси ва қоидалари битилган қўлёзма нусхаси. Асар савол-жавоб асосда битилган ва тариқат йўналишидаги энг муҳим масалалрни қамраб олганлиги билан аҳамиятли. Асарда пир, муршид ҳукми, тариқатда рақс тушишнинг мазҳаблар наздидаги ҳукми ва бошқа масалалар кенг ёритилган. Бу рисола 1290 йил ҳижрий, муҳаррам ойида ёзилганлиги муаллиф томонидан ўз муҳри (Сулаймон Холидий Нақшбандий) билан қайд қилинган. Мазкур қўлёзма кутубхонанинг № 961 рақам остида сақланмоқда. Асарнинг тўлиқ матни сақланган бўлиб, 9 саҳифадан иборат.

4-китоб: “Кифоя фи тариқатил-Нақшбандия” номли қўлёзма асар №1005 рақам билан қайд этилган. Қўлёзмада Нақшбандия тариқатининг асосий қоидалари баён этилган.

Малайзия халқаро ислом университетининг “Саййид Муҳаммад Нақиб ал-Атлас” номли кутубхонаси 1989 йилда олим Саййид Муҳаммад Нақиб Атлас томонидан ташкил қилинган бўлиб, унда 58 887 араб, форс, туркий, инглиз, франсуз ва малай тилларидаги китоблар мавжуд. Улардан 3000 га яқин қўлёзма асарлар ва 10000 дан зиёд қўлёзмалар туширилган микрофильмлар сақланмоқда. Мазкур қўлёзмалар ичида 500 дан ортиқ мовароуннаҳрлик алломаларнинг нодир қўлёзма асарлари ҳисобланади.

Фондда энг қадимий ва ноёб қўлёзма асар сифатида хаттот Муҳаммад Хайриддин (ваф. ҳиж. 866) томонидан кўчирилган Қуръони Карим китоби қўлёзма нусхаси сақланади. Асарнинг ҳажми 30х70 бўлиб, ҳар бир саҳифада 12 қатор ёзилган ва бир қатор олтин суви ва бир қатор сиёҳ ишлатилган нодир қўлёзма ҳисобланади. Бу асар Самарқанддан келтирилган.

Шунингдек, мазкур фондда “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг XIII-XIV асрга оид қўлёзма нусхаси ҳам сақланади.

Мазкур ноёб қўлёзма асарларни ўрганиш ва уларнинг манзилларини аниқлаш юзасидан кўплаб тадқиқот ишлари олиб борилиши зарур бўлиб, бугун жаҳон қўлёзма фондларида алломаларимиз илмий меросига оид минглаб қўлёзма асарлар сақланмоқда ва албатта бу асарлар ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди.

Малайзияга амалга оширилган илмий сафар қўлёзмаларни ўрганиш ва уларни жамлаш бўйича Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: “Буюк аждодларимиз маънавий меросига оид, бир саҳифа ёзма маълумот бўлса ҳам уни ўрганамиз”, – деб таъкидлаган сўзига амалий жавоб бўлди.

Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан режалаштирилган асосий вазифалар ижроси амалга оширилиб, кўплаб илмий-тадқиқот марказлари билан алоқалар ўрнатилди ва мовароуннаҳрлик алломалар илмий меросини тадқиқ этиш юзасидан халқаро ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Матбуот хизмати

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!