Малайзиялик кeрамика буюмлари ишлаб чиқарувчилари билан келишувга эришилди

19:30 15.03.2019 456

2019-йилнинг 15-март куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси томонидан “ClayIndustries Sdn. Bhd.” компаниясининг бош менежери Ҳечти Онг билан музокаралар ўтказилди ва санитар-керамика буюмлари ва юқори сифатли чинни идишларини ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

1920-йилда асос солинган “ClayIndustries Sdn. Bhd.” компанияси санитар-керамика буюмлари, черепица ва чинни идишларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари Малайзия ва Буюк Британияда жойлашган. Компания ўз маҳсулотларини Европа ва Жануби-Шарқий Осиёдаги барча мамлакатларга экспорт қилади.

Учрашувда Малайзия компаниясининг мамлакатимиздаги ихтисослаштирилган кўргазма ва ярмаркаларда ўз маҳсулотлари билан иштирок этиши, шунингдек, бозорнинг маркетинг тадқиқотига асосланган ҳолда республикада экспортга йўналтирилган санитария-керамика буюмлари ва идишларни ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!