Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Малибуни тўхтатган ЙПХ ходимига «юқори»дан берилган буйруқ бўйича муносабат билдирилди

12043

Тошкент телеканали «Пойтахт йўллари» кўрсатуви орқали эфирга узатилган Олмалиқ шаҳрида ЙПХ инспектори билан бўлган воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеода қоидабузар Malibu’ни тўхтатган ЙПХ ходими рация орқали «юқоридан» келган буйруқ сабаб уни қўйиб юборгани акс этган эди.

Мазкур ҳолатни ўрганиб чиққан Тошкент вилояти ИИБ рация орқали боғланган 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди командири амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларини бузганлиги учун интизомий жазоланганини маълум қилди. Хабарда айтилишича, текширув давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлган.

Шунингдек, бошқарма матбуот котиби Бобур Тўлагановнинг маълум қилишича, алоқага чиқилган вақт инспектор ҳайдовчига нисбатан (электрон) жарима тузиб бўлган. Ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 125-моддаси 1-қисмга (хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан электрон шаклдаги баённома расмийлаштирилган.

Матбуот котиби бундай ҳолатда ходимнинг ишчанлик обрўси ҳамда шашти синишини таъкидлаган.

«Ҳолат юзасидан ёзилаётган изоҳларнинг асосий қисмини қўллаб-қувватлайман. Яъни қуйи тизимда, қуёш тиғида кун бўйи хизмат қилаётган инспектор қоида бузган ҳайдовчини тўхтатса-ю, у ҳозир сенга кўрсатаман, деб бошини баланд қилиб ўтирса. Кўп ўтмай инспекторга ‘юқоридан’ чиқиб, (қоидабузар) ‘ҳайдовчидан узр сўраб, қўйиб юбор. Оқ йўл тила’, дейилиши шу инспекторнинг шаштини, ишчанлик обрўсини ёинки ғурурини синдиради», — деган ИИББ матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, мазкур видеода жорий йилнинг 28 июл куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳудудида ўтказилган назорат-рейд тадбирлари давомида, М.Улуғбек кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.Исмоилов томонидан “OʼZTEMIRYOʼLMASHTAʼMIR” унитар корхонасига тегишли бўлган «Малибу» русумли автомобиль ҳайдовчиси ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмаганлиги сабабли тўхтатилган.

Хизмат вазифасини бажариб, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида ЙПХ инспекторига рация орқали алоқага чиқилган ва Malibu’ни қўйиб юбориш бўйича буйруқ берилган. Рацияда «Телефон қилишди, қанақа машинани ушлаб турибсан?.. Қўйиб юбор бўлди, кўп гапирмасдан. Яхши етиб олинг деб тушунтир», деган номаълум кишининг овози эшитилган. ЙПХ инспектори эса буйруқни бажарган ҳолда Malibu автомобилининг ҳаракатланишига рухсат берган.

Ушбу ҳолатга ижтимоий тармоқ ва жамоатчилик фаолларидан бири ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев муносабат билдириб, бу каби ҳолатлар сабаб кўплаб инсонларнинг ҳаёти хавф остида қолаётганини таъкидлаган.

«Ҳар йили йўлларда қоидабузарлар сабабли минглаб инсонлар ўлмоқда. Ва мана шунча инсоннинг ҳалок бўлишига шунақа ўзини қонундан устун деб биладиган ‘каттакон амалдорлар’ ҳамда ўзлари қонунларни оёқости қиладиган йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбарлари ҳам сабабчи. Ҳа, ҳа, ўлимларга айнан сизлар ҳам сабабчисизлар, виждонсизлар», — деган Х. Худойбердиев.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ID картага эга ҳайдовчилар ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим қилмаслиги мумкин

15914 12:30 19.05.2021

ЙПХ ходими бошқарган “Зил” ағдарилиб кетган

1165 19:00 27.01.2021

Аввал пул, кейин дуо сўраган "ГАИ"

27175 10:20 18.01.2021

Ҳайдовчи ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатда автомобиль кабинасидан чиқиши шартми?

2296 11:25 15.08.2020

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ЙПХ ходими томонидан олиб қўйилиши мумкинми?

1432 23:00 05.03.2020
« Орқага