“Манозир” ва Ғарб олимлари

12:25 16.08.2019 323

Юқорида айтганимиздек, Ибн Ҳайсамнинг оптикага оид баҳсларини Камолиддин Форисий қайта жонлантирган, “Танқихул Манозир лизавил ибсор ва басоир” китоби “Манозир”нинг шарҳидир. Европа шу китоб орқали Ибн Ҳайсамни таниди. Шарҳ қилиниб, Швейцариянинг Базел шаҳрида милодий 1572 йилда таржима чоп қилинади. Ундан аввалроқ Испанияда кремонлик Герард томонидан таржима қилинган эди.

Жон Бэкҳемнинг “Манзур” асари, Петлонинг 1270 йилда ёзган китоби ҳам Ибн Ҳайсамдан кўчирилиб, ўзлаштирилган.

Италян олими Герард “Манозир”ни лотин тилига таржима қилгач, Ғарб олимлари унга суяна бошлашди. Ҳозир ҳам Ватикан кутубхонасида унинг бир нусха сақланмоқда. Баъзилар ундаги фикрларни “ўзиники” қилиб олган. Масалан, XVII асрда яшаган немис математиги Иоганн Кеплер. Шунингдек, оптика олими Петло Булуни “Захира” китобида Ибн Ҳайсамнинг фикрларини ўз номидан эълон қилади. Лапорта шундай ёзади: “Петло Ҳозиндан (европаликлар Ибн Ҳайсамни шундай аташган) кўчиришда ҳам хато қилган. Ибн Ҳайсам оптикага Петло ва Кеплердан олдин асос солган. Лекин ҳанузгача таълим муассасаларида унинг номи рўйхатда учинчи бўлиб туради.

Инсофли ғарб олимларидан тарихчи Жорж Сартон шундай ёзган: “У буюк мусулмон физиги, барча асрларда оптика фани пешвоси ҳисобланади” (Жорж Сартон. “Муқаддима литарихил илм”).

Арнолд “Туросил илм” китобида “Оптика фани Ибн Ҳайсам сабабли чўққига чиққан”, дея эътироф этади.

Немис шарқшуноси МаксМайерҳоф Ибн Ҳайсамнинг илмий ишларига қойил қолади: “Яхшиям Ислом қуёши оптикани ёритган экан” (Туқон Қадрий. “Уламаул араб ва ма аътовҳу лилхазора”).

Британия маорифи Ибн Ҳайсамни Птолемейдан кейинги оптика фани раҳнамоси деб эълон қилди.

Сигрид Ҳунке айтади: “Ҳасан ибн Ҳайсам Ғарбга жуда катта таъсир ўтказган араб устозидир. Бу олимнинг илмга таъсири катта, унинг назариялари физика ва оптика фанларини бугунгача эгаллаб олган. Унинг “Манозир” китоби инглиз Рожер Бэконни ҳам, немис Петлони ҳам ортда қолдирган. Италян ихтирочиси Леонардо Да Винчи ўз ихтироларини араблардан таъсирланиб қилган. Уни Ибн Ҳайсам фикрлари илҳомлантирган. Кеплер XVI асрда Германияда Галелей қонунларини излар экан, кўз ўнгида Ибн Ҳайсам гавдаланарди, Ибн Ҳайсам ечган математика ва физика масалалари ҳануз “ҳайсамия масалалари” деб номланади” (Сигрид Ҳунке. “Шамсул араб тастаъу алал ғарб”).

Доктор Чарльз (асаб физиологияси асосчиси) “Манозир” китобини чуқур ўргангандан кейин шундай дейди: “Дарҳақиқат, бу улуғ инсоннинг илмий ишлари узоқ ўрганишга ҳақлидир, физика, математика, тиббиёт фанларида қилган ишлари таҳсинга сазовордир, унинг “идрок психологияси” назарияси келажакда катта илмга ва баҳсга мавзу бўлади” (Чарльз Грейси. “Ароу ибн Ҳайсам фил айни вал муххи ва истиябуҳа”).

Француз математиги Чарльз Оберлинг айтганди: “Ибн Ҳайсам баҳслари ёруғлик илмидаги асл манбамиздир” .

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!