Манқуртсимон авлод қандай қилиб етиштирилмоқда?

23:00 03.07.2019 1226

Инсон туғилади, боғчага боради, кейин мактаб, ундан сўнг касби бўйича ўқийди, кейин эса 40 йил ишлайди, мана шундан сўнг нафақага чиқиб ўз умрини поёнига етказади. Боғча болага у доим ўз тенгдошлари қуршовида бўлиши ва жамиятдан ажралиб қолмаслиги учун керак. Қишлоқда эса болалар шунчаки кўчада ўйнайди, самара эса ўша-ўша.

Шаҳарда ота-оналар кун бўйи ишда бўлганидан фарзандларига етарлича вақт ажрата олмайди, улар билан ўйнай олмайди. Ундан кейин мактаб даври бошланади, 9-11 йил бизни ўқиш, ёзиш ва ҳисоблашга ўргатишади. Лекин минг афсуски, шунча узоқ муддатга қарамасдан аксарият тарбияланувчилар мазкур уч кўникмани мукаммал даражада ўзлаштира олмайди. Мактаб ўқувчиларининг ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларидан хулоса қилинадиган бўлса, фақат айримларгина тўғри ёза олади, ҳисоблашга келсак ҳам – шундай.

Савол туғилади: Модомики аксарият 13 ни 25 га ҳаёлида кўпайтира олмас экан, унда мактаб ўқувчиларининг бошини алгебра ва кимё фанлари билан қотиришдан мақсад нима?

Мактабда болаларга ўргатиладиган асосий нарса – бу бўйсуниш, катталарга бўйсуниш, ўқитувчиларга бўйсуниш ва ҳоказо.

Ўқишни университетда давом эттириш эса – бу коррупсиявий жамиятда мустақил ҳаётга тайёргарлик демакдир. Жамиятки, бунда ҳар қандай тўғоноқларни пул ёрдамида олиб ташлаш мумкин. Албатта, олий таълимда сидқидилдан ўқийдиганлар ҳам бор. Лекин талабаларнинг аксарияти кайф-сафо, ичиш, чекиш ва тунни яхши ўтказишни асосий мақсад қилиб олишган. Китоб ўқиш эса – бу уларнинг фикрича “мода”дан қолган ва ҳеч кимга керак эмас, ахир барча масалалар пул билан ҳал бўлади-ку.

Мана, шундай қилиб, итоаткор манқуртлар эксплуатацияга тайёр. Итоаткорлик ва коррупция дастурлари ўрнатилган. Тағин манави дастурлар ҳам ўрнатиб қўйилган: “Ҳамма чекади – мен ҳам чекаман”, “Алкоголь – дўстимиз”, “Телевизор – энг яхши маслаҳатчи”, “Бугун ва ҳозир яшаб қол”. Тўғри, истисно ҳолатлар ҳам бор, лекин бу жуда кам учрайди.

Кейин-чи? Кейин эса 40 йил меҳнат қулчилиги. Бизнинг (Россиянинг – таржимон изоҳи) университетларни тугатган мутахассислар кимга керак? Аксарият ҳатто ўз мутахассислиги бўйича базавий билимларга ҳам эга эмас. Лекин меҳнат бозорига ҳеч кимга кераги йўқ товар ва хизматларни ўтириш учун сотиладиганлар оммаси зарур.

Суғурталар, сим-карталар, китоблар, дорилар, пардоз-андоз буюмлари, кредит карталари ва бошқа товар ва хизматлар. Буларнинг бари шунчаки сотиш учун керак, бунинг учун эса қандайдир билим ва тажрибага эга бўлишнинг кераги йўқ. Бир манқурт арзимаган пулга бошқа манқуртни “сохта зарурий” товарлар билан аҳмоқ қилади, бу пайтда эса у ўз хожасига миллионлаб фойда келтиради.

Лекин бизнинг энг асосий маслаҳатчимиз – телевизор. Айнан мазкур зомби қути бизга қандай яшаш (фильмлар, сериаллар, ток-шоулар), нима харид қилиш кераклигини (реклама), ҳозир нима мода эканлигини (“юлдузлар” тўғрисидаги кўрсатувлар) айтади.

Бизга ишратпараст ҳаёт тарзини, тартибсиз жинсий муносабатларни, “мода”га хос яшаш тарзини, чек-чегарасиз истеъмол қилишни мажбуран қабул қилдиради.

Буларнинг бари пул талаб қилади, бу пулларни топиш учун эса биз ўзимизнинг ҳақиқий эҳтиёжларимизни қондириш учун доимгидек ишлашимиздан ҳам кўпроқ ишлашимизга тўғри келади. Бир сўз билан айтганда, қулларча!

Бизга қимматбаҳо шампун ва тиш пасталарини, қиммат кир ювиш кукунлари ва пардоз-андоз буюмларини, қимматбаҳо техника ва кийим-кечакларни мажбуран қабул қилдиришади.

Манқурт эса буларнинг барига ишонган ҳолда реклама қилинган товарлар ортидан дўконма-дўкон чопқилайди, ўзини сериаллардагидек тутади, ўз “кумир”ларига ўхшашни орзу қилади.

Авваллари маданият – бу халқ артистларининг чиқиши, расмлар кўргазмаси, опера ва балет, шеърият ва наср эди. Ҳозир эса маданият – бу саҳнадаги ярим-яланғоч қизлар, ахлоқсизлик тарғиботи, “юлдуз”ларнинг охири кўринмас жанжаллари ва бошқа маънавий мажруҳликлар бўлиб қолди.

Агар манқуртдан нега чекиши ва ичиши ҳақида сўрасангиз (ахир бу зарарли-ку), у бунга обьектив бир сабаб топиши амри маҳол, негаки бундай сабабнинг ўзи йўқ. Нега манқурт янги техника ва брендлар ортидан қувади? Нега деганда, телевизорда бу мода ва бусиз яшаш имконсиз эканини айтишган. Аслида эса – бу шунчаки одамларни озодликдан маҳрум қилиш йўлида пул ва соғликларини тортиб олиш демакдир.

Агар одамлар ўз ақли билан ўйлай бошласа ва зомби дастурларни бажаришдан тўхтаса, ўшандагина дунё ўзгаради.

Мақола «Liberty Mind»дан Илдиз телеграм каналида таржима қилинди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!