Марбелья нафақат Коста-дел-Солда, балки бутун Испания бўйлаб энг замонавий курортга айланган қадимги Aндалусия шаҳридир. Бу ерда қадимги Рим давридан бери инсонлар яшагани тўғрисида маълумотлар бор. Марбелья шаҳри араблар ҳукмронлиги даврида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, идрисийлар, ҳаммудийлар ва маринийлар давлати таркибида бўлган. Бу ерда IХ-Х асрларда барпо этилган араб қалъаси қолдиқлари ҳам сақланиб қолган.
“Қирол Aбдулазиз” масжиди шаҳарнинг энг машҳур ва диққатга сазовор жойларидан биридир. У Марбелья марказидан 4 км узоқликда, шаҳарни Пуерто Банус билан боғлайдиган, энг машҳур яхталарга ва портларга эга соҳил бўйида жойлашган.
Масжид Марбелья маъмурияти ва Саудия Aрабистони қироллик оиласи ўртасидаги илиқ муносабатларининг ёрқин далилидир. Яқин муносабатларни биринчи бўлиб марҳум қирол Фаҳд ибн Aбдулазиз ўрнатган, Саудия қироллик оиласининг Марбельядаги қароргоҳи 20 гектар майдонни эгаллайди. Қирол Фаҳднинг ташрифи шаҳарга катта фойда келтирарди, шунинг учун унинг ўлимидан сўнг Марбелья мэри Марисол Жагуе уч кунлик мотам эълон қилди ва шаҳар кенгаши қирол Фаҳдни "Шаҳарнинг тутинган ўғли" деб эълон қилди.
Марбельядаги масжид қурилишининг ташаббускори Салмон ибн Aбдулазиз бўлиб, у қурилиш даврида шаҳзода мақомига эга эди. 1981 йил 31 июлда очилган бу масжид Испанияда Қурдоба халифалиги давридан бери барпо этилган биринчи масжид ҳисобланади.
Қурдоба меъмори Хуан Мора Урбанонинг бу меъморий асари ажойиб боғлар билан ўралган кичик тепаликда жойлашган бўлиб, мазкур масканнинг муҳити руҳий тинчланиш ва мулоҳаза юритиш учун қулайдир. Масжиднинг услуби Aндалусия ва араб элементларининг уйғунлиги билан тавсифланади. Масжид эгаллаган жой 10 500 квадрат метрни, биносининг ўзи эса 834 квадрат метрни ташкил қилади. Масжид диаметри 12 метр бўлган гумбазга эга, унинг атрофини 24 та витраж ойналар ёритиб туради. Масжид 800 киши ибодат қилиши учун мўлжалланган.
Масжиднинг асосий зали мўътадил ранглар билан безатилган, меҳробнинг иккала томонида табиий тош билан безатилган минбарлар жойлашган. Шифтда 500 кг оғирликдаги 130 та чироқли қадимий бронза қандил осилган.
Масжид аёлларга алоҳида хона ва имом истиқомат қилиши учун турар жой мавжуд.
Масжиднинг ажойиб кутубхонаси алоҳида таърифга лойиқдир. Унинг шарофати билан бугунги кунда масжид нафақат ибодат жойи, балки исломий тадқиқотлар марказидир. Кутубхона 225 квадрат метр майдонни ўз ичига олади ва ўттиз мингдан ортиқ китоб фондига эга, китоблар асосан ислом, Aндалусия араб адабиёти, Қурдоба халифалигидан кейинги тарих ва цивилизация мавзуларига бағишланган. Кутубхонада диплом ишлари ва диссертацияларни тайёрлаш учун маълумот излаётган кўплаб талабалар ва тадқиқотчиларни учратиш мумкин.
Манба: Исламосфера
Ҳамид Содиқ таржимаси