Таҳлил

Маърифат аждодларимизнинг биографиясида эмас, улар ёзган асарларда

938

Тарихий маълумотларни ўқисангиз, Ислом дини ва охират илмининг ҳар қандай йўналишларида Ўрта Осиёлик олимлар энг юксак чўққиларни эгаллаганини кўрасиз.

Ҳадис илми, Калом илми, ақида, фиқҳ ва ҳатто руҳий тарбиянинг шайхлари айнан бизнинг диёрдан етишиб чиққанлар.

Уларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўқисангиз, исломий мамлакатда бўлиб, ғайридинлар билан бирга бемалол, тинч-тотувликда, ўзаро тенг муносабатларда яшаганини, диний тортишувлари ўзаро суҳбатдан нарига ўтмаганини кўрасиз. Кўпчилиги ўзларининг гўзал хулқлари билан бошқаларни исломга киришига сабабчи бўлганини кўрасиз.

Яна шуни кўрасизки, турли гуруҳлар, файласувлар ва бошқалар томонидан исломнинг асосларига ҳужумлар кучайган давр айнан уларнинг замонига тўғри келади. Айнан тўқима ҳадислар авж олгани учун Имом ал Бухорийлар, Термизийлар чиқиб, жонга оро киришган.

Айнан ақида бузуқлиги чиққани учун Мотуридийлар ва Насафийлар чиққан, фиқҳ масаласида Марғинонийлар чиққан. Олимларнинг чиқишига диний ҳаёт гуллаб яшнагани, ҳамма мусулмон бўлиб, тинлик-фаровонликда яшагани эмас, балки зарурат, ислом ва унинг арконларини ёт ва бузғунчи ғоялардан сақлашга бўлган талаб бўлган.

Зотан, уларнинг ёзган асарлари ҳам, одатда, бузғунчи ғояларга қарши раддиялар, ёки асли қандай бўлиши кераклиги кўрсатувчи рисолалар бўлган.

"Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак" - дейилганда мана шу ҳолат назарда тутилган бўлиши керак.

Айнан мана шу сабабдан охирги йилларда ёт ғояларга қарши исломнинг маърифатпарвар ва тинчликсевар дин эканлигини кўрсатиш мақсадида аждодларимизнинг меросини ўрганишга талаб ортди.

Мероси деганда айнан илмий меросини ўрганишгина манфаат беришини эслатиб ўтиш керак. Университетда бир тадбирда қатнашганимда, бир фаол талаба чиқиб, "Биз имом ал-Бухорий авлодимиз деб чет элда мақтанамиз, лекин имом ал Бухорийнинг тўлиқ исмини бирортамиз билмаймиз. Шу залдагилардан ким билади? Қани айтингчи?!" деб ўзининг билими билан мақтанганди. Ўша бола, имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг, эҳтимол, биографиясини сув қилиб ичиб юборгандир. Аммо, ундан, Саҳиҳи Бухорийдаги биринчи ҳадис нима, десангиз, билмаслиги аниқ.

Маърифат аждодларимизнинг биографиясида эмас, улар ёзган асарларда жамланган.

Зарурат билан имом Насафий(лар) ҳақида интернетдан ўзбек тилида маълумот қидирдим. Афсуски, расмий ва норасмий сайтларимиздан бу улуғ зотларнинг биографиясидан бошқа тузук маълумот топа олмадим. Ваҳоланки, у кишиларнинг мероси Ислом оламида катта эътиборга эга. Шайх ҳазратларининг айтганларидек, Араб олами мадрасаларида энг кўп ўқиладиган тафсир, масалан, "Тафсири Насафи" бўлади.

Энди эса, уларнинг асарларини бемалол араб, турк, инглиз, урду тилларида интернетдан топишингиз мумкин.

Шу ўринда иккита савол туғилади:

1) Ўзбек ёшларининг имомларни қўйиб, интернетдан диний илм олиб кетаётганининг сабаби, балким диний илмнинг айнан бегона қўлларда "доступный" эканимасмикан?

2) Ҳар қандай "..изм", "..ийлик", "бе...лик" каби жоҳил иллатларга қарши қўлимизда, буюк аждодларимизнинг биорафиясидан бошқа яна қандай "маърифат"имиз бор?

Жаҳолатга қарши курашиш, ҳар жумада фалончиларни ёмонлаш эмас, балки бугунги олимларимиз томонидан аввалги улуғ ота-боболаримизнинг асарларидаги марърифатни ўзбек тилига таржима қилиб тарқатиш билан бўлади.

Шунча гапнинг қисқаси, "Ақида Насафия" ва "Тафсир Насафия"нинг ўзбекчасини қаердан топса бўлади.

Саид Комил

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қозоғистонлик уламонинг "салафийлар" билан баҳси (3-қисм)

541 21:30 15.07.2020

Ҳасан Басрий

682 20:30 13.07.2020

«Агар фалон ишни қилсам, кофир бўлай» дея қасам ичиш ҳукми

830 19:00 12.07.2020

Аломат феълли уламо хотини билан жанжаллашиб қолди...

1880 17:00 05.07.2020

Таниқли тожик уламоси ғурбатда вафот этди

3522 12:22 29.06.2020

Таъзия: покистонлик буюк уламо вафот этди

1151 09:50 25.06.2020
« Орқага